12 январь куни президент мамлакатга хорижий туристлар оқимини кескин ошириш ҳамда ички туризмни жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисидаги фармонни имзолади. Таҳририятда ҳужжат нусхаси мавжуд.

Фармонга кўра, туризм салоҳияти юқори туман ва шаҳарларда замонавий меҳмонхоналар ва майдони 5 минг квадрат метрдан ортиқ бўлган савдо-кўнгилочар мажмуаларидан иборат туризм марказлари қурилади.

Бундан ташқари, «Зомин» туристик-рекреацион зонаси, «Чимён» халқаро умуммавсумий курорти ва «Амирсой» тоғ-чанғи курорт зонаси ҳудудида бож олинмайдиган («duty free») ва йирик халқаро брендларнинг савдо дўконларидан иборат бўлган йирик савдо комплекслари (Luxury tourism village) очилади.

Туризм марказлари ҳудудидаги меҳмонхоналарда сузиш ҳавзалари, 24 соатлик ресторан ва кафелар бўлиши, соғломлаштириш ва SРА хизматлари кўрсатилиши кутилмоқда.

Савдо-кўнгилочар мажмуаларда ҳам «duty free» савдо дўконлари ва қўшилган қиймат солиғи билан сотилган айрим турдаги товарларга «tax free» тизими қўлланадиган чакана савдо шохобчалари очилади. Бундан ташқари, у ерда миллий ипак матолар ва ҳунармандчилик буюмлари савдоси йўлга қўйилади, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган заргарлик буюмлари ва оғирлиги 10 граммдан 1 килограммгача бўлган ўлчовли олтин қуймалари савдоси учун «олтин йўлак» ташкил этилади. Бундан ташқари, мажмуаларда йирик халқаро брендлар дўконларини очиш, тўй маросимлари учун ҳудуд ва кинотеатрлар фаолиятини йўлга қўйиш режалаштирилган.

1 октябргача туризм марказларининг мастер-режалари ишлаб чиқилади.

Туризм марказлари қуриладиган шаҳарлар ва туманлар

Туман (шаҳар) номи
Ҳудуд номи
1
Нукус
Қорақалпоғистон
2
Бухоро
Бухоро вилояти
3
Зомин тумани
Жиззах вилояти
4
Шаҳрисабз
Қашқадарё вилояти
5
Қарши
6
Самарқанд
Самарқанд вилояти
7
Самарқанд тумани
8
Термиз
Сурхондарё вилояти
9
Қўқон
Фарғона вилояти
10
Марғилон
11Хива
Хоразм вилояти
12Бўстонлиқ тумани
Тошкент вилояти

Туризм марказларини қуриш учун ер участкалари ҳудуди икки ой муддатда бош вазир Абдулла Арипов бошчилигидаги ишчи гуруҳ томонидан аниқланади. Ер белгиланган тартибда савдога чиқарилиши кутилмоқда.

Туризм марказларининг мастер-режаларини ишлаб чиқиш бўйича лойиҳалаштириш ва консалтинг компаниялари, маҳаллий ва хорижий экспертлар томонидан кўрсатиладиган хизматлар Экология вазирлиги ҳузуридаги Туризм қўмитасининг Туризмни қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан тўланади.