4 апрель куни Тошкент шаҳри Яшнобод туманида 2-сонли автобус эшикка қисилиб қолган йўловчини судраб кетди, дея хабар бермоқда «Тошшаҳартрансхизмат» компанияси матбуот хизмати.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеода ҳайдовчи 145-мактаб ёнидаги бекатда тўхтаб, йўловчиларни туширгани ва ҳаракатда давом этгани, бироқ эшиклар ёпилаётганида автобуснинг орқа эшигидан тушаётган ёши катта йўловчи қисилиб қолганини кўриш мумкин.

Ҳайдовчи эса буни пайқамаган. Оқибатда автобус эркакни қўли қисилган ҳолда 3−5 сония судраб кетган.

«Ҳаракатимни тўхтатиб, олдиларига борганимда узримни сўрадим. Вазиятни тушунтирганимда, „Болам, сен кетавер, менинг ўзимдан ҳам хато бўлди“, деганларидан кейин йўналишимни яна давом эттирдим. Бошқа ҳайдовчилардан зийракликларини оширишларини сўраб қоламан», — деди ҳайдовчи.

Автобус саройи вакилининг маълум қилишича, 2-сонли автобус ҳайдовчиси Ш.Қ.нинг қилган ҳаракати учун у билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинган.