2024 йил 8 апрель куни Тошкент шаҳар жиноят ишлари бўйича Чилонзор тумани судида шаҳвоний шилқимликда айбланган йигитга нисбатан суд ҳукми ўқилди. «Газета.uz» суд қарори ҳужжатини ўрганди.

Унга кўра, 2024 йил 1 апрель куни соат 14:10 ларда Тошкент шаҳри Чилонзор туманидаги метронинг «Чилонзор» йўналишидаги электропоезд вагони ичида 2003 йилда туғилган фуқаро А.Н, ўзига нотаниш бўлган аёлнинг бел ва танасининг бошқа қисмларини қўли билан ушлаган. Жабрланувчи суддан ҳуқуқбузар А.Н.га нисбатан оғирроқ жазо тайинлашни сўради.

Суд мажлисида сўралган ҳуқуқбузар А.Н. ўзининг юқорида кўрсатиб ўтилган ҳолатдаги айбига иқрорлигини, ҳақиқатдан ҳам аёлнинг белидан паст қисмини қўли билан ушлаганини, ҳозирда қилмишидан пушаймонлигини, бундан кейин бу каби ҳаракатларни содир этмаслигини билдириб, суддан енгиллик беришни сўради.

Суд томонидан А.Н. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 41−1-моддасининг 1-қисмида назарда тутилган (Шаҳвоний шилқимлик) ҳуқуқбузарликни содир қилган деб топилди ва унга нисбатан 5 (беш) сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.

Шунингдек, ҳуқуқбузар А.Н.дан Тошкент шаҳар ИИББ Махсус қабулхонаси фойдасига озиқ-овқат учун 255 000 сўм миқдоридаги пуллар ундирилиши белгиланди.