Бинода таъмирлаш ишлари кетаётгани сабабли 1 апрелдан Тошкент шаҳридаги Ўзбекистон давлат драма театрида бир муддат томошалар ўтказилмайди. Бу ҳақда Маданият вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Таъмир ишлари қанча вақт олиши ҳақида аниқ сана келтирилмаган. Вазирликнинг қўшимча қилишича, муддат қурилиш ишларининг бориши ва моддий таъминотда узилиш бўлмаслигига боғлиқ.

Ўз навбатида, томошагоҳнинг ижодий жамоаси жойларда кўчма спектакллар намойишини ва гастроль сафарларини давом эттиради.

Эслатиб ўтамиз, мазкур таъмирлаш ишлари бошланишидан бир муддат аввал «Газета.uz» мухбирлари ўтган даврда шароитидан кўра номи кўпроқ ўзгарган драма театри аҳволи билан танишганди.

Унда театрнинг онлайн мафтункорлиги дуруст, аммо офлайн борасида бундай деб бўлмаслиги, ҳудуднинг таъмирталаб ҳолатда экани ҳақида ҳам сўз боради.

Мақоладан парча:

Ўзбекистон давлат драма театрининг ХIХ асрнинг охирида ҳашар йўли билан қурилган биноси спектакллардан ташқари қурултойлар, митинглар ва ҳатто дафн маросимларига ҳам гувоҳ бўлган. Сўнгги бор 40 йил аввал тўлиқ таъмирдан чиққан томошагоҳда бугун 130 дан ортиқ киши ишлайди. Улар орасида ишга келгач ҳаётнинг бутун ташвишларини унутувчи ва саҳнада «яшовчи»лар бор…