1 апрель куни Коррупцияга қарши курашиш агентлиги 2023 йил учун Очиқлик индекси натижаларини эълон қилди, дея хабар қилди агентлик матбуот хизмати «Газета.uz»га.

Иккинчи бор эълон қилинаётган Очиқлик индекси 84 та баҳолаш мезонидан таркиб топган 8 та индикатор асосида шакллантирилган. Унда самарадорлик кўрсаткичлари 71 баллдан 100 баллгача тўплаганлар — «яшил», 55 баллдан 71 баллгача бўлганлар — «сариқ» ва 55 баллдан паст кўрсаткич қайд этганлар — «қизил» тоифаларга киритилган

2023 йили 103 та (2022 йилда — 86) республика ижро этувчи ҳокимият органлари — вазирлик, қўмита, агентлик, инспекциялар ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг фаолияти баҳоланган. Якуний натижалар index.anticorruption.uz платформасида эълон қилинган (баҳолаш мезонлари билан у ерда ҳам танишиш мумкин).

Баҳолаш натижаларига кўра, 31 та давлат органи «яшил» (71−100 балл), 43 таси «сариқ» (55−71 балл) ва 29 таси «қизил» (55 баллдан паст) самарадорлик кўрсаткичларини қайд этган.

Очиқлик индекси бўйича президент ҳузуридаги Статистика агентлиги энг юқори баллга (88,3 балл) эга бўлди. Ундан кейинги ўринларни «Олмалиқ кон-металлургия комбинати» (86,8 балл), Марказий банк (86,4), Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси (86,2 балл) ҳамда «Навоий кон-металлургия комбинати» (84,7 балл) эгаллади.

Индекс бўйича энг паст баллни Андижон вилояти ҳокимлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Кинематография агентлиги, Тоғ-кон, геология ва саноат хавфсизлигини назорат қилиш инспекцияси ва «Ўзмахсусмонтажқурилиш» компанияси тўплади.

Вазирликлар орасида индексни Рақамли технологиялар, Тоғ-кон саноати ва геология ҳамда Сув хўжалиги вазирликлари бошқармоқда. Юқори ўриндаги қўмиталар орасида Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, Солиқ ва Божхона қўмиталари бор. Яхши натижа кўрсатган ҳокимликлар орасида Хоразм, Навоий ва Тошкент вилоятлари (Тошкент шаҳар ҳокимлиги еттинчи ўринда) турибди. Энг очиқ агентликлар сифатида Статистика, Инновацион ривожланиш ва «Ўзархив» агентликлари, энг очиқ акциядорлик жамиятлари эса ОКМК, НКМК ва Халқ банк бўлди.

Энг ёпиқ вазирликлар сифатида Ташқи ишлар, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик ҳамда Спорт вазирликлари, қўмиталар ва инспекциялар бўйича Транспорт назорати, Электр энергияси, нефт маҳсулотлари ва газдан фойдаланишни назорат қилиш ҳамда Тоғ-кон, геология ва саноат хавфсизлигини назорат қилиш инспекциялари кўрилди. Ҳокимликлар орасида энг ёпиқлари Сурхондарё ва Андижон вилоятлари ҳокимликлари, агентликлар орасида Мактабгача таълим, Маданий мерос ва Кинематография, АЖлар орасида «Ўзбектелеком», «Пойтахт банк» ва «Ўзмахсусмонтажқурилиш» бўлди.

Таҳлиллар кўрсатишича, фаолият самарадорлиги «яшил» тоифадаги давлат идоралари сони ўтган йилга нисбатан 16 тага (13 фоизга) ортган. Эътиборлиси, 2022 йил якуни бўйича «қизил» тоифага киритилган қатор давлат идораларида кескин ижобий ўсиш кузатилган. «Ўзсувтаъминот» — 81 балл (2022 йилда — 47 балл), «Туронбанк» — 78 балл (2022 йилда 53 балл), «Ўзбекистон металлургия комбинати» — 77 балл (2022 йилда 48 балл), «Ҳудудгазтаъминот» — 75 балл (2022 йилда 52 балл) билан бунга мисол бўла олади.

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурхонов Очиқлик индексини баҳолаш бўйича амалга оширилган чора-тадбирлар, баҳолаш жараёнларининг рақамлаштирилиши хусусида тўхталиб ўтди:

  • 2023 йилда очиқ маълумотлар сифатида жойлаштирилиши керак бўлган ижтимоий аҳамиятга молик маълумотлар рўйхати кенгайтирилган;
  • давлат харидлари тўғрисидаги маълумотларнинг очиқ эълон қилиниши натижасида агентлик томонидан ўтказилган ўрганишлар давомида 138 та ҳолатда йўл қўйилган қонун бузилишлари бартараф этилиб, 110 млрд сўмлик давлат харидлари бекор қилинган;
  • бугунги кунда 123 та давлат органлари ва ташкилотларида коррупция ҳолатлари ҳақида хабар бериш имконини берувчи 615 дан ортиқ алоқа каналлари (қисқа рақамли «ишонч телефони», электрон почта ва бошқа электрон манзиллар, Telegram бот, платформа ёки бошқа махсус дастурий таъминот) очиқ эълон қилинган;
  • фаолияти очиқлиги ўрганилган 103 та давлат идорасининг 75 фоизи 2023 йилда ўз фаолиятига оид ҳисоботларни очиқ эълон қилиб, жамоатчилик иштирокида муҳокама қилган.

Баҳолаш натижаларига кўра агентлик қуйидагиларни режалаштирмоқда:

  • «яшил» тоифадаги давлат органлари ва ташкилотларининг очиқликни таъминлаш соҳасидаги ижобий тажрибаси оммалаштирилади;
  • «сариқ» тоифадаги давлат органлари ва ташкилотларининг очиқликни таъминлаш соҳасидаги фаолиятини янада яхшилаш бўйича тавсиялар ишлаб чиқилиб, уларни амалга оширишга амалий кўмаклашилади;
  • «қизил» тоифада баҳоланганларига қонунчиликда белгиланган тартибда интизомий жазо чорасини қўллаш юзасидан таклиф киритиш, очиқликни таъминлашда йўл қўйилаётган тизимли камчиликларни ўрганиш, бартараф этиш ҳамда уларнинг ушбу йўналишдаги фаолиятини яхшилаш бўйича чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқилади.

Вазирлар Маҳкамаси раёсати ва Олий Мажлис Сенати мажлисларида ушбу тоифада баҳоланган давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарларининг очиқлик соҳасида йўл қўйган камчиликлари ва уларни бартараф этиш бўйича режалаштирган чора-тадбирлари юзасидан ахбороти эшитилади.