8 апрель куни Шавкат Мирзиёев Жиззах вилояти Шароф Рашидов туманида қурилаётган «Янги Ўзбекистон» массивини бориб кўрди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди. Бу массивга тамал тоши 2022 йил апрель ойида қўйилганди.

Матбуот хизмати хабарига кўра, «вилоятда илгари ҳеч бундай кенг кўламли қурилишлар бўлмаган». Сўнгги йилларда ўнлаб заводлар ишга туширилган, янги саноат тармоқлари пайдо бўлган, шунингдек, ижтимоий инфратузилма ҳам барпо этилмоқда.

жиззах, шароф рашидов тумани, “янги ўзбекистон” массиви

Шароф Рашидов туманининг мазкур ҳудудидаги 140 гектарли майдонда қурилиш кетмоқда. Лойиҳа уч босқичли бўлиб, 3936 хонадонли 105 та кўп қаватли уй барпо этилиши режалаштирилган. Уйлар 9, 12 ва 16 қаватли бўлиб, бу ҳам Жиззах шароитида янгилик ҳисобланади.

жиззах, шароф рашидов тумани, “янги ўзбекистон” массиви

жиззах, шароф рашидов тумани, “янги ўзбекистон” массиви

Айни пайтда биринчи босқич доирасида 204 хонадонли 4 та кўп қаватли уй, марказий қозонхона, шоурум ва ички йўллар қурилган. Яна 16 та турар жой, мактаб ва мактабгача таълим муассасаси, савдо маркази бунёд этилади. «Инно техно парк» аҳолини иш билан таъминлашда қўл келади.

Иккинчи босқич 2026, учинчиси 2028 йилларга режа қилинган. Бунда уйлардан ташқари маҳалла маркази, поликлиника, масжид, меҳмонхона, болалар ва спорт ўйингоҳлари, «Янги Ўзбекистон» боғи барпо этилади. Бўш майдонларга ҳам дарахтлар экилиб, хиёбонга айлантирилади.

Давлат раҳбари бу йил режалаштирилганига қўшимча уйлар қуриб, имтиёзли ипотека кредитлари орқали аҳолига харид имкониятини яратиш бўйича кўрсатма берди. Шунга мутаносиб равишда инфратузилма тармоқлари, мактаб, болалар боғчаси каби ижтимоий муассасалар қурилишини жадаллаштириш, савдо ва хизматларни, жумладан, йўл бўйида умумий овқатланиш шохобчаларини ташкил этиш муҳимлигини таъкидлади.

жиззах, шароф рашидов тумани, “янги ўзбекистон” массиви

Маълумот учун, Жиззах вилоятида учта шундай массив барпо этилмоқда. Уларда 4700 хонадонга эга 156 та кўп қаватли уй қурилади. Аҳоли барча ижтимоий хизматлар билан таъминланади.

«Янги Ўзбекистон» массивлари қуриш ҳаракати президентнинг 2021 йил 9 декабрдаги фармонига мувофиқ бошланган. Умуман, мамлакатда 53 та массивда қурилиш ишлари олиб борилмоқда. Бугунги кунда 14 400 та хонадонли 409 та кўп қаватли уй фойдаланишга топширилган. 2024 йилда бундай массивларда 31 447 та хонадондан иборат 767 та турар жой қурилиши белгиланган.