2023 йил август ойида Ўзбекистондаги энг йирик компания — Навоий кон-металлургия комбинати давлат акциялари эгасини ўзгартирган. Бу компаниянинг ўтган йил биринчи ярим йиллиги учун оралиқ молиявий ҳисоботидан маълум бўлди.

2023 йил 1 мартгача НКМКнинг акциядори сифатида Иқтисодиёт ва молия вазирлиги (ИМВ) кўрсатилган бўлса, шундан сўнг завод акцияларининг давлат пакети бўйича акциядорлик функцияси Стратегик ислоҳотлар агентлигига, бошқарув эса — UzAssets компаниясига ўтказилган.

Ҳисоботда айтилишича, август ойида акцияларнинг 98 фоизи ИМВга, 2 фоизи эса Давлат активларини бошқариш агентлигига (ДАБА) қайтарилган. Агентлик одатда давлат компанияларининг акцияларини улар хусусийлаштирилиши олдидан олади, шунингдек, объектларни инвентаризациядан ўтказади, уларнинг бошланғич нархини белгилайди ва инвестицион жозибадорлигини ошириш ишларини амалга оширади.

«Газета.uz» ДАБАга ушбу ўзгариш юзасидан изоҳ сўраб сўров юборди.

2021 йилда бош вазир ўринбосари Жамшид Қўчқоров ҳукумат НКМКни хусусийлаштиришга тайёргарлик ишларини бошлаганини, 2022 йилда акцияларнинг 10 фоизи сотилиши мумкинлигини айтганди.

Шу билан бирга, Жамшид Қўчқоров ҳукумат компанияни тўлиқ хусусийлаштириш ниятида эмаслигини билдирган. «Бу йиллик даромади 5 миллиард доллардан ортиқ бўлган Ўзбекистондаги энг йирик компания. 2024 йилга бориб IPO`га кўпи билан 10−15 фоиз акцияларни чиқаришни режалаштиряпмиз», — деганди бош вазир ўринбосари.

Ўтган йилнинг март ойида НКМК Ўзбекистонда IPO`га чиқариладиган 40 та корхона рўйхатига киритилган эди. Унинг доирасида йирик корхоналар, жумладан, ОКМК, Ўзметкомбинат, «Ўзтелеком», Миллий банк, Саноатқурилишбанк каби йирик корхоналарнинг ўртача 2 фоиз акцияларини аҳолига таклиф қилиш режалаштирилганди.

НКМК ўтган йил бошида фойдаси 9 триллион сўмга (-6,4 триллион) камайиши, харажатлари эса 39,9 триллион сўмга (+11,9 триллион) ошишини прогноз қилган эди, бироқ ҳукумат кўрсатмаси билан «тежамкорлик режими» жорий этилган.

2023 йилнинг олти ойи якуни бўйича компания соф фойдаси 841 миллион доллардан 774 миллион долларга (фойдадан солиқлар 619 миллион доллардан 547 миллион долларга) камайди. Дивидендлар миқдори 454 миллион доллардан 326 миллион долларга қисқарди, дея эътибор қаратди молиячи Отабек Бакиров.

Конлар ва фойдали қазилмаларга бўлган ҳуқуқ қиймати 4 миллиард доллардан 3,86 миллиард долларга тушган.

Компания маҳаллий ва халқаро банклар билан 15 ойдан 5 йилгача муддатга 54 миллион евро ва 83 миллион долларгача бўлган кредит шартномаларини имзолаган. Компания, шунингдек, илгари тузилган кредит шартномалари бўйича траншлар ҳам олган. Баъзи банк кредитлари давлат кафолатлари ва НКМК олтинларини сотишдан тушган пул маблағлари билан таъминланади. Молия вазирлиги кредитлари кафолатсиз ҳисобланади.

Ўртача кредит ставкаси 6,73 фоиздан 8,57 фоизгача кўтарилган (қарз доллар ва еврода ифодалангани сабабли).