Янгилик 2 апрель куни соат 9:00 да янгиланди.

Энергетика вазирлиги айрим метан ёқилғи қуйиш шохобчаларида газ белгиланган 3350 сўмлик лимитдан юқори нархда сотилаётганига изоҳ берди. 1 апрель куни интернетда баъзи АГТКШлар газни 3800 сўмдан сотаётгани ҳақида хабарлар тарқалди.

«Ўзэнергоинспекция» томонидан Фарғона шаҳридаги АГТКШда нархларнинг оширилиши кузатилгани аниқланиб, тушунтириш ишлари олиб борилган ва газнинг 3350 сўмдан сотилиши таъминланган. Сурхондарё ва Андижондаги иккита АГТКШда ҳам шундай ҳолатлар кузатилган.

«Агар сиз бугун бир кубометр сиқилган газ учун 3350 сўмдан зиёд миқдорда ҳақ тўлаган бўлсангиз, қўлингиздаги тўлов чекини ўша заправкага олиб бориб, ортиқча тўланган пулни талаб қилишга ҳаққингиз бор», — дея таъкидлади Энергетика вазирлиги.

Эслатиб ўтамиз, 30 март куни Вазирлар Маҳкамаси енгил автомобиллар учун метаннинг энг баланд чакана нархини икки ойга узайтирган эди. Бир кубометр учун максимал нарх 3250 сўмдан 3350 сўмгача оширилган.

«Шу ўринда АГТКШ масъулларидан ушбу қарор талабларига қатъий риоя қилган ҳолда фаолият юритишларини, акс ҳолда мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда ноқонуний фаолиятга нисбатан тегишли чоралар кўрилишини маълум қиламиз», — дейилади хабарда.

АГКТШларда табиий газ асоссиз равишда қиммат нархларда сотилаётганига гувоҳ бўлган фуқаролардан қуйидаги манзилларга мурожаат қилиш сўралади:

  • Бош прокуратуранинг Telegram`даги @Energonazorat боти ва телефони: 71−232−10−07;
  • «Ўзэнергоинспекция»нинг Telegram`даги @energoInspeksiya_bot боти ва телефони: 71−200−02−86;
  • Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасининг телефони: 71−207−47−00.

30 март куни Вазирлар Маҳкамаси енгил автомобиллар учун метаннинг максимал чакана нархини икки ойга узайтирганди. Бир кубометр учун чегара нархи 3250 сўмдан 3350 сўмгача кўтарилган.