5 апрель куни «Ёшларга ер ажратиш орқали уларнинг даромадларини ошириш ва бандлигини таъминлаш, шунингдек, янги ер майдонларини ўзлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги президент қарори [ПҚ-153-сон] қабул қилинди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар қилди.

Қарорга кўра, туман ҳокимликлари захирасидаги 60 минг гектар ер майдони электрон онлайн аукцион савдоларига қўйилиб, деҳқон хўжаликларини ташкил этиш учун ёшларга ижарага берилади ҳамда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришдан сотишгача бўлган занжирни қамраб олувчи қуйидаги янги тизим жорий этилади:

  • 60 минг гектар ер майдонини ижарага бериш бўйича электрон онлайн аукцион савдолари «E-auksion» электрон савдо платформаси орқали «маҳалла еттилиги»нинг тавсияси билан шакллантириладиган рўйхатга киритилган ёшлар (талабгорлар) ўртасида ўтказилади.

Бунда:

  • ер майдонларини ижарага бериш бўйича электрон онлайн аукцион савдолари ғолибларига ер участкаси нархини 10 йил муддатга тенг улушларда фоизсиз бўлиб-бўлиб тўлашга рухсат берилади;
  • закалат пули БҲМнинг 1 баравари (340 минг сўм) миқдорида белгиланади.

Талабгорларга 30 йил муддатгача кичик лотларда «бир массив — бир маҳсулот» тамойили асосида қуйидагилар ижарага берилади:

  • сабзавот, картошка, полиз экинлари, гул, кўкатлар, маккажўхори дони, дуккакли ва мойли экинлар етиштиришга суғориладиган экин майдонлари;
  • боғдорчилик-узумчилик йўналишлари учун кўп йиллик дарахтзорлар ёки самарасиз боғлар ер майдонлари;
  • доривор ўсимликлар етиштириш, чорвачилик йўналишлари учун чорва озуқаси экинларини етиштиришга мўлжалланган, лалми, бўз, яйлов ва янги ўзлаштирилган ер майдонлари.

Талабгорларга ажратиладиган ер майдонлари ўлчамлари «маҳалла еттилиги» таклифига кўра аниқланади.

Ер майдонларини электрон онлайн аукцион савдолари орқали ижарага олган ёшлар «Темир дафтар», «Аёллар дафтари», «Ёшлар дафтари»дан чиқарилмайди ва улар учун қонунчиликда белгиланган барча имтиёз ва преференциялар сақлаб қолинади.

Талабгорлар томонидан ер майдонларида етиштириладиган экин турлари ва улар миқдорининг доимий мониторинги Ёшлар ишлари агентлигининг «Ёш фермерлар» платформаси орқали амалга оширилади.

Қарорга кўра, Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришдан сотишгача бўлган занжирни қамраб олувчи янги тизим бўйича талабгорларга қуйидаги қўллаб-қувватлаш чоралари жорий этилади:

  • Президент қарорида назарда тутилган шартларда ва маблағлар доирасида талабгорларга тижорат банклари томонидан 7 йилгача муддатга 100 млн сўмгача кредит ажратиш. Бунда, қарор доирасида барча турдаги кредитларни «маҳалла еттилиги»нинг кафиллиги асосида ажратишга рухсат берилади ҳамда улар кредитларнинг натижадорлиги учун тенг жавобгар бўлади.
  • талабгорларга мини-техника, уруғ ва кўчат харидига «Ёшлар дафтари» жамғармасидан 5 миллион сўмдан субсидия, Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармасидан — 33 млн сўмгача кредит ажратиш;
  • жойлардаги 167 та «Агромарказлар» орқали хусусий секторни жалб этган ҳолда уруғ, кўчат етказиш, минерал ўғит бериш, мини-техника ва агроном хизматлари йўлга қўйилади ҳамда етиштирилган маҳсулотни харид қилишга қайта ишловчилар ва экспорт қилувчилар бириктирилади.

Аввалроқ, Ўзбекистонда қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкалари энди онлайн аукцион орқали 30 йил муддатга ижарага берилиши ҳақида хабар берилганди.