Андижон вилояти Хўжаобод туманида 3 автомобиль иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди, дея хабар қилмоқда вилоят Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси.

2024 йил 4 апрель куни соат 15:30ларда Хўжаобод тумани «Мустақилликни 27 йиллиги» МФЙ ҳудудидан ўтган, А373-М39 Гулистон-Бўка-Ангрен-Қўқон ва Андижон орқали Ош автомобиль йўлининг 441 километрида 2002 йилда туғилган Г. А. Cobalt автомашинасини бошқариб кетаётиб, қувиб ўтиш қоидасини бузиб, йўлнинг қарама-қарши томонига ўтган. Оқибатда ўз йўналишида келаётган, 1991 йилда туғилган А.Б. бошқарувидаги Damas билан тўқнашган.

Damas тўқнашув оқибатида бошқарувни йўқотган ва ўзи билан бир йўналишда ёнма-ён келаётган, 1990 йилда туғилган Н.Х. бошқарувидаги «Москвич-412» автомашинасига бориб урилган.

Ушбу ЙТҲ оқибатида Cobalt ҳайдовчи А.Г. бош чаноқ суягининг ёпиқ синиши, кўкрак қафасининг эзилиши, Damas автомашинаси ҳайдовчиси Б.А. бош чаноқ суягининг ҳамда ўнг елка ва умров суякларинг ёпиқ синиши, йўловчиси 1995 йилда туғилган А.О. чап оёқ болдир суякларнинг ёпиқ синиши ташхиси билан Республика ШТТЁМга ёткизилган.

Кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамай Cobalt ҳайдовчи А.Г. ва Damas ҳайдовчиси Б.А. шифохонада вафот этган.

Ҳолат юзасидан, Хўжаобод тумани ИИБ Тергов бўлинмаси ходимлари томонидан терговга қадар суриштирув ишлари олиб борилмоқда.