Тошкент шаҳри Ички ишлар бош бошқармаси телефон қўнғироғи орқали асосан қарияларга нисбатан қилинаётган фирибгарликнинг янги тури пайдо бўлганидан огоҳлантирмоқда. Бошқарма ахборот хизмати бошлиғи Нилуфар Исахонованинг маълум қилишича, фирибгарликда гумонланган жиноий гуруҳ аъзоларининг бир нечтаси ушланган.

Фирибгарлар буни қандай амалга оширади?

ИИББ бу турдаги жиноятлар қай тарзда амалга ошириши ҳақида қуйидагича маълумот берди:

Жабрланувчиларнинг яшаш манзилидаги уй телефонига номаълум шахс қўнғироқ қилиб, бақириб йиғлаган овозда «Она, мен ЙТҲга учрадим, авария менинг айбим билан содир бўлди. Жабрланувчи оғир аҳволда, уни зудлик билан операция қилиш керак, мени қамаб қўйишмоқчи», деган мазмунда гапиради. Сўнг гўшакни бошқа шахс олиб, ўзини терговчи деб таништиради ва яқин қариндоши, яъни қизи ёки невараси авария сабабчиси бўлганини, ҳозирда жиноят иши қўғатиш ва қамоққа олиш чоралари кўрилаётганини айтиб қўрқитади.

Буни эшитган жабрланувчи саросимага тушганидан фойдаланиб, телефонда гаплашаётган шахс жиноят ишини қўзғатмаслик мақсадида гўёки йўл транспорт ҳодисаси жабрланувчиси билан келишиш учун пул бериш кераклигини айтади. Сўнг жиноий гуруҳ аъзоларидан бири жабрланувчининг уйига юборилади.

Телефонда гаплашиб турган шахс жабрланувчидан гўшакни қўймасликни талаб қилади. Ўзини терговчи деб таништирган шахс жабрланувчининг уяли телефон рақамини ўзидан сўраб билиб олади ва бу рақамга номаълум рақамдан қўнғироқ қилади. Гўёки терговчи жабрланувчи билан гаплашганда пулни олиб кетиш учун бир одамни юборишини айтади ва жабрланувчидан уй манзилини аниқ сўраб, билиб олади. Сўнг курьер етиб келгунича вақтни чўзади. Жумладан, жабрланувчига телефон орқали ариза ёздиришади, яъни ЙТҲ оқибатида жабр кўрган шахсга етказилган зарарни ундириш учун шахсан ўзи масъул эканини айтади. Шунингдек, жабрланувчига қизининг кийими қон бўлиб кетгани учун уни алмаштиришга бирорта кийим, сочиқ ва чойшабни тайёрлаши кераклигини, уларнинг барчасини сумкага солиб, пулни энг пастга ўраб солиб қўйиши кераклигини айтади.

Шу ўринда, телефон орқали гаплашаётган шахс уйда яна бошқа телефон бор-йўқлигини сўрайди ва яна телефон бор бўлса, унинг рақамини аниқлаб, унга ўзини тиббиёт ходими деб таништирган шахс қўнғироқ қилади. Бу телефонда гаплашаётган шахс ЙТҲ қурбони оғир аҳволда экани, зудлик билан операция қилиш кераклиги, бунинг учун жуда кўп миқдорда пул кераклигини айтади. Жабрланувчининг «сохта» қизи эса уй телефонида гаплашиб туради. Унинг овози ва гаплари тушунарсиз бўлади, гаплашаётган шахс йўл транспорт ҳодисаси сабабли лаби ёрилгани учун шундай гапираётганини маълум қилади. Шунингдек, ҳозирда шифохонада эканини айтади, жабрланувчи ундан қайси шифохонада эканини сўраса, вилоят шифохонасида эканини айтади. Шу билан жиноий гуруҳ аъзолари уйдаги барча телефонларни банд қилиб қўяди. Бу вақтда курьер етиб келиб, пулларни олиб кетади. Курьер юзини кўрсатмаслик учун тиббий ниқоб, очки ёки парик таққан бўлади. Курьер пулларни олиб кетганидан сўнг ҳам телефонда гаплашаётган жиноятчилар вақтни яна чўзади. Бу вақтда жиноятчилар воқеа жойидан қочиб яширинишга ҳаракат қилади.

Нилуфар Исаханованинг маълум қилишича, ўзини терговчи деб таништирган шахс русча исм-шариф билан ўзини таништиради ва Тергов қўмитаси терговчиси эканини маълум қилади, барча иштирокчилар рус тилида суҳбатлашади. Жабрланувчилардан олинган пуллар турли тўлов тизимлари орқали хорижий давлатларга чиқариб юборилган. Бу каби ҳолатлар Россия, Қозоғистон каби давлатларда ҳам кузатилгани айтиб ўтилди.

Фото: Тошкент шаҳри ИИББФото: Тошкент шаҳри ИИББ

Юқоридаги ҳолатлар бўйича Тошкент шаҳри ИИББ Жиноят кодексининг 168-модаси (Фирибгарлик) ва 165-моддаси (Товламачилик) аломатлари билан жиноят иши қўзғатди. Тергов ҳаракати давом этмоқда. Бошқарма жиноий гуруҳ аъзоларининг бир нечтасини ушлаган. Уларнинг бир нафари Қозоғистон, икки нафари Қирғизистон фуқаросидир. Гумонланувчилар фуқароларнинг телефон рақамини қаердан олганига аниқлик киритилмаган. Таъкидланишича, бунга тергов аниқлик киритмоқда, тергов сири бўлгани учун аниқ маълумот берилмайди.

Келтирилишича, асосан қариялар бу каби жиноятлар қурбонига айланмоқда. Жиноий гуруҳ раҳбарлари эса хориждан туриб, интернет орқали қўшни давлатдаги фуқароларни, шунингдек, ёшларни ушбу жиноий гуруҳга курьер сифатида ёллаб, уларни жиноий гуруҳ иштирокчисига айлантирмоқда.

Фирибгарлик қурбонига айланмаслик учун ИИББдан тавсиялар

  1. Шу каби қўнғироқ бўлганда, дарҳол телефонни ўчиринг ва фарзандингизга шахсан ўзингиз қўнғироқ қилиб, бу хабарни текширинг.
  2. Агар фарзандингиз телефонни кўтармаса, бошқа яқинларингизга қўнғироқ қилиб, хабарни ишончли манба орқали текширинг.
  3. Агар фарзандингиз ёки бошқа яқинларингиз телефонни кўтармаса, 102 рақамига ёки худудий профилактика инспекторига қўнғироқ қилиб, ҳолатни аниқлаштиринг.
  4. Тезкор тиббий хизмат Ўзбекистон Республикасида бепул эканини унутманг.
  5. Терговчи ёки бошқа орган ходимлари ҳеч қачон сизга телефон қилиб, пул талаб қилмайди ва сиз билан бундай мазмунда гаплашмайди.

Жиноят қурбонига айланган фуқаролардан 102 рақамига ёки яқин орадаги ички ишлар органига мурожаат қилишлари сўралди.