Шавкат Мирзиёев 9 апрель куни Зарбдор туманида Жиззах вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари муҳокамасига бағишланган йиғилиш ўтказди.

Унинг сўзларига кўра, айрим туманларда аҳолини барқарор иш ва ойлик билан таъминлайдиган ўрта корхоналар кам. Вилоят саноатининг 80 фоизи 3 та тармоқ — автомобилсозлик, тўқимачилик ва қурилиш саноатига тўғри келади. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ҳажми ер майдонига тўғри келмайди ва бошқа ҳудудларга нисбатан икки баравар кам.

Давлат раҳбари Жиззах вилояти иқтисодиётини ривожлантириш бўйича қатор ташаббусларни эълон қилди.

жиззах вилояти, шавкат мирзиёев

У қишлоқ хўжалигида катта имкониятлар мавжудлигини таъкидлаб, экспорт учун маҳсулот етишмаслигини айтди. Шу боис хомашё харидини оширишнинг янги тизимини жорий этиш режалаштирилган.

Жумладан, томорқаларни ишга солиш бўйича 309 та маҳаллага лидер тадбиркор-экспортчилар бириктирилиши белгиланди. Банклар томорқада 50 миллион сўм даромад қиладиган молиявий пакет ишлаб чиқади.

Банклар лидер тадбиркорларга айланма учун 3 йил муддатга 1,5 миллиард сўмгача кредитлар ажратади, бюджет ҳисобидан агроном жалб қилиш, ўқитиш, маҳаллада йиғиш, сақлаш ва қуритиш пунктларини ташкил қилиш учун 1 миллиард сўмгача грантлар беради. Хонадонларга «Оилавий тадбиркорлик» дастуридан 33 миллион сўмдан, «Бизнесга биринчи қадам» дастуридан 17 миллион сўмдан кредит ажратади.

жиззах вилояти, шавкат мирзиёев

Туманларда биттадан яхлит контур танлаб олиниб, жами 500 гектар майдонда бир хил маҳсулот етиштириш йўлга қўйилади. Ҳосилдорлиги 16 центнердан паст бўлган унумдорлиги кам ерлар 50−100 гектардан йирик лот шаклида, қолгани 1−5 гектардан лотларга бўлиниб, мева-сабзавот экадиганларга таклиф қилинади.

Булар ҳисобига вилоятда мева-сабзавот етиштириш ҳажми икки йилда 3 миллион тоннага, кейинчалик 5 миллион тоннага олиб чиқилиши режа қилинган. Бу мос равишда қайта ишлаш ва экспортни ҳам 2−3 баробар ошириши кутилмоқда.

Президент касаначиликка асосланган асаларичиликни ривожлантириш имкониятларини таъкидлади. Масалан, ўрмон хўжалиги ерларига асалари қутиларини жойлаш орқали мингта оиланинг бандлигини таъминлаш, 50 миллиард сўм қўшимча даромад олиш, 2 миллион доллар экспортга чиқариш мумкин. Шу боис Зомин туманида асаларичилик маркази ташкил қилиш, қути ва жиҳозлар ишлаб чиқариш, асални қадоқлаб, экспортга юбориш вазифалари белгиланди.

Давлат раҳбари Янгиобод туманидаги лалми ерда оқ пиёз етиштириш, қуритиш, қадоқлаш ва музлатгичли омборхонани қамраб олган кластер ташкил қилиш таклифи қўллаб-қувватланди. Чорвачилик, балиқчилик ва иссиқхона хўжалиги учун қулайликлар ҳам айтиб ўтилди.

жиззах вилояти, шавкат мирзиёев

Жанубий Мирзачўл ва Туятортар каналларини бетонлаш, насослар ўрнатиш бўйича уч йиллик дастур қишлоқ хўжалиги имкониятларини кенгайтириши кутилмоқда.

Маълум қилинишича, хитойлик инвесторлар Жиззахда қурилиш материаллари, кимё, энергетика, электротехника, машинасозлик, тўқимачилик ва фармацевтика тармоқларида 4 миллиард долларлик 22 та лойиҳа таклифини билдирган. Уларнинг натижасида саноат 12 триллион сўмга ўсади, 250 миллион доллар экспорт имконияти яратилади.

Бунинг учун Зомин туманида саноат технопарки ташкил этилиб, 1 миллиард доллар хорижий инвестиция ҳисобига 50 та янги маҳсулот ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Зарбдор туманининг Шодлик маҳалласида «Жиззах» саноат зонаси филиали очилиб, 140 миллион долларлик 15 та йирик лойиҳа жойлаштирилади. Шароф Рашидов туманидаги бўш турган иншоотда саноат зонаси ташкил қилиниб, электротехника ва чарм саноати бўйича корхоналар ишга туширилади.

Шавкат Мирзиёев яқин уч йилда 1 миллиард долларлик инвестициялар ҳисобидан автомобиль ишлаб чиқариш қувватини яна 100 мингтага ошириб, 10 минг иш ўрни яратиш, маҳаллийлаштириш даражасини 50 фоизга етказиш вазифасини қўйди.

Пахта ва тўқимачилик саноатида умумий қиймати 220 миллион долларлик 29 та лойиҳани ишга тушириш режалаштирилган.

жиззах вилояти, шавкат мирзиёев

Электр жиҳозлари ишлаб чиқарувчи «Моно электрик» корхонаси касаначилик асосида кўзи ожиз инсонларни иш билан таъминлаш ташаббуси билан чиққан. Давлат раҳбари ушбу ташаббусни қўллаб-қувватлаб, бу борада Жиззах тажрибасини йўлга қўйиш, шундай касаначилик лойиҳаларини кўпайтириш зарурлигини таъкидлади.

10 та маданий мерос объекти учун «туризм ҳалқаси» ташкил этиш, уларга олиб борувчи йўлларни таъмирлаш бўйича кўрсатмалар берилди. Айдар-Арнасой кўллари тизимида туризм учун шароитлар яратиш бўйича ҳукумат комиссияси тузилди.

Йиғилишда уй-жой ва маҳалла инфратузилмасини яхшилаш масалалари ҳам муҳокама қилинди. Жорий йилда вилоятда 4500 хонадонли 118 та уй-жой қуриш режалаштирилган.

Президент Жиззах шаҳридаги талаб юқори бўлган ҳудудларда қўшимча уй-жойлар қуриш, перинатал марказ ва кўприкларни таъмирлаш бўйича топшириқлар берди.

Сентябрь ойидан Иржар — Дўстлик — Жиззах йўналишида тепловоз қатновини йўлга қўйиш режалаштирилган. Бу Шароф Рашидов, Пахтакор, Дўстлик ва Мирзачўл туманларидаги 450 минг аҳолини транспорт билан таъминлайди.

Умуман олганда, Жиззахда маҳаллалар, тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш ва грантлар бериш учун қўшимча 300 миллиард сўм ажратилади.