5 апрель тонгида Қозоғистонда зилзила содир бўлиб, унинг кучи Тошкент шаҳрининг бир неча ҳудудлари ва Тошкент вилоятида сезилди. Бу ҳақда ФВВ Сейсмопрогностик мониторинг республика маркази хабар қилди.

Қўшни республикадаги силкиниш Тошкент вақти билан 04:36 да рўй берди. Зилзила координаталари: 41,36 градус шимолий кенглик; 69,02 градус шарқий узунлик. Магнитуда М=3,2. Чуқурлик 10 км. Зилзила эпицентри Тошкентдан 20 км шимоли-ғарбда.

Марказ хабарига кўра, зилзила Тошкент вилоятининг Зангиота тумани ва пойтахтнинг Учтепа ҳамда Олмазор туманларида 2 балл кўринишида сезилди. Бироқ пойтахтнинг бошқа туманларида яшовчи аҳоли ҳам мазкур силкинишни сезганини қайд этди.