Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги илк бор «Технофест-2024» мудофаа саноати кўргазмасини ўтказади. Тадбир 2, 3 ва 4 май кунлари Тошкентдаги Ғалаба боғи мажмуасида бўлиб ўтади. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.

Кўргазмада замонавий технологиялар, металлургия ва кимё саноати ҳамда текстиль соҳасида икки мақсадга мўлжалланган (ҳарбий ва фуқаролик) ишлаб чиқарувчи завод, корхона ва ташкилотлар ўзларининг маҳсулотлари билан иштирок этиши кўзда тутилган.

Тақдимотда танлаб олинган энг яхши маҳсулот корхонаси истиқболда Мудофаа саноати агентлиги билан ҳамкорлик қилиш имкониятига эга бўлади.

Шунингдек, «Технофест-2024» доирасида иштирокчилар ўртасида робототехника, моделлаштириш технологиялари каби мусобақа ва танловлар ўтказилади. Ғолиблар Мудофаа вазирлиги ҳамда ҳамкор ташкилотлар томонидан тақдирланади.

Мудофаа вазирлиги Тошкент шаҳри аҳолиси ва меҳмонларини «Технофест-2024» кўргазмасига ташриф буюришга таклиф қилди.

Кўргазмада экспонент сифатида иштирок этиш истагида бўлганлар Мудофаа саноати агентлигининг 71−212−71−79 ва 90−954−87−95 телефон рақамлари ҳамда Telegram орқали боғланишлари мумкин.

Видео