Қашқадарё вилояти Қарши туманидаги 55-мактабда 15 ёшли ўқувчининг умуртқаси тенгқурлари томонидан калтакланиши оқибатида синган. Ўқувчининг онаси ижтимоий тармоқларда ўғлига ўша вақтда биринчи ёрдам кўрсатилмагани ва ҳолат юзасидан ИИБга мурожаат қилинмаганини маълум қилган.

Қашқадарё вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси маълум қилишича, мурожаат ижтимоий тармоқларда ёритилишдан аввал ҳам Қашқадарё вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси томонидан ўрнатилган тартиб асосида Қарши туманидаги 55-мактаб фаолияти ўрганилган.

Шунингдек, ўқувчилар ўртасида юзага келган ҳолат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари томонидан ўрганилиб, қонуний тўхтамга келинган.

Маълумот учун, Қашқадарё вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқарма бошлиғининг 2024 йил 19 мартдаги тегишли буйруғи билан Қарши туманидаги 55-сонли умумий ўрта таълим мактаб директори М.П билан Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 157-моддаси 2-қисмига асосан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинган.

Ҳозирда ваколатли ташкилотлар томонидан ўрганиш ишлари амалга оширилмоқда, дейилади хабарда.