Тошкент шаҳри жиноят ишлари бўйича Сергели тумани суди судьяси фирибгарлик ва порахўрлик моддалари бўйича жиноят иши бўйича судланувчи сифатида иштирок этмоқда. Бу ҳақда Судьялар олий кенгаши матбуот хизмати хабар берди.

3 апрель куни кенгаш бош прокурорнинг тақдимига биноан судья Ш. А.ни судьялик ваколатидан маҳрум этган ҳолда жиноий жавобгарликка тортиш масаласини кўриб чиқди ва маъқуллади.

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (Фирибгарлик) ва 28/211-моддаси (Пора олиш) билан жиноят иши қўзғатилган.

«Тергов сири ва айбсизлик презумпцияси талабларидан келиб чиқиб, бошқа тафсилотлар ошкор қилинмайди», — дейилади хабарда.

Адвокат Абдумалик Абдуллаевнинг айтишича, судья гўёки 16 минг доллар эвазига маълум бир ишни ижобий ҳал этишда ёрдам беришни ваъда қилган ва бу натижа бермагач, у укаси орқали 15 минг долларни қайтараётган пайтида у ҳам тезкор тадбирда ушланган.