Ўзбекистонда душанба куни кундузи республика ҳудудининг катта қисмида қуруқ ва жуда илиқ об-ҳаво сақланиб туради, ҳарорат +22…+27, жанубда 30 даражагача илиқ бўлади, дея хабар бермоқда Ўзгидромет хизмати агентлиги.

Фақат Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм вилоятида ва Навоий вилояти шимолида баъзи жойларда бироз ёмғир ёғиши мумкин.

9 апрель куни Тошкент, Самарқанд, Жиззах, Сирдарё вилоятларида ва Фарғона водийси вилоятларида баъзи жойларда ёмғир ёғади ва ҳаво ҳарорати +15…+20 даражагача пасаяди. Бухоро, Навоий вилоятларида фақат кечаси ва эрталаб бироз ёмғир ёғиши мумкин. Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Қашқадарё, Сурхондарё вилоятларида ёғингарчилик кутилмайди. Ҳаво ҳарорати +15…+20 даражагача пасаяди.

10−11 апрелда Ўзбекистоннинг барча ҳудудлари бўйича ёғингарчилик кутилмайди. Ҳаво ҳарорати яна +22…+27 даражагача, жанубда +30 даражагача кўтарилади.

12−14 апрель кунлари беқарор об-ҳаво бўлиши кутилмоқда. Баъзи жойларда ёмғир ёғади, айрим жойларда момақалдироқ бўлади. Ҳарорат асосан кечалари +7…+12 даража, кундуз кунлари +18…+23 даража бўлади. Республика шимолида ёмғир ёғиши эҳтимоли кам.

Тоғли ҳудудларда 9 ва 12−14 апрель кунлари вақти-вақти билан ёғингарчилик (ёмғир, баланд тоғларда қор) бўлади. Қор кўчиши хавфи сақланиб туради. Республиканинг айрим жойларида шамол тезлиги 15−20 м/с гача кучайиши мумкин.

Пойтахтда эса душанба кундузи ҳаво асосан бироз булутли бўлади, ёғингарчилик кутилмайди. Ҳарорат +24…+26 даража бўлади. 9 апрелда эрталаб ва куннинг биринчи ярмида вақти-вақти билан ёмғир ёғади. Ҳарорат +16…+18 даража бўлади.

10−11 апрелда ёғингарчилик кутилмайди. Ҳарорат +22…+24 даража бўлади. 12 апрелда куннинг иккинчи ярмида ва 13−14 апрель кунлари вақти-вақти билан ёмғир ёғади. Ҳарорат +18…+23 даража бўлади. Ҳарорат асосан кечалари +7…+12 даража бўлади.