29 март куни Ўзбекистон регби федерациясининг навбатдаги ҳисобот-сайлов конференциясида Содиқ Салихович Сафоев ташкилотга раис этиб қайта сайланди. Бу ҳақда Миллий олимпия қўмитаси ахборот хизмати хабар берди.

Йиғилишда ижроия қўмита ташкилот раҳбарлигига 2013 йилдан бери федерацияда раис сифатида фаолият олиб бораётган ва 2017 йил ушбу лавозимга қайта сайланган Олий Мажлис Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев номзодини илгари сурди. Иштирокчилар бир овоздан унинг номзодини қўллаб-қувватлади.

«Федерация раиси билдирилган ишончни оқлашга ваъда берар экан, терма жамоаларнинг моддий техник базасини ошириш орқали халқаро майдондаги натижаларни янада яхшилаш, мамлакатимизда регби оммавийлигини ошириш бўйича устувор режалар ҳақида тўхталиб ўтди», — дейилади хабарда.

Делегатлар, шунингдек, шу пайтгача федерация бош котиби лавозимида ишлаб келган Қаҳрамон Жалилов номзодини навбатдаги муддатга маъқуллади. Шунингдек, мудофаа вазири ўринбосари Алишер Нарбаев федерация раисининг биринчи ўринбосари, МОҚ бош котиби Ойбек Касимов ҳамда Республика товар хомашё биржаси бошқарув раиси Зиёвуддин Бадриддинов федерация раиси ўринбосари лавозимларига сайланди.

Тадбир давомида федерация ижроия қўмитаси, тафтиш ҳайъати ва тартиб-интизом қўмитаси таркиби ҳам шакллантириб олинди.