Саудия Арабистони расмийлари валиаҳд шаҳзода Муҳаммад бин Салмон ташаббуси билан амалга оширилган келажакдаги энг йирик шаҳарлар лойиҳаси Neom`га нисбатан кутилмаларини пасайтирди, деб ёзмоқда Bloomberg.

Neom — Саудия Арабистонининг шимоли-ғарбий қисмида қурилиши режалаштирилган 1,5 трлн долларлик футуристик мажмуа. У The Line шаҳри, Oxagon барқарор ишлаб чиқариш маркази, Trojena тоғ курорти ва Sindalah орол курортини ўз ичига олади.

Ар-Риёд 2030 йилга бориб улкан осмонўпар бинога жойлаштирилиши режалаштирилган 170 километрлик қурилаётган The Line шаҳрида 1,5 млн киши яшашига умид қилганди. Бироқ, Bloomberg манбасига кўра, энди расмийлар унинг сони 300 минг кишидан кам бўлишини кутмоқда.

The Line лойиҳаси. Фото: Neom.

The Line Қизил денгиз соҳилида жойлашган бўлиши айтилган. 2030 йилга бориб, 170 километрлик лойиҳанинг атиги 2,4 километри қурилиши кутилмоқда. Bloomberg маълумотларига кўра, пудратчилардан бири аллақачон участкада ёлланган ишчиларнинг бир қисмини ишдан бўшатишни бошлаган.

Агентлик манбаларининг таъкидлашича, Line учун сарф-харажатлар қиролликнинг суверен жамғармаси Neom`нинг 2024 йилги бюджетини ҳали тасдиқламагани сабабли камайтирилмоқда.

«Триллионлаб доллар сармоя киритишнинг молиявий воқелиги Саудия ҳукуматида энг юқори даражада хавотир уйғота бошлади, чунки у қироллик иқтисодиётини диверсификация қилишга қаратилган кенг кўламли ташаббус — Vision 2030 дастурини амалга оширишга ҳаракат қилмоқда», — деб ёзади Bloomberg.

Нашр суҳбатдошларининг таъкидлашича, Neom лойиҳасининг бошқа қисмлари устида иш давом этмоқда, бироқ Line`нинг умумий мақсадлари ўзгаришсиз қолмоқда. Шундай қилиб, Sindalah курорти жорий йилда очилиши кутилмоқда.

Bloomberg маълумотларига кўра, Neom`нинг ҳозиргача асосий муваффақияти яшил водород ишлаб чиқариш учун фойдаланиладиган қуёш ва шамол электр стансияларини қуриш бўйича қиймати 8 млрд доллардан ортиқ бўлган лойиҳани ишлаб чиқиш бўлди. Агентликнинг қайд этишича, Саудия Арабистони нефт сотишга қарамлигини камайтириш учун дунёдаги энг йирик водород ёқилғиси ишлаб чиқарувчилардан бирига айланишга интилмоқда.