Фото: Мадина Аъзам
Саҳна ортидаги
жараён ва қаҳрамонлар
Шароитидан кўра номи кўпроқ ўзгарган
Ўзбекистон давлат драма театридан репортаж
Ўзбекистон давлат драма театрининг ХIХ асрнинг охирида ҳашар йўли билан қурилган биноси спектакллардан ташқари қурултойлар, митинглар ва ҳатто дафн маросимларига ҳам гувоҳ бўлган. Сўнгги бор 40 йил аввал тўлиқ таъмирдан чиққан томошагоҳда бугун 130 дан ортиқ киши ишлайди. Улар орасида ишга келгач ҳаётнинг бутун ташвишларини унутувчи ва саҳнада «яшовчи»лар бор. «Газета.uz» мухбирлари йиллар давомида шароитидан кўра номи кўпроқ ўзгарган театр билан танишди.
Ўзбекистон давлат драма театрининг ХIХ асрнинг охирида ҳашар йўли билан қурилган биноси спектакллардан ташқари қурултойлар, митинглар ва ҳатто дафн маросимларига ҳам гувоҳ бўлган. Сўнгги бор 40 йил аввал тўлиқ таъмирдан чиққан томошагоҳда бугун 130 дан ортиқ киши ишлайди. Улар орасида ишга келгач ҳаётнинг бутун ташвишларини унутувчи ва саҳнада «яшовчи»лар бор. «Газета.uz» мухбирлари йиллар давомида шароитидан кўра номи кўпроқ ўзгарган театр билан танишди.
Файзулла Хўжаев, Чўлпон ва Фитрат театр томошасидан тушган пулни Германиядаги ўзбек талабаларига юборишга қарор қилди — охири уларнинг бари «қатағонга учраши» билан якунланадиган бу спектаклдан ёнимдаги аёл, унинг ўзбекчада қийналиб гапирадиган қизи, нарироқдаги ўқувчилар ҳам кўз ёшини тия олмади. Зал совуқлигидан устки кийимини ҳам ечмаган камина эса томошанинг жонлилигидан ўша даврга тушиб қолгану, адолатсизлик қаршисидаги чорасизликдан «иликларимга қадар музлагандим».

Ҳиссий абгор ҳолда қолган бир зал томошабин ижодкорлар таъзим учун саҳнага қайтганидагина сергак тортди. Олқишлар ҳис-туйғулар акс-садосидек жаранглади — томошабин спектаклга қанчалик «кириб кетган» бўлса, шунчалик кучлироқ, узоқроқ қарсак чалди. Кўмиб юборилган ва неча йиллар чалажон қолган ўзлик масаласига дефибриллятор вазифасини ўтаган бу спектакл номи «Туркистон болалари», уни саҳнага олиб чиққан томошагоҳ эса Ўзбекистон давлат драма театри эди.
Биринчи театр
Аксар ёши улуғлар Хадрани тарихга айланган трамвай депоси, калла-почадан тайёрланган гумма, жазирамада ярим яланғоч болалар мириқиб чўмиладиган фаввора, автобус бекати ёнидаги газли сув будкаси кабилар билан эслайди.
Чорсу, Бешёғоч, Ўрда ва Себзорни туташтирувчи бу чорраҳанинг чап қанотида халқ орасида Аброр Ҳидоятов номи билан танилган Ўзбекистон давлат драма театри жойлашган. Емакхонаю дўконларга тўла ўнг қанот — гавжум «Ганга» тарафдан фарқли ўлароқ, театр томон қандайдир ҳувиллаган, ҳорғин кўринади.
Ўзбек театри 1914 йили Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг «Падаркуш» пьесаси билан «туғилган». Ўзбекистон давлат драма театри биноси эса Ўзбекистондаги энг кўҳна театр биносидир.

Эски суратларда бино фасади сувоқли бўлганини кўриш мумкин, лекин ҳозир сувоқ йўқ, ғиштли безак берилган. Томида Ўзбекистондаги аксар анъанавий меъморий обидалардаги каби гумбаз кўзга ташланади.
реклама
реклама
Бино ўрни ўз вақтида санъатга бефарқ бўлмаган Саидкаримбой исмли бадавлат кишиники бўлган. «Кадастр ҳужжатларида бино қурилган йил сифатида 1905 йил кўрсатилган бўлса-да, қурилиш ҳашар йўли билан 1892 йилда бошлангани айтилади», — дейди театр директори вазифасини вақтинча бажарувчи Сардор Мансуров.

Бинодан асосан театр сифатида фойдаланилганига қарамай, вақти-вақти билан унда бошқа тадбирлар ҳам ўтказилган. Масалан, совет даврида қурултойлар, йиғилиш ва митинглар, ҳатто вафот этган таниқли шахслар билан видолашув маросимлар ҳам бўлиб ўтган.
Фото: Tashkent Retrospective
Бинода 1968 йилгача Ўзбек Миллий академик драма театри — ўша вақтларда Ҳамза номли театр фаолият юритган.

Ҳамза театри кейинчалик Навоий кўчасида (собиқ «Ватан» кинотеатри ўрнида) барпо этилган ҳозирги биносига кўчган. Саидкаримбой қурдирган эски иморатда эса янги театр ташкил этилган. У йўналиши бўйича аввалги театрдан фарқ қилган — унда асосан ёшлар (дастлаб режиссёр Эргаш Масофаев бошлиқ ёш актёрлар труппаси) ишлаган, ёш драматургларнинг асарларига кенг ўрин берилган, саҳнага замонавий мавзулар олиб чиқилган.
Театр учун иккита ном варианти кўрсатилган, бири — „Коммунистлар", иккинчиси — „Ёш гвардия". Охир-оқибат „Ёш гвардия" деган ном Москва орқали тасдиқланган. Шу тариқа 1968 йил 26 октябрда „Ёш гвардия" театри таваллуд топган. Унда илк бор Максим Каримовнинг „Дийдор" спектакли қўйилган, унда бош қаҳрамонларни ўша даврнинг энг машҳур актёр ва актрисалар, эр-хотин Тўғон Режаметов ва Ширин Азизова ўйнаган. Уларни саҳнада кўриш учун одамлар театрга оқиб келган.
Сардор Мансуров
Театр учун иккита ном варианти кўрсатилган, бири — „Коммунистлар", иккинчиси — „Ёш гвардия". Охир-оқибат „Ёш гвардия" деган ном Москва орқали тасдиқланган. Шу тариқа 1968 йил 26 октябрда „Ёш гвардия" театри таваллуд топган. Унда илк бор Максим Каримовнинг „Дийдор" спектакли қўйилган, унда бош қаҳрамонларни ўша даврнинг энг машҳур актёр ва актрисалар, эр-хотин Тўғон Режаметов ва Ширин Азизова ўйнаган. Уларни саҳнада кўриш учун одамлар театрга оқиб келган.
Сардор Мансуров
Театрга 1970 йилларда Ўзбекистон халқ артисти Бахтиёр Ихтиёров бош режиссёр, 1984 йиллардан 2000 йилларгача Ўзбекистон халқ артисти Баҳодир Йўлдошев бадиий раҳбар бўлган. Кейинчалик Минаввара Абдуллаева, Сайфиддин Мелиевлар бош режиссёр сифатида ишлаган. Ҳозир Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби Олимжон Салимов театр бош режиссёри ва бадиий раҳбари.
Театр номи кейинчалик яна ўзгарган — Мустақилликнинг илк йиллари «Ёш гвардия» ўрнига Аброр Ҳидоятов номи берилган, 2008 йили эса улуғ санъаткорнинг номи театрдан олиб ташланиб, шунчаки Ўзбек давлат драма театри деб атала бошлаган. 2016 йилда эса Ўзбекистон давлат драма театри деб қайта номланган.

Ҳозир театрда жами 130 киши ишлайди, 54 нафари ижодий жамоа аъзолари. Улар орасида халқ артистлари Дилбар Исмоилова, Элёр Носиров, Азиза Бегматова, хизмат кўрсатган артистлардан Муножот Тешабоева, Доно Бобохонова, Мадина Тўхтаева кабилар бор. Ҳайратланарлиси, Азиза Бегматова, Доно Бобохонова ва Мадина Тўхтаева каби устоз санъаткорлар театрда «Ёш гвардия» жамоаси ташкил этилганидан — 1968 йилдан бери ишлайди.
Саҳна ортида
Абдулла Қаҳҳорнинг «Аяжонларим» пьесаси асосида саҳналаштирилган спектакл қўйиладиган куни театрга яна бордик. Вақтимиз бемалол эди, шу боис спектакл саҳна юзини кўргунига қадар қандай босқичлардан ўтишини кўргимиз келди.

Театрда асосий иш саҳналаштириш учун пьеса танлашдан бошланади.
Асар тасдиқлангач, режиссёр рассомга ўз тасаввури ва истагини тушунтиради. Рассом режиссёрни тинглаб, танланган асарни унинг моҳиятини англагунча ўқиб чиқиб, нимани амалга оширса бўладию қайси декорациянинг имкони йўқ — шуни айтади.

Бир тўхтамга келингач, тахминий қоралама (эскиз) тайёрланади — дейлик, спектакл учун саҳнанинг қаерига зина ўрнатилади, қаерига милтиқ осилади, кўрпачалар қаерда туради ва ҳоказо, ва ҳоказо. Шу эскиз асосида декорация қурилади.
Спектаклнинг муваффақияти олқишларнинг асосий қисмини ўзи билан олиб кетувчи актёрлар маҳоратигагина боғлиқ эмас. Томошабин саҳна кўриниши давомида ўзини ҳикоя қилинаётган давр муҳитида ҳис қилиши лозим. Муҳитни эса саҳна ортининг энг заҳматкаш ва айни вақтда энг камсуқум вакилларидан ҳисобланган саҳна усталари бунёд этади.

Улар саҳнага фақат томошабин йўқ вақтда чиқишга шунчалик ўрганиб қолганки, одатдагидан сал кўпроқ эътибордан ҳам ўзини ноқулай ҳис қилади. «Синглим, қўйинг, мен билан нимани ҳам гаплашасиз», — дейди саҳна усталаридан бири Абдусаттор ака.
Йўқ, саҳна усталарини суҳбатга рози қилиб бўлмади барибир. Спектаклларда ишлатиладиган чойнак-пиёла, гилам, каравот, стол-стул сингари реквизитларга масъул Дилфуза опа Абдураззоқовани ўз иши ҳақида гапириб беришга базўр кўндирдик.

Опанинг бу театрда ишлаётганига салкам 20 йил бўлиб қолган. Ваҳоланки, ёшлигида у театрда ишлаш ҳақида хаёл ҳам сурмаган. «Телеграфистка эдим. Шу театр актёрига турмушга чиққанман. Учинчи фарзандим туғилгач, театрга ишга кирдим», — ҳикоя қилади у.
Дастлаб ҳатто суратга тушишдан ҳам бош тортган Дилфуза опа суҳбат давомида анча дадиллашди, кўпроқ хотиралари билан бўлишгиси келди.
Энди ишга кирган вақтларим кимдир фойеда шеър ўқиса, ўзига ўзи гапириб юрса, ҳайрон бўлардим. Ҳозир эса ўзим ҳам уларнинг бирига айланиб қолганман.
Дилфуза Абдураззоқова
Энди ишга кирган вақтларим кимдир фойеда шеър ўқиса, ўзига ўзи гапириб юрса, ҳайрон бўлардим. Ҳозир эса ўзим ҳам уларнинг бирига айланиб қолганман.
Дилфуза Абдураззоқова
«Шунинг учун бўлса керак, театрга келганида у ҳаёт ташвишларини унутади. «Бу ер тамоман бошқа олам», — дейди у.
Дилфуза опа каби реквизитчилар пьеса учун зарур барча буюмларни олдиндан тайёрлаб қўйиб, спектакл давомида уларни актёрларга тутқазиб юбориш учун саҳнанинг икки четидаги «карман»да шай туради. Бу ердан томошабин зали ҳам кўринади (лекин томошабинга бу «чўнтак»лар кўринмайди), саҳна шундоқ эшитилиб туради.
Декорация ва реквизитлардан ташқари спектакллар учун махсус тикиладиган либослар ҳам муҳим. Дизайнер-рассомлар асар ҳақида тўлиқ маълумот олиб, шу бўйича либос ва аксессуарлар қораламасини чизади. Режиссёр маъқуллагач, либослар тикилади. Тайёр кийим-кечакларни костюмер қабул қилиб олади. Дилфуза опа бизни улардан бири — Лазокат Аҳмедова билан таништирди.
Кичик ва тор хонадаги матоли «экспонат»ларни бут ва тоза сақлашга масъул Лазокат опани «костюмер-пари» деса ҳам бўлади. Кийимлар кир бўлса, тозалашга топширади. Тозаларини ўз ўрнига илади. Дазмолланган кийим ва мойланган пойабзалларни эса спектакл арафаси актёрлар хонасига элтиб беради.

Лазокат опа ҳам аввалига гапиришни хоҳламади, аммо Дилфуза опа унинг гапирмаганига қўймади. Айтишича, у авваллари тикувчилик фабрикасида ишлаган. Корхона ёпилгач, 2014 йили театрга ишга кирган.
Ўшанда бу ўта масъулиятли ишлигини, ҳар бир актёрнинг турли спектакллар алоҳида костюми бўлиши, буни эслаб қолишим лозимлигини уқтиришган. „Адашишга ҳаққингиз йўқ, чунки актёр бу либосни кийиб образга киради, либос сабаб асабийлашиб қолса, ролини маромида ўйнай олмаслиги мумкин", деган гап ҳануз қулоғимда. Ҳар қалай, бунинг уддасидан чиқяпман чоғи.
Лазокат Аҳмедова
Ўшанда бу ўта масъулиятли ишлигини, ҳар бир актёрнинг турли спектакллар алоҳида костюми бўлиши, буни эслаб қолишим лозимлигини уқтиришган. „Адашишга ҳаққингиз йўқ, чунки актёр бу либосни кийиб образга киради, либос сабаб асабийлашиб қолса, ролини маромида ўйнай олмаслиги мумкин", деган гап ҳануз қулоғимда. Ҳар қалай, бунинг уддасидан чиқяпман чоғи.
Лазокат Аҳмедова
Спектакл вақти «карман»даги навбатчилар орасида костюмерлар ҳам бўлади. Ахир исталган вақтда «фавқулодда ҳолат» юз бериши — масалан, актёрларнинг либоси йиртилиб, тугмаси узилиб тушиши мумкин. Костюмер эса иш қуроллари — тўғноғичу игна-ипи билан доим ёрдамга тайёр туради.
«Роллар ёд бўлиб кетган — ким қайси гапни қачон айтишигача биламиз. Шу даражадаки, баъзан „ўзимиз ҳам саҳнага чиқиб кетсакчи-а!", деб ҳазиллашиб қўямиз. Чунки саҳнада маълум гап айтилгач, актёр либос алмаштиришга киради, реквизитлар алмаштирилади, шундай вақтларда бир-биримизга қарашамиз», — дея Дилфуза опага назар ташлаб қўяди Лазокат Аҳмедова.

Дарҳақиқат, реквизитларнинг ҳаммаси ҳам чойнак-пиёла каби енгил нарсалар эмас. «Баъзида стол-стулларни ҳам кўтаришга тўғри келиб қолади. Лекин, биласизми, ўрганиб қолганман — оғир-енгил деб шикоят қилмайман», — дейди ёшлигидан меҳнатда чиниққан Дилфуза опа. Бунда қизиқ ҳодисалар ҳам бўлиб туради.

Масалан, бир спектаклда қоронғи пайт кўрпача алмаштирилиши керак бўлган, аммо Дилфуза опа бунга улгурмасидан саҳнада чироқ ёниб кетган. У томошабин қаршисида югуриб кетолмай, ўзини худди қўшнисиникида юргандек тутганини мароқ билан гапириб берди. Бундан илҳомланган Лазокат опа эса «Атиргуллар қисмати» спектаклида бўлган воқеани эслади.
Ўшанда спектакл қаҳрамони ҳомиладордек кўриниши учун дастлаб унга қорин боғлаб, кейин саҳнада уни ечиб олишимиз керак бўлган. Шунақа вақтларда „мана, акушер-гинеколог ҳам бўлдик", деб куламиз.
Лазокат Аҳмедова
Ўшанда спектакл қаҳрамони ҳомиладордек кўриниши учун дастлаб унга қорин боғлаб, кейин саҳнада уни ечиб олишимиз керак бўлган. Шунақа вақтларда „мана, акушер-гинеколог ҳам бўлдик", деб куламиз.
Лазокат Аҳмедова
Режиссёр
«Саҳнадаги тайёргарликкача одатда тахминан икки-уч ой вақт кетади. Актёрлар дастлаб бир хонага тўпланиб, қаҳрамонларининг сўзларини ёдлайди. Сўзлар ёдланиб, асар мазмунини тушуниб етилгач, саҳнада икки-уч, баъзан тўрт соатлаб давом этадиган тайёргарлик бошланади», — дея тушунтиради театр директори ўринбосари, актёр Акбар Омонтўраев.

Тўлиқ безатилган тайёр саҳна, грим қилинган ва спектакл либосларини кийган актёрлар иштирокидаги ҳал қилувчи (бош) репетицияга қадар уч-тўрт, зарурат туғилса 10 тагача «прогон» ўтказилади. Оддий «прогон» ҳам бош репетицияга ўхшаш жараён, фақат ҳал қилувчи репетиция театр бадиий кенгаши ва масъуллар (масалан, Маданият вазирлиги вакиллари) гувоҳлигида бўлиб ўтади. Уларнинг фикр-мулоҳазалари асосида, камчиликлар бўлса, спектакл тузатиб-тўлдирилади ва ундан кейин — премьера.

«Шу вақтгача тақиқ ё чеклов бўлмаган, фақат онда-сонда мавзу жиҳатдан талаб бўлиши мумкин. Яъни, „бу йилги режага фалон мавзудаги спектакл ҳам қўшинглар", дегандек. Биз йил давомида саҳналаштирадиган тўртта спектаклимиздан бирини айтилган мавзуга бағишлашимиз ҳам, бағишламаслигимиз ҳам мумкин ва бу нормал ижодий жараён», — дейди театр раҳбари Сардор Мансуров.

«Одамлар кўпроқ енгил мавзуларга қизиқса-да, театримиз фарқли — спектаклларимизда асосан жиддий мавзулар кўтарилади. Оддий ишчи бўлсам ҳам, Олимжон акани ҳар қандай мавзунинг икир-чикирларигача эътибор берадиган энг профессионал режиссёрлардан, деб биламан. У саҳналаштирган „Ромео ва Жульетта" одамларга шунчалик ёқдики, асти қўяверасиз», — дейди реквизитчи Дилфуза опа.
Шекспирнинг «Отелло», «Ҳамлет»,"Қийиқ қизнинг қуйилиши" каби шоҳ асарлари ўзбек театр саҳналарида кўп қўйилганига қарамай, айтишларича, «Ромео ва Жульетта» ўзбек жамоатчилигига илк бор Олимжон Салимов режиссёрлигида 2021 йили тақдим этилган.

«Бу спектакл томошабинлар томонидан жуда илиқ кутиб олинди. Унинг 2021 йил 30 декабрдаги намойишига келган президент маслаҳатчиси Хайриддин Султонов «Ромео ва Жульетта»ни Навоийнинг «Лайли ва Мажнун»и билан таққослаб, «Қиш ичра баҳор» сарлавҳали мақола ҳам ёзганди», — дейди театр раҳбари Сардор Мансуров.
реклама
реклама
Шуниси ҳам борки, ижодкор маҳоратли бўлса, ҳар қандай чекловни енгиб ўтиш мумкин. Бу борада Сардор Мансуров «Ер барибир айланаверади» асари билан боғлиқ қизиқ ҳолатни ҳикоя қилиб берди.

1990 йилларда ёзилган бу асарда ёзувчи Шароф Бошбеков ўша вақтдаги давлат ҳокимияти ва бошқаруви тизимини кескин танқид остига олган. Аммо 2016 йилдан бери театр ижодий жамоасига раҳбарлик қилиб келаётган Олимжон Салимов шу асарни саҳналаштиришга қарор қилган.
Режиссёр айтдими, демак, қилиш керак, деб ишга киришдик. Асарни Маданият вазирлигига чиқардик. Мутасаддилар кўриб, „томошабинга қараб, „шу ҳам халқми?!", дейдиган жойлари бор экан, ҳозирги кунимизга қанчалик тўғри келаркин", деган мулоҳазани билдирди. Шунга қарамай, ҳеч нарса ўзгартирилмади — режиссёримиз шундай моҳирона саҳналаштирдики, халққа қарата айтилган гап ўринли бўлиб чиқди.
Сардор Мансуров
Режиссёр айтдими, демак, қилиш керак, деб ишга киришдик. Асарни Маданият вазирлигига чиқардик. Мутасаддилар кўриб, „томошабинга қараб, „шу ҳам халқми?!", дейдиган жойлари бор экан, ҳозирги кунимизга қанчалик тўғри келаркин", деган мулоҳазани билдирди. Шунга қарамай, ҳеч нарса ўзгартирилмади — режиссёримиз шундай моҳирона саҳналаштирдики, халққа қарата айтилган гап ўринли бўлиб чиқди.
Сардор Мансуров
Театр йил давомида томошабинлар эътиборига одатда тўртта спектаклни ҳавола қилади. Баъзида камроқ ё кўпроқ бўлиши ҳам мумкин. Масалан, 2022 йилда тўртинчи спектаклга улгурилмагани учун 2023 йилда жами бешта спектакл тақдим этилган.

Бир йилга тўртта спектакл кам эмасми, деган савол туғилиши мумкин. Аммо бир пьеса саҳна юзини кўргунича — роллар тақсимланиб, «читка» (ўқиш)дан то актёрлар илк бор спектакл либосларини кийиб, саҳнада репетиция қилишигача бўлган йўлга назар ташланса, ҳаммаси имконият доирасида экани ойдинлашади.

Актёр
Юзлаб томошабин кўзи қадалган саҳнага чиқиш учун журъат ва ирода керак. Бу ёд олинган сўзларни шунчаки айтиб бериш эмас, балки қаҳрамоннинг ички кечинмалари ва руҳиятини мимика, пластика, кези келганда импровизация билан, мусиқа, адабиёт, тасвирий санъат, баъзида ҳатто рақс билан уйғунлаштирган ҳолда томошабинга етказишдир. Жуда мураккаб, аммо тик туриб қарсак чалаётган миннатдор томошабинни кўргач эсдан чиқадиган жараён.

Ўзбекистон халқ артисти Дилбар Исмоилова 70 йилдан буён шу жараён ичида яшаб келаётган актрисалардан. Шукур Бурҳонов, Наби Раҳимов, Олим Хўжаев, Сора Эшонтўраева ва онаси Зайнаб Садриева каби профессионаллар билан бирга ишлагани ва уларнинг тарбиясини олганидан фахрланиши айтишдан чарчамайдиган 85 ёшли санъаткор, «Аяжонларим»да бош ролни ўйнаётгани, вақти жуда тиғизлигига қарамай, биз билан хотираларини бўлишишга бажонидил рози бўлди.
Мен учун роль шунчаки ахборот бериш эмас. Гавдалантираётган образим ичида «яшаш»им ҳам керак. Шу кунгача 100 дан ортиқ катта-кичик ролларда ўйнаган бўлсам, барида жонимни берганман. Бирор ролни олсам, уни ипидан-игнасигача таҳлил қилиб, ҳазм қилмагунча саҳнага чиқмайман. Образнинг мағзини чақиш муҳим.
Дилбар Исмоилова
Мен учун роль шунчаки ахборот бериш эмас. Гавдалантираётган образим ичида «яшаш»им ҳам керак. Шу кунгача 100 дан ортиқ катта-кичик ролларда ўйнаган бўлсам, барида жонимни берганман. Бирор ролни олсам, уни ипидан-игнасигача таҳлил қилиб, ҳазм қилмагунча саҳнага чиқмайман. Образнинг мағзини чақиш муҳим.
Дилбар Исмоилова
Устоз санъаткор юрагини жизиллатмаган ролни рад этишини, бундай ролни қанча ҳаракат қилса ҳам, томошабига етказиб бера олмаслигини айтади. «Томошабинни алдаб бўлмайди», — дейди у ва сўзига тасдиқ сифатида устози Шукур Бурҳондан иқтибос келтиради: «Юрак ва кўз бир хил бўлади. Юракдаги нарса кўзда акс этади».

Соат 18:00 га яқинлашгани сари гримхонадаги пардоз жараёни тезлашади. Аммо бунда шошқалоқлик кетмайди — пардоз образнинг тугалланиши, қаҳрамоннинг кўриниши, асарнинг моҳиятини очиб беришда аҳамиятли лаҳза.
«„Инқилоб тонги" спектаклида Бухоронинг энг соҳибжамол, олди аёлларидан бўлган Ойимжаҳонни ўйнаганман. Унингдек кўриниш учун ҳар бир деталга эътибор бериш лозим эди. Зиталина исмли пардозчимиз бу вазифани дўндирган. Парикдан фойдаланмай, ўз сочимни майда қилиб ўрганмиз. Гажак ҳатто қайси тарафга қараши кераклигигача айтиб турилган», — деб эслайди Дилбар Исмоилова.
Саҳна
Нафақат зал, балки саҳна ортида ҳам одам устки кийимини ечгиси келмайди. Иситиш тизимида муаммо бор — қанча ҳаракат қилинса ҳам, театр ходимлари ўз ёнидан харажат қилса ҳам, тизимни ишлатиб бўлмаган. Кондиционер ё печканинг кучи эса бинони тўлиқ иситишга етмайди.

Шундай бўлса-да, спектакль ва роль талаб қилса, актёрлар юпун кийим-кечакда ҳам саҳнага чиқаверади. Аммо томошабин меҳрибон. Масалан, қаҳратон вақти қўйилган «Вафодор ит» спектаклида енги калта яктакда саҳнага чиққан актёрларни томошабинларнинг ўзи иссиқроқ либос кийиб олишга чақирган.
Театр ҳар йили болалар учун Янги йил томошаларини уюштиради. «Келганлар: „Бу йил тўртта театрга бордик, энг зўр томоша сизларда бўлди, лекин залинглар совуқ экан-да", деб кетади. Ёки: „Бу йил ҳам Янги йил томошаси бўладими? Директоримиз ўтган йили шу театрга борганидан кейин бир-икки бола шамоллаб қолганди, бу йил иссиқ бўлармикан, деб сўраяптилар", деб қолишади.
Сардор Мансуров
Театр ҳар йили болалар учун Янги йил томошаларини уюштиради. «Келганлар: „Бу йил тўртта театрга бордик, энг зўр томоша сизларда бўлди, лекин залинглар совуқ экан-да", деб кетади. Ёки: „Бу йил ҳам Янги йил томошаси бўладими? Директоримиз ўтган йили шу театрга борганидан кейин бир-икки бола шамоллаб қолганди, бу йил иссиқ бўлармикан, деб сўраяптилар", деб қолишади.
Сардор Мансуров
Театр дарвозасидан кириб, томошабин залига бориш учун фойе бўйлаб ўнгга юраркансиз, хиралашиб қолган нақшинкор деворларга шу вақтгача театрда ишлаб кетган ижодкорларнинг суратларини, аввал қўйилган спектакллардан фотолавҳаларни кўрасиз.

Вақт бўлди. Залнинг арксимон ёғоч эшиклари очилиб, томошабинлар ичкарига таклиф қилинди. Қирмизи ўриндиққа ўтирган томошабинлар актёрларнинг чиқишини кута бошлади. Саҳнасининг олдида иккита иситгичи бор бу зал — театрнинг энг чиройли, кўримли жойларидан бири.
Ва ниҳоят спектакль бошланди. Актёр ва актрисалар бинодаги шароит ва аҳвол улар учун гўёки аҳамиятсиздек маҳорат билан ўз ролларини ўйнашга киришади. Томошабиннинг эти жимирлайди — ҳам совуқдан, ҳам томошанинг зўридан; баъзи саҳналарда қиқирлаб кулади — кечинмаларнинг самимийлигидан мимикалар назоратдан чиқади. Дилбар Исмоилова эса ўз ролида, ўзи айтганидек, «яшайди». Буни кўриб, яна этинг жимирлайди.

Биз эса саҳна ортидамиз. Ҳаяжони ичига сиғмаётган актёрлар, ҳатто энг професионаллари ҳам, уёқдан-буёққа юрибди. Ҳаяжонланмай қўйиш — энг ёмони, дейди театрнинг бир ходими биз билан суҳбатда. Актёр ролга берилиб кетганидан оғриқни ҳам, совуқни ҳам сезмаслиги мумкин, дея қўшимча қилди у.

Кимлигимизни билгач, шундай деди: «Театрдаги аҳвол ва шароит қандай экани, бу ерга эътибор ва рағбат кераклиги ҳақида ҳақиқатни ва фақат ҳақиқатни ёзинглар».
Аҳвол
Ростдан ҳам — отахон театр биносининг аҳволи қандай ўзи? Аҳволи яхши эмас, таъмирталаб — сўнгги бор 1980 йилларда капитал таъмирдан чиққан бинода бошқача бўлиши мумкинми ўзи? Аммо у маданий мерос объекти ҳисоблангани учун унда битта михни ҳам Маданий мерос агентлиги билан келишиб қоқиш керак, шундай экан, бу бинони ўзингча таъмирлаб ташлай олмайсан.

Сардор Мансуровнинг таъкидлашича, бино режа бўйича 2015 йилда таъмирланиши керак эди, аммо 2013 йилги кучли ёғингарчиликлар вақтида бино томидан сув ўтиб кетган. Шундан сўнг таъмир 2014 йилга кўчирилган. 2014 йил январида эса президент Ислом Каримовнинг «Ўзбек миллий академик драма театрининг 100 йиллигини нишонлаш ҳақида»ги қарори эълон қилиниб, эътибор бундан 1,5−2 йил аввал тўлиқ таъмирдан чиққан Миллий театрга қаратилган яна — биноси 100 йиллик театр эса четда қолиб кетган.
«Миллий театр — бу олдинги Ҳамза театри. Биз бир томондан хурсанд бўлдик, лекин таъмирланадиган театр сифатида нариги бино назарда тутилган эди, ваҳоланки 1914 йилда иш бизнинг театримиз жойлашган бинода бошланган эди-ку», — дейди Сардор Мансуров.

Театр жамоаси: «Биз барибир 2014 йилги таъмирлаш режасига киритилганмиз-ку», деб умид қилган. Йил ўтган, 2015 йил бошланган. «Балки эски режа бўйича 2015 йилда таъмирлаб беришар», деб туришса, мутасаддилар: «Сизнинг театрингизни таъмирлаш 2014 йилги кўчирилганди-ку», деб театрни доғда қолдирган.
Охири 2018 йилда ҳукуматнинг бир қарорида Ўзбекистон давлат драма театрини капитал таъмирлаш ва моддий-техника базасини кучайтиришга топшириқ берилган. Ўшанда бу ишлар учун салкам 12 млрд сўм ажратилиши кўзда тутилган эди. Аммо мутасаддилар таъмирлаш ишларига киришгунича коронавирус пандемияси бошланган — ҳамма омон қолиш учун курашаётган бир дамда кимнинг кўнглига театр сиғади ахир?

Пандемия ғавғолари ўтиб, ҳаёт яна ўз маромига қайтгач, театр жамоаси яна унга ваъда қилинган таъмирни сўрай бошлаган. 2022 йилда таъмирни кўзда тутувчи навбатдаги ҳужжат чиққан — бу сафар президент қарори. Аммо унинг-да ижроси театр раҳбари бир йиғилишда бош вазирга шахсан мурожаат қилмагунича бошланмаган. Бахтга қарши, сўнгги 5−6 йилда нарх-наво яхшигина ошган бўлса-да, 2018 йили таъмир учун ваъда қилинган 12 млрд сўм кўпаймай, аксинча, 5 млрд сўмга айланиб қолган.
Маданий мерос агентлигининг тасарруфида объектлар жуда кўплигини, уларга пул тақсимлаш ҳам осон эмаслигини тушуниш керак. Лекин бу театр — у ёпилса, томошабинни йўқотиб қўямиз. Бир неча йил давомида таъмирланадиган бўлса, демак ҳозир бинонинг фасади таъмирланса, орқаси битгунича, олд томони яна кўчиб тушадими? Ўзи ҳозир келаётган томошабинлар ҳам ҳавозаларни кўриб: „Ҳалиям ишлаяпсизларми?", деяпти.
Сардор Мансуров
Маданий мерос агентлигининг тасарруфида объектлар жуда кўплигини, уларга пул тақсимлаш ҳам осон эмаслигини тушуниш керак. Лекин бу театр — у ёпилса, томошабинни йўқотиб қўямиз. Бир неча йил давомида таъмирланадиган бўлса, демак ҳозир бинонинг фасади таъмирланса, орқаси битгунича, олд томони яна кўчиб тушадими? Ўзи ҳозир келаётган томошабинлар ҳам ҳавозаларни кўриб: „Ҳалиям ишлаяпсизларми?", деяпти.
Сардор Мансуров
«Дўстлар клуби» — бу яна бир қизиқ масала. Бундай амалиёт президентнинг 2017 йил 3 августда зиёлилар билан бўлган учрашувидан сўнг йўлга қўйилган эди. Унга кўра, моддий жиҳатдан бақувватроқ корхона ва ташкилотлар турли маданият муассасаларини оталиққа олади. Ўзбекистон давлат драма театрига ўша вақтда янги ташкил этилган Ёшлар иттифоқи бириктирилган.

Иттифоқ ҳомийлигида итальян ёзувчиси Карло Голдонининг «Икки бойга бир малай» асари асосида «Труффалдино — икки бойнинг малайи» номли спектакл саҳналаштирилган. Бунинг учун Иттифоқ 90 млн сўм ажратган. Театр жамоаси шу асар билан Туркия ва Қирғизистондаги танловларда қатнашиб келган — «дўст» ташкилот Туркия сафари учун 100,5 млн, Қирғизистонга бориб келишга эса 20 млн берган.

«Кейин нимадир бўлдию, Ёшлар иттифоқидан ҳомийликлар камая бошлади. Охир-оқибат, бошқа театрларда икки-уч йилда 2 млрд сўмгача етган ҳомийлик бизда 287 млн сўмлигича қолиб кетди. Баъзан ўзимиз ҳам иккиланиб қолдик — ўзи ким кимга ҳомий: улар бизгами ё биз уларга? Ёшлар Иттифоқининг қандай тадбири бўлса, бизнинг актёрлар борарди-да», — деб эслайди театр раҳбари.

Ҳозир театрнинг «дўсти» ўзгарган — Ёшлар Иттифоқи ўрнига «Асакабанк» бириктирилган. «Банк театр учун 2 млрд сўм ажратиш арафасида турибди. Шуни тасдиқлатсак, „Дўстлар клуби" бўйича ишимизни қайта йўлга қўйиб юборамиз. Эътибор йўқ эмас бор, асосийси — тўхтаб қолмаса бўлгани», — дейди у.
Томошабин
Театр ўзининг мавжудлигини интернетда нисбатан яхши билдиради — унинг сайти бор, ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари фаол юритилади. Шундан бўлса керак, чипталарни онлайн сотиб олувчилар сони, улар ҳали жуда кўп бўлмаса-да, ошиб боряпти.

«Ҳозир чипталарни онлайн сотиб олса ҳам бўлади. Маиший мавзудаги, комедия йўналишидаги спектаклларнинг чипталари нисбатан осон сотилади. Масалан, дам олиш кунларига комедия қўйсак, чипталарнинг тахминан 30 фоизи онлайнда сотилиб кетади», — дейди театр раҳбари Сардор Мансуров. Жиддий, драматик асарларнинг «бозори» бунчалик чаққон эмас ҳозирча (умуман, санъатнинг бошқа соҳаларида ҳам вазият тахминан шундай).
Юқорида таъкидланганидек, театрнинг онлайн мафтункорлиги дуруст, аммо офлайн борасида бундай деб бўлмайди; таъмирталабликдан бошқа масалалар ҳам бор. Бир вақтлар театр жойлашган Зарқайнар кўчасида «Аброр Ҳидоятов театри» номли автобус бекати бўлар, шуни мўлжал қилиб, одамлар театрга келаверарди. Кўчада ҳаракатни қайта ташкил этиш жараёнида қатнов фақат бир томонлама қилиниб, бекат олиб ташлангач, театр харитадан йўқолиб қолди гўё. Машинада келаётган томошабин қаердан айланиб келишни билмай сарсон, йўл сўрашга мажбур.
реклама
реклама
Дарвоқе, шаҳар автомобилларга тўлиб тошган бир вақтда театр атрофида тайинли автотураргоҳ йўқ. «Зарқайнар кўчасида ҳаракатни аввалгидек икки томонлама қилиш ва автотураргоҳ масаласида шаҳар ҳокимлигига ҳам мурожаат қилганмиз», — дейди театр раҳбари Сардор Мансуров. Аммо автотурагоҳ бор-йўқлигига, театрнинг иссиқ-совуқлигига қарамай, ҳеч бир премьерани ўтказиб юбормайдиган содиқ мухлислар ҳам талайгина.

Улар ҳар келганида ижодкорларга ташаккурларини айтади, шу билан бирга таклиф ва танқидларини ҳам билдиради — мурожаат ва таклифлар дафтари айнан шундай содиқ ва талабчан томошабинлар шарофати билан қайдларга тўла.
«Сўнгги икки йилдан бери ҳар шанба ва якшанба кунлари соат 18:00 да спектакл қўйяпмиз. Кўз тегмасин, бу ишимиз яхши натижа беряпти. Ўзи ҳар куни спектакл қўйилиши керак, лекин иш кунлари базўр 4−5 чипта сотилса, деярли ҳувиллаган зал учун томоша қўя олмаймиз-ку», — дейди директор.

Баъзида фавқулодда таклифлар ҳам бўлиб туради — айрим ташкилотлар бирданига бутун зални, 250 чиптанинг барчасини олади, лекин «қулайроқ вақтда, кундузи қўйиб беринглар», деб илтимос қилади. «Шундай таклифлар тушганида спектаклларни соат 14:00 ёки 16:00 га ҳам кўчириб турамиз», — дейди театр раҳбари.

Ҳаш-паш дегунча спектакл тугади. Карло Голдонининг «Икки бойга бир малайи» билан Уильям Шекспирнинг «Ромео ва Жульетта»сини уларнинг ўз юртига ҳам бориб намойиш қилишни ният қилган жамоа аъзолари ижроси қойилмақом бўлди.

Биз ҳам бошқа томошабинлар қатори театр билан хайрлашдик, лекин шунчаки эмас — театр билан боғлиқ қарорлар ижроси ҳам шундай чиройли ва муваффақиятли якун топишига умид қилган ҳолда томошагоҳни тарк этдик.
Йўл-йўлакай ўзбек театрининг пардасини очиб берган Беҳбудийнинг сўзлари эсга тушди: «Теётр ойинадурки, умумий ҳолларни анда мужассам ва намоён суратда кўзликлар кўруб кар-қулоқсизлар эшитиб, асарланур».
Материални Гулираъно Мусаева тайёрлади.
Фотосуратлар муаллифи: Мадина Аъзам / «Газета.uz».
Матн ва барча график материалларга бўлган ҳуқуқлар «Газета.uz» нашрига тегишли. «Газета.uz» интернет-нашрида эълон қилинган материаллардан фойдаланиш шартлари билан бу ерда танишиш мумкин.

Қизиқарли нарсаларни биласизми? У ҳақида бошқаларга айтиб бермоқчимисиз? Ўз ҳикоянгизни sp@gazeta.uz электрон манзилига юборинг.