Президент Шавкат Мирзиёев 1 апрель куни Хитой давлат кенгаши аъзоси, жамоат хавфсизлиги вазири Ван Сяохун бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.

Давлат раҳбари матбуот хизмати хабарига кўра, йиғилишда хавфсизликка нисбатан замонавий хатар ва таҳдидларга қарши курашишда амалий ҳамкорликни янада кенгайтириш ва биргаликдаги саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштириш масалалари кўриб чиқилди.

Шавкат Мирзиёев ҳуқуқни муҳофаза қилиш соҳасида самарали идоралараро ҳамкорлик учун мавжуд салоҳият ва имкониятларни қайд этди.

Устувор йўналишлар сифатида жамоат хавфсизлигининг асосий йўналишлари бўйича тажриба алмашиш ва қўшма тадбирлар ўтказиш, замонавий ахборот технологиялари ва инновацион усулларни жорий қилиш, кибержиноятчиликка қарши курашиш, малакали мутахассисларни тайёрлаш ва бошқалар кўрсатиб ўтилди.

Томонлар минтақавий ҳамкорлик масалалари юзасидан ҳам фикр алмашди.

Фото: Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати.Фото: Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати.

Шу куни Ван Сяохун ва Ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов ўртасида музокаралар бўлиб ўтди.

Вазирлар терроризм ва экстремизм, гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний савдоси ҳамда бошқа турдаги трансмиллий жиноятларга қарши курашишда ҳамкорликни кучайтириш масалаларини гаплашди.

Кибержиноятларга қарши курашиш ва рақамли криминалистика йўналишида ички ишлар органлари ходимлари учун махсус ўқув курсларини ташкил этиш, ИИВ таркибида янги ташкил этилган Криминология тадқиқот институти билан Хитой Жамоат хавфсизлиги вазирлигининг 4 та илмий тадқиқот марказлари ўртасида ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш каби муҳим масалалар муҳокама қилинди.

ИИВ матбуот хизмати хабарида таъкидланишича, халқаро терроризм, экстремизм ва трансмиллий жиноятларга қарши курашиш ҳамда жамоат хавфсизлигини таъминлаш бўйича тизимли ҳамкорлик янги босқичга кўтарилган. «Бу жараёнда вазирликлар ўртасида ахборот ва ўзаро тажриба алмашиш, кадрлар малакасини ошириш ҳамда икки томонлама ташрифлар жадал амалга оширилаётгани эътироф этилди», — дейилади хабарда.

Учрашув якунида икки вазирлик ўртасида 2024−2025 йилларга мўлжалланган ўзаро ҳамкорлик тўғрисидаги дастур имзоланди.