Тошкент шаҳрида «Сен дунёга кераксан» кўнгиллилар жамоаси Рамазон ойида «Йўлда ифторлик» акциясини ўтказди. 11 мартдан бошланган мазкур лойиҳада жамоа вакиллари пойтахтнинг турли нуқталаридаги тирбанд йўлларда юриб, рўза тутганларга ифторлик учун сув ва хурмо тарқатди. Жамоанинг «Газета.uz»га билдиришича, мазкур лойиҳа уч йилдан буён Рамазон ойида ўтказиб келинмоқда.
Бу йил акция давомида 21 мингдан зиёд рўзадорга сув ва хурмолар тарқатилди. Унда 100 га яқин волонтёр иштирок этди. Егуликлар учун маблағ жамоанинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида келтирилган банк карталарига ўтказилган эҳсонлар эвазига харид қилинди.
Бундан ташқари, «Йўлда ифторлик» лойиҳаси доирасида Тошкент вилояти Тошкент туманидаги кам таъминланган оилалар учун 100 кишилик ифтор дастурхони ёзилиб, 15 кг ош дамланди.
Шунингдек, мазкур ҳудуддаги оилаларнинг 20 нафар кичик ёшдаги фарзандларига велосипедлар ҳам тарқатилди.
«Сен дунёга кераксан» лойиҳаси ҳақида
Мазкур хайрия лойиҳаси 2019 йилда ташкил этилган бўлиб, Тошкент шаҳри ва Фарғона вилоятида фаолият юритади. Асосан, ёш волонтёрлардан иборат жамоа турли касб эгаларини бир нуқтага бирлаштирган. Жамоанинг Instagram саҳифасида 5 мингдан ортиқ обуначиси бор, Telegram`даги гуруҳида эса мингдан зиёд аъзоси мавжуд.
Кўнгилларнинг сўзларига кўра, улар ҳар 2−3 ойда Тошкент шаҳри ва вилоятидаги кам таъминланган, боқувчисини йўқотган оилаларга рўзғор маҳсулотлари тарқатади, йилда бир марта «Меҳрнинг бир куни» акцияси доирасида 20 нафар етим бола учун пойтахтга тур уюштиради. Шунингдек, ногиронлиги бор шахслар, ободонлаштириш ходимлари учун ҳам турли лойиҳаларни амалга оширади.
«Мазкур жамоа аъзосига айланганимга уч йил бўлди. Ўтган вақт давомида жамоамиз билан турли вазиятлардаги одамларга меҳр ва яхшилик улашдик, бу мен учун жуда аҳамиятли. „Сен дунёга кераксан“ — турли ёшдаги одамлардан иборат жамоа. Ҳар биримиз ҳар қандай ҳолатда ҳам кўмак кўрсатишга тайёрмиз. Исталган кўнгилли инсон сафимизга қўшилиши мумкин», — дейди жамоанинг фаол аъзоларидан бири Севара Мирзарахимова.