Халқ депутатлари Тошкент шаҳри кенгашининг 13 мартдаги қарори ва пойтахт ҳокими Шавкат Умурзоқовнинг 3 апрелдаги қарори билан Тошкент шаҳри планетарийсига 1 млрд 449 млн 800 минг сўм ажратилди.

Маблағ макетлар сотиб олиш, жорий таъмирлаш ҳамда ёнғин хавфсизлиги тизимини йўлга қўйиш ва кириш қисмига «Planetariy» сўзини декоратив тарзда ўрнатиш учун сарфланиши режалаштирилган.

Кенгаш қарори президентнинг «2022−2026 йилларга мўллалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисида»ги фармонига асосан қабул қилингани айтилади. Ҳоким қарори ҳам мазкур фармонга асосан ва шаҳар халқ депутатлари кенгашининг юқоридаги қарори ижросини таъминлаш мақсадида қабул қилинган.

2023 йилда «Газета.uz» ёш авлоднинг астрономия ва космонавтикага қизиқишини ошириши мумкин бўлган ушбу муассасадан репортаж тайёрлаган.

Эслатиб ўтамиз, ноябрь ойида ўша вақтда Тошкент шаҳри ҳокими вазифасини бажарувчи бўлиб турган Шавкат Умурзоқов ва пойтахт халқ депутатлари кенгаши томонидан «Нуроний» жамғармасига ҳар ойда «Оталар чойхонаси», «Уч авлод учрашуви» ва «Бувижонлар мактаби» тадбирларини ўтказиш учун жами 11,5 млрд сўм ажратилганди.