«Газета.uz» бир ой аввал YouTube’даги ўзбекистонлик контент муаллифлари томонидан 2024 йил февраль ойида тайёрланган видеоларнинг сарҳисоби тайёрлаган эди. Таҳририят ойма-ой сарҳисоб бериш анъанасини давом эттиради.

Қуйида муштарийлар эътиборига ҳавола этилаётган видеолар таҳририят тавсияси эмас. Бунда аниқ бир формат остида мунтазам контент эълон қилиб келаётган, муаллифи ўзбекистонликлар бўлган ўнлаб YouTube лойиҳалардан айримларининг 2024 йил март ойидаги энг кўп кўрилган биттадан видеоси танлаб олинган. Айни вақтда, фурсатдан фойдаланиб, «Газета.uz»нинг ўзбек ва рус таҳририятлари томонидан март ойида тайёрланган видеоконтентни ҳам яна бир бор эслатиб ўтишни жоиз деб билдик.

«Газета.uz» эълон қилган видеолар

«Мифономика». Кино давлат пулисиз яшолмайди

«Мифономика» лойиҳаси турли соҳа вакиллари билан одамлар орасида иқтисодиёт ҳақида тарқалган мифлар ва янглиш тасаввурларни муҳокама қилишга қаратилган. Лойиҳанинг 8-сонида кинорежиссор Сарвар Каримов билан «Кино давлат пулисиз яшолмайди» деган миф ҳақида гаплашилди.

Бухородаги «снос»лар ва бўлажак қурилишлар ҳақида одамлар қандай фикрда?

Бухоро шаҳрининг тарихий қисмига туташ салкам 33 гектар майдонда «Боқий Бухоро» маданий-этнографик парки қурилиши режалаштирилган. «Газета.uz» Бухорода бўлиб, шаҳар марказида олиб борилаётган бузиш ишлари ва қурилиши режалаштирилган янги лойиҳа ҳақида аҳоли фикрини ўрганди.

«Ой материали». Янгиликлар — ОАВнинг қон-томири

«Газета.uz»нинг ўзбек таҳририяти «Ой материали» лойиҳасини давом эттирмоқда. Бу сафар ҳам аниқ материалнинг ёзилиши тарихи ҳақида эмас, балки ҳар қан нашрнинг «қон-томири» ҳисобланган янгиликлар қандай тайёрланиши ҳақида фикр подкастлашилди — «Газета.uz»нинг янгиликлар бўлими муҳаррирлари Элшод Салимов ва Нуруллоҳ Шариф ўз тажрибалари билан ўртоқлашди.

Вазир билан автобусда суҳбат: Жамоат транспортини ривожлантириш, тарифлар ва трамвайнинг қайтиши

Ўзбекистон транспорт вазири Илҳом Махкамов 29 март, жума куни — «Автомобилсиз кун» акцияси доирасида — ишга автобусда борди. Унга «Газета.uz» мухбири Шухрат Латипов ҳамроҳлик қилди. Тахминан бир соат давом этган юриш давомида вазир жамоат транспорти соҳасидаги муаммоларга оид саволларга жавоб берди, янгилик ва режалар ҳақида гапирди.

Рамазон ойида соғлом овқатланиш бўйича тавсиялар

Рамазон пайтида ҳаддан ташқари кўп овқат ейиш ёки нотўғри овқатланиш инсон саломатлигига зарар етказиши мумкин. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти рўза пайтида соғлом овқатланиш бўйича маслаҳатлар билан бўлишиб келади. «Газета.uz» уларни тақдим этади.

Бир том остидаги ҳамкорларимизнинг материаллари

Afisha.uz. «Келинлар қўзғолони»дан «Тангалик болалар»гача: Муҳаммаджон Раҳимов билан интервью

1984 йилда Ўзбекистон халқ ёзувчиси Саид Аҳмад ва Ўзбекистон санъат арбоби Мелис Абзалов ҳамкорлигида яратилган «Келинлар қўзғолони» фильми ҳалигача томошабинлар кўнглида яшамоқда. Мазкур фильм нафақат ўз ғояси, балки актёрлар жамоаси билан ҳам одамлар ёдида қолган. Ундаги ҳар бир актёр ўз ролини маромига етказиб ижро этган. Айниқса, Аббос исмли болакай ва у айтган сўзлар ҳамон тиллардан тилларга ўтиб келмоқда. Ўша Аббос — актёр Муҳаммад Раҳимов Afisha.uz меҳмони бўлди. У кинодаги фаолиятини қандай бошлагани, «Келинлар қўзғолони»нинг суратга олиш жараёнлари, нега кино билан жиддий шуғулланмай, бошқа соҳага ўтиб кетгани ҳақидаги саволларга жавоб берди.

Spot. Bon асосчиси ўзи билан нималар олиб юради?

Spot’нинг тадбиркорлар ва топ-менежерлар иш фаолиятлари давомида нималардан фойдаланишлари ҳақида маълумот берувчи «Рюкзакда нима бор?» номли лойиҳаси бор. Лойиҳада «Bon!» қаҳвахоналар тармоғи асосчиси Беҳзод Ашуров меҳмон бўлди ва иш фаолияти давомида асосан нималардан фойдаланиши ҳақидаги саволларга жавоб қайтарди.

Бошқа муаллифлар эълон қилган видеолар

Энди бошқа муаллифлар эълон қилган видеоконтентларга ўтсак. Бунда, юқорида қайд этилганидек, аниқ бир формат остида мунтазам контент эълон қилиб келаётган, муаллифи ўзбекистонликлар бўлган ўнлаб YouTube-лойиҳалардан айримларининг 2024 йил март ойидаги энг кўп кўрилган биттадан видеоси танлаб олинди.

Жаҳонгир Латипов. Ўзбек миллиардери Жаҳонгир Ортиқхўжаев

Февраль ойида «Лолазор» подкастининг 11-сонида кўриниш берган тадбиркор ва собиқ ҳоким Жаҳонгир Ортиқхўжаев март ойида блогер Жаҳонгир Латиповнинг Ютуб-лойиҳасида чиқиш қилди. Ўтган ойда бўлгани каби, Ортиқхўжаев билан эълон қилинган видео бу сафар ҳам Ўзбекистон YouTube сегменти учун асосий воқеликка айланди: тўрт соатдан ортиқ давом этган суҳбатнинг кўришлар сони 4 кунда 2,5 миллиондан ошди.

«Субъектив». Дунёдаги энг менсилмаган давлат — Афсонавий Вьетнам

«Субъектив» лойиҳаси ижодкорлари Вьетнамга уюштирилган саёҳат таассуротлари билан ўртоқлашди.

«Кулгилектуал шоу». Муҳаммадисо Абдулхаиров, Элмурод Ҳақназаров, Teacher Аъзам, Озод Шукруллоев

«Кулгилектуал шоу» — кулгили ва интеллектуал шоусининг 22-сонида Муҳаммадисо Абдулхаиров, Элмурод Ҳақназаров, Teacher Аъзам ва Озод Шукруллоев меҳмон бўлди. Иштирокчилар бошловчи Нозим Сафарининг қизиқарли ва мантиқий саволларига тўғри ёки кулгили жавоб бериши керак. Тўғри жавоб учун 2, кулгили жавоб учун 1 баллдан берилади. Энг кўп балл тўплаган меҳмон якунда пул мукофотига эга бўлади.

«НмаГап». [СУҲБАТ] «Ҳаммаси шахсий фикр, фатво бериб қўймоқчимасман!» Хайрулла Ҳамидов

«НмаГап» лойиҳасининг бу сонида журналист ва футбол шарҳловчиси Хайрулла Ҳамидов меҳмон бўлди.

Кундузий. 2018 — энг зўр йил

Блогер Кундузийнинг йиллар тарихига бағишланган туркум видеоларининг навбатдагиси 2018 йил ҳақида бўлди. У ушбу туркум видеоларида маълум бир йилда содир бўлган энг муҳим воқеа-ҳодисалар, челленжлар, кино, мусиқа, мемлар ва бошқаларни ёдга олади.

«Тунги қаҳрамон». Конста ва Миршакар Файзуллоев

Миршакар Файзуллоевнинг «Тунги қаҳрамон» кўрсатувида бу сафар рэпер Конста меҳмон бўлди.

«Фикр етакчилари». Сиёсатга аралашма, Путиннинг сафдошлари, блогерларга чеклов, ким бизни алдамоқчи? — Ҳамид Содиқ

«Фикр етакчилари» подкастининг 7-сонида сиёсатшунос Ҳамид Содиқ меҳмон бўлди. Қайд этиш жоиз, ой давомида иқтисодчи Отабек Бакиров ҳам подкаст меҳмони бўлди.

«102 tv». Шерзодхон Қудратхўжа — Тарихий интервью

Шерзодхон Қудратхўжа бу ойда «102 tv» лойиҳасида меҳмон бўлди. Маълумот учун, ой давомида каналда бизнесмен Алишер Исаев билан ҳам суҳбат эълон қилинди.

«У ким эди?». Биринчи ўзбек миллионери | Миркомилбой | У ким эди? | Alimoff

Блогер Нурбек Алимов ўзининг «У ким эди?» лойиҳасида Миркомил бой шахсиятини яқиндан таништиришга ҳаракат қилди. Ой давомида «У ким эди?» лойиҳасида Буюк Британия собиқ бош вазири Маргарет Тэтчер ҳақида ҳам видео эълон қилинди.

«Пакапак». Бу нима ўзи? Кимга керак? Арзийдими? — Apple Vision Pro

Apple Vision Pro ўзи нима? У нималар қила олади? Сотиб олишга арзийдими? «Пакапак» шундай саволларга жавоб қидирган.

«Марказий сектор». Даврон Аҳмедов — Купер ва футболчилар ўртасида Фаластиндаги ўйиндан олдин совуқлик ҳис қилганман

«Марказий Сектор» лойиҳасининг 3-сон подкастида футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи таржимони Даврон Аҳмедов меҳмон бўлди. Даврон Аҳмедов миллий терма жамоанинг аргентиналик собиқ бош мураббийи Эктор Купер билан муносабатлари, Каталониядаги ўқишини ташлаб келгани, Осиё кубоги-2023да жамоа ичкарисида қандай муҳит бўлгани, миллий терма жамоанинг ҳозирги бош мураббийи Сречко Катанец матбуотни ўқимаслиги ва бошқа мавзулар ҳақида суҳбатлашилган. Маълумот учун, каналда ой давомида футбол агентлари ва футбол шарҳловчиси Даврон Файзиев билан ҳам суҳбатлар эълон қилинди.

«Асосчилар». Сунъий интеллект иш ўринларини эгалламоқда

«Асосчилар» подкастининг навбатдаги сони меҳмони Express 24, MyTaxi, Workly, Impact coworking zone компаниялари асосчиси Акмал Паизиев бўлди.

«Учади — ухлади». Маҳаллий брендлар катта рақобатга тайёрми? Feed up — УМИД ИРГАШEВ

«Учади ухлади» подкастининг 4-сонида актёр ва тадбиркор, Feed up бренди асосчиси Умиджон Иргашев меҳмон бўлди. Подкаст давомида Жаҳонгир Ортиқхўжаев қандай қилиб Feed up эгаларидан бирига айлангани, халқаро брендларнинг кириб келиши Ўзбекистон бозорига қандай таъсир қилиши, «Такси» фильми юлдузи билан суратга олинган реклама ролиги тарихи, Ўзбекистондаги энг катта фаст-фуд тармоғи ҳақида гап боради.

«Қурултой». Ўзбеклар «ўзига беклар»ми ёки «субеглар»ми? Махсус сон

«Қурултой»нинг махсус сонида «ўзбек» атамаси (этноними)нинг келиб чиқиши билан боғлиқ янги фараз, тўғрироғи, янги тадқиқотга бағишланди. Унда профессор Ғайбулла Бобоёров ва тарих фанлари доктори Фарҳод Мақсудов «ўзбек» атамасининг келиб чиқишига доир янги тадқиқот натижалари ва фаразлари билан ўртоқлашади.

«Магнит». Нега сизнинг пулларингиз аслида пул эмас?

«Магнит» лойиҳасининг навбатдаги сонида пул ҳақида гап боради. Кўрсатув бартер қандай пайдо бўлгани, товар пуллар нима экани, нега одамлар улардан воз кечгани, тангалар даврининг бошланиши, сигареталар пул ўрнида ишлатилгани, қоғоз пуллар пайдо бўлишининг сабаби ҳақида маълумот беради.

«Сусамбил». Росомаха — энг машҳур Икс-одам ҳикояси ва у иштирокидаги фильмлар таҳлили

«Сусамбил»нинг мазкур сонида Х-одамлар оламидаги энг машҳур мутант — Росомаханинг қаҳрамон сифатида босиб ўтган йўли ҳамда у иштирокидаги фильмлари батафсил таҳлил қилинган.

Uzbekonomics. Шаҳар ичидаги университетлар, хусусий университетлар назорати ва амалиётчилар маоши

Ушбу эпизодда подкаст муаллифлари, иқтисодчилар Ботир Қобилов ва Беҳзод Ҳошимов учта, лекин ўзаро боғлиқ бўлган мавзулар ҳақида суҳбатлашди ва мунозара қилди: 1) Нима учун университетлар шаҳарлар ичида бўлиши керак? 2) Хусусий университетлар кўпайиши нима учун яхши жараён ва уларнинг сифатига ким яхшироқ баҳо бера олади? 3) Меҳнат бозорида амалиёт ўтаётган стажёрлар учун иш берувчилар маош тўлашлари керакми ёки бепулга ишлашлари тўғрими? Иш берувчи давлат бўлса ёки хусусий бизнес бўлса-чи?

«Олмонистон». Икки фуқаролик, давлат хизматлари ва миграция

Лойиҳанинг бу галги сонида подкаст муаллифи Ренат Рўзиев узоқ йиллардан бери Германияда яшаб келаётган ўзбекистонликлар — Шаҳбоз Ҳайитов ва Бобур Ҳакимовлар билан суҳбатлашди.

Гаштак. Нодиржон Нуритдинов — 20 йил деганда Ўзбекистонга қайтдим, лекин бўлмади

Нафақат АҚШ ё Германиядагидаги, балки Буюк Британиядаги ватандошлар ҳам подкаст тайёрламоқда. Чунки Туманли Альбионда ҳам ўзбекистонликлар кўпаймоқда. Отабек Нуритдинов ва Муроджон Қаҳрамонов муаллифлигидаги «Гаштак» подкастида март ойи давомида ошпаз Баҳриддин Чустий ва адвокат Доно Каримова билан суҳбатлар уюштирилди. Энг кўп кўришларни эса Отабек Нуритдиновнинг ўз акаси Нодиржон Нуритдинов билан бўлган суҳбати тўплади.

«Тасвир». Кабутардек содда бўл, илондек зийрак бўл…

Youtube’нинг Ўзбекистон сегментида умумий мавзулардан ташқари, айнан бир йўналиш, мавзуга ихтисослашган лойиҳалар ҳам кўпаймоқда. Фотограф Муҳиддин Алининг яқиндан бошлаб йўлга қўйилган «Тасвир» подкасти бунга мисол бўла олади. Подкастнинг март ойида чиққан қуйидаги сонида оператор Жаҳонгир Ибрагимов меҳмон бўлган.

«CC подкаст». Самимий суҳбат

Янги подкастлар пайдо бўлишда давом этмоқда. Sodiq School хусусий таълим муассасаси томонидан йўлга қўйилган «CC подкаст»нинг 1-сонида она тили ва тилшунослик орасидаги фарқ, дарсликлар, давлат тили, алифбо ва ёзув турларининг ўзгариш тарихи ҳамда оқибатлари, янги лотин алифбоси ислоҳи ҳақида суҳбат бўлган. Кўпчилик хато қиладиган «х» ва «ҳ» масаласида мунозара уюштирилган. Спикерлар сифатида муҳаррир Ориф Толиб, она тили дарсликлари муаллифлари ва Sodiq School ўқитувчилари Мансур Сиддиқов ҳамда Шокир Турсун, шунингдек, Sodiq School асосчиси Ҳасанхўжа Муҳаммад Содиқ қатнашган.

Radio Guys. «Субъективнинг объективи» — Америка визаси, «Субъектив» лойиҳаси ва ўзбекона тўй ҳақида

Radio Guys — 2024 йил март ойида ишга тушган янги подкастлардан бири. Унинг 2-сонида фотограф, видеооператор, «Субъектив» лойиҳасининг «объективи» ҳисобланган Муҳаммаджон Ғаниев меҳмон бўлди. Подкастда Америка визаси, ўзбекча тўй ва умуман «Субъектив» лойиҳаси ҳақида сўз боради.

+1 подкаст. Нега атрофда «ғалати» инсонлар кўпайган?

Март ойида «туғилган» яна битта подкаст — номини ҳам ўзбекчасига «Яна бир подкаст» деб айтиш мумкин. Лойиҳанинг 2-сонида муаллиф Висола Қаршибоева олий тоифали шифокор, психотерапевт ва нарколог Гавҳар Дарвиш билан жамиятдаги тушкунлик кайфияти сабаблари, яширин депрессия қандай оқибатларга олиб келиши мумкинлиги ва руҳиятдаги бузилишни нима учун психолог даволай олмаслиги ҳақида гаплашган. Подкастнинг 1-сонида эса оиладаги инқироз мавзуси муҳокама қилинган эди.

«Оддий подкаст». АйТида таржимонлик, СИ моделларига ўзбекча ўргатиш, Uzum.uz

Мунтазамлиги бўйича энг барқарор подкастлардан бири ҳисобланган «Оддий подкаст»нинг 22-сонида дастурчи, Google’нинг ўзбек тилида «гапириши»га масъуллардан бири Тўлқин Юсупов меҳмон бўлди. Подкастда сунъий идрок мавзусига ҳам алоҳида тўхталиб ўтган.

Сиз-чи, қайси лойиҳаларни кузатиб борасиз?

Кейинги сарҳисобда яна қайси лойиҳалар эътиборга олиниши керак деб ўйлайсиз? Бу ҳақда Telegram’даги ботимиз орқали бизга ёзинг: @GazetauzFeedbackBot.