АҚШ президенти маъмурияти NASA`га Ой ва бошқа самовий жисмлар учун ягона вақт стандартини яратиш бўйича кўрсатма берди, деб хабар бермоқда Reuters Оқ уйнинг Фан ва технология сиёсати бошқармаси (OSTP) раҳбарининг эслатмасига таяниб.

Эслатмада космик агентлик 2026 йил охиригача «Мувофиқлаштирилган ой вақти»ни (Coordinated Lunar Time, LTC) амалга ошириш режасини ишлаб чиқиши кераклиги кўрсатилган.

Агентликнинг таъкидлашича, Ойдаги ягона вақт стандарти унинг атрофидаги космик аппаратлар ва сунъий йўлдошлар учун вақт эталонига айланади, улар учун вазифаларни бажаришда ўта аниқлик муҳим аҳамиятга эга.

Газетада айтилишича, Ойдаги одам учун Ер соатлари кунига ўртача 58,7 микросекунд секинлашади, шунингдек, бошқа даврий ўзгаришларга эга. Оқ уйнинг фикрича, ягона вақт стандартисиз космик кемалар ўртасида маълумотлар узатиш хавфсизлигини таъминлаш, Ер ҳамда Ой сунъий йўлдошлари, базалари ва космонавтлар ўртасидаги алоқаларни синхронлаштиришда қийинчиликлар юзага келади, деб ёзади агентлик.

Вақтдаги тафовутлар Ойнинг ўзи ва унинг орбитасида картография ва геолокация билан ишлашда ҳам хатоларга олиб келиши мумкин, деб ҳисоблайди OSTP.

LTC`ни амалга ошириш жараёни Ойда ва космосда халқаро фаолият бўйича «Артемида» дастурида иштирок этувчи 36 мамлакат билан мувофиқлаштиришни талаб қилади. NASA ушбу дастур доирасида яқин йилларда Ойга астронавтларни юбориш ниятида, шунингдек, Марсга бўлажак миссиялар учун йўл очишга ёрдам берадиган илмий ой базаси ҳам яратмоқчи.