Uzbekistan Airways Россияга жўнаб кетаётган йўловчиларга ўзлари билан исириқ ўсимлигини олмасликни эслатди.

Авиакомпаниянинг ёзишича, Россия қонунчилигига кўра, ҳармала (исириқ) гиёҳванд моддаларни ўз ичига олган ва назорат қилинадиган ўсимликлар рўйхатига киритилган.

Исириқни мамлакатга олиб кириш билан боғлиқ барча ҳаракатлар Россия Федерацияси Жиноят кодексининг 229−1-моддасига мувофиқ жиноий жавобгарликка тортилади. Ушбу модданинг санкцияси бир миллион рублгача жарима ва 3 йилдан 7 йилгача озодликдан маҳрум қилиш тарзидаги жазони назарда тутади.

«Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда, сиздан ушбу турдаги ўсимликни қўл юкингизда ва багажда олиб ўтмаслигингизни сўраймиз», — дейилади хабарда.

2022 йил август ойида Россияга исириқ олиб киришга уринган Ўзбекистон фуқароси умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилиниши мумкинлиги ҳақида хабар берилган эди. Ўшанда Новороссийск божхоначилари Ўзбекистондан келган контейнердан Россияда гиёҳвандлик моддаси ҳисобланган бир тоннадан ортиқ исириқни аниқлаган. Бу ҳақда билмаган юборувчи умрбодга қамалиши ва миллион рублгача жаримага тортилиши мумкинлиги айтилганди.

Бундан ташқари, 2023 йил март ойида ҳам Москвадаги Домодедово аэропортида 3 нафар ўзбекистонлик йўловчи ўзи билан 44 кг исириқ олиб келгани аниқланган.