5 апрель куни Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасида ўзаро англашув меморандуми имзоланди, у муҳим хомашё соҳасида барқарор қиймат занжирларини ривожлантириш бўйича стратегик шерикликнинг бошланиши бўлди, деб хабар қилди ЕИнинг Тошкентдаги делегацияси матбуот хизмати.

Меморандум Бельгияда Ўзбекистон инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Кудратов ва Европа комиссияси ижрочи вице-президенти Валдис Домбровскис томонидан маъқулланди.

«Ушбу келишув ЕИ ва Ўзбекистонда яшил ҳамда рақамли технологияларга ўтиш учун муҳим хомашёни диверсификацияланган, барқарор етказиб бериш йўлидаги сезиларли қадамдир», — дейилади хабарда.

Мухим хомашё — ЕИ учун катта иқтисодий аҳамиятга эга, аммо манбаларнинг концентрацияси ва ўрнини босувчи мавжуд моддаларнинг етишмаслиги туфайли етказиб беришда узилиш хавфи юқори бўлган минераллар. Бу хомашёларга 34 турдаги металлар, минераллар ва бошқа табиий материаллар киради, улардан 17 таси: мис, литий, алюминий, титан, платина, графит, никель, кобальт ва бошқалар стратегик аҳамиятга эга.

Стратегик шериклик, меморандумга кўра, ҳамкорликнинг қуйидаги йўналишларига қаратилган:

  1. Муҳим хомашё учун барқарор қиймат занжирларини интеграциялаш, шу жумладан, тармоқ яратиш, лойиҳа таклифларини олдиндан кўриб чиқиш, қўшма лойиҳаларни ишлаб чиқиш, қиймат занжири бўйлаб савдо ва инвестиция алоқаларини рағбатлантириш ва енгиллаштириш;
  2. Муҳим хомашё етказиб бериш занжирларининг мустаҳкамлигини кучайтириш ва инвестициялар, операциялар ҳамда экспорт чоралари шаффофлигини ошириш учун мулоқотга кўмаклашиш;
  3. Ҳамкорлик лойиҳаларини молиялаштириш, шунингдек, тоза энергияни ривожлантириш каби муҳим хомашё қиймат занжирларини кучайтириш учун зарур бўлган инфратузилмани яхшилаш;
  4. Барқарор ва масъулиятли ишлаб чиқариш ҳамда муҳим хомашё манбаларини таъминлаш учун ҳамкорлик қилиш;
  5. Тадқиқот ва инновациялар бўйича ҳамкорлик, шу жумладан, муҳим хомашёни барқарор қидириш, қазиб олиш, қайта ишлаш ва қайта ишлатиш билан боғлиқ билим ва технологиялар алмашинуви;
  6. Тегишли меъёрий ҳужжатларга риоя этилишини таъминлаш, ўқитиш ва кўникмаларни ривожлантириш учун салоҳиятни оширишда ҳамкорлик қилиш.

Меморандум имзолангандан кейинги навбатдаги қадам ЕИ ва Ўзбекистоннинг аниқ ҳаракатларни ўз ичига олган тезкор йўл харитасини яратиш бўйича биргаликдаги фаолияти бўлади.

«Ресурсларга бой Ўзбекистон билан тузилган ушбу келишув ЕИ учун муҳим хомашёга жуда зарур бўлган йўлни очишга ёрдам беради. Ўзбекистон учун бу иқтисодиётни диверсификация қилиш ва тоғ-кон саноатини барқарор ривожлантиришга қаратилган амбицияларини амалга ошириш учун жиддий рағбат бўлади», — деди Валдис Домбровскис.

«Регуляция қилувчи органлар билан ҳамкорлик, лойиҳаларни молиялаштириш, тадқиқот ва салоҳиятни оширишни бирлаштириб, биз қадриятларимиз ва юқори стандартларимизни сақлаб қолиш ва тарғиб қилиш билан бирга, яшил ва рақамли технологияларга ўтишда материаллар хавфсизлигини таъминлаш учун яхлит ёндашувни қўллаймиз», — деди ЕКнинг ижрочи вице-президенти.

Муҳим хомашё ҳамкорлиги

«ЕИ муҳим хомашёнинг қиймат занжири бўйлаб табиий ресурсларга бой мамлакатлар билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйиш тарафдори», — дейилади хабарда.

ЕИнинг қайд этишича, Ўзбекистон Марказий Осиёда муҳим хомашё захиралари бўйича иккинчи ўринда туради: мис, молибден ва олтин.

«Мамлакатнинг тоғ-кон саноати стратегияси [Ўзбекистоннинг] ҳам маҳаллий, ҳам халқаро саноат, айниқса, автомобилсозлик ва маиший электроника учун муҳим хомашёни қайта ишлашни кўпайтириш истагига мос келади», — дея таъкидланади ЕИ хабарида.

Ҳамкорлик «Глобал дарвоза» (Global Gateway) стратегиясига мос келади, бу ЕИнинг ҳамкор мамлакатлар эҳтиёжларини ҳисоблаган ва улар учун узоқ муддатли манфаатларни таъминлаган ҳолда, бутун дунё бўйлаб барқарор лойиҳаларга инвестиция киритиш бўйича асосий ташаббуси бўлиб, бу орқали ЕИ 2027 йилгача 300 млрд еврогача маблағ жалб этади.

Ҳозирги вақтда ЕИ Канада (2021), Украина (2021), Қозоғистон (2022), Намибия (2022), Чили (2023), Аргентина (2023), Замбия (2023), Конго Демократик Республикаси (2023) ва Гренландия автоном ҳудуди (2023) билан хомашё соҳасида ҳамкорлик алоқаларини ўрнатган.