Ўзбекистонда умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини эксплуатация қилишда хусусий сектор аутсорсинг асосида жалб этилади. Бу ҳақда 2 апрель куни президент иштирокидаги йиғилишдан сўнг Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Автомобиль йўллари қўмитаси раиси Жамшид Турсунов маълум қилди.

Бу президентнинг 2023 йил 10 октябрдаги қарорида назарда тутилган. Хусусан, 2024 йил 1 январдан Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда 20 километргача бўлган умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини фойдаланишга хусусий тадбиркорлик субъектларини жалб қилишни бошлаш топширилди (рўйхат).

«Бугунги кунда 42 минг 700 км узунликдаги йўлларни сақлаш ишлари Автомобиль йўллари қўмитаси таркибидаги корхоналар томонидан амалга оширилади. Тан олиш керак, меъёрларимиз, эксплуатация ишларини олиб бориш бўйича стандартларимиз эскириб кетган. Бу маблағларни самарасиз ишлатилишига йўл очади. Энди президентимиз ташаббуси билан ҳар бир вилоятда 20 километрдан умумфойдаланув йўлини ҳусусий секторга аутсорсинг асосида (умумий 260 км; ёки хизмат кўрсатилаётган йўлларнинг 0,6 фоизи — таҳр.) эксплуатация қилишга тендер асосида берамиз. Аутсорсер бир йил давомида эксплуатация ишларини олиб боради», — дея таъкидлади Жамшид Турсунов.

Унинг сўзларига кўра, рақобат автомобиль йўллари қўмитасига йўлларни сақлаш ва иш сифатини ошириш бўйича янги норма ва стандартларни ишлаб чиқишга туртки беради.

Жамшид Турсунов, шунингдек, президент томонидан илгари Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган умумий фойдаланишдаги автомобиль йўллари рўйхатини эски код ва рақамлардан келиб чиқиб қайта кўриб чиқишга рухсат берилганини айтди. Энди улар миллий кодлар билан рақамланади, бу эса «йўлларни янада ривожлантириш ва маблағлардан самарали ва шаффоф фойдаланиш»га ёрдам беради.