Шавкат Мирзиёев 29 март куни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва куч тузилмалари раҳбарлари иштирокида жамоат хавфсизлигини таъминлаш масалалари юзасидан йиғилиш ўтказди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.

Йиғилишда Ички ишлар вазирлиги ва Миллий гвардия раҳбариятининг савдо ва хизмат кўрсатиш соҳаси йирик объектларида, жумладан, савдо-кўнгилочар мажмуалар, боғлар, бозорлар ва бошқа фуқаролар гавжум бўладиган жойларда жамоат тартибини сақлаш ишларининг ташкил этилиши тўғрисидаги ҳисоботлари тингланди.

Жамоат хавфсизлигига янги таҳдид ва хатарлар тобора ортиб бораётган бугунги шароитда жамоат тартибини сақлаш ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлашда ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ва тадбиркорлик субъектлари ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш зарурлиги таъкидланди.

ички ишлар вазирлиги, миллий гвардия, президент, террорчилик

Шу билан бирга, жамоат хавфсизлигини таъминлаш билан боғлиқ чора-тадбирларни амалга ошириш жараёнида тадбиркорлик субъектлари ва фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини сўзсиз таъминлаш муҳимлиги қайд этилди.

Давлат раҳбари ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, фуқаролик жамияти институтлари ва тадбиркорлик субъектларининг бу борада тўлақонли ҳамкорлик қилишларини таъминлашга қаратилган норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқишга топшириқ берди.

Хусусан, Ички ишлар вазирлиги ва Миллий гвардия раҳбарияти олдига жамоат тартибини сақлаш бўйича олиб борилаётган ишларни янада кучайтириш, аҳоли гавжум бўладиган жойларда содир этилиши мумкин бўлган террорчилик ҳаракатлари ва бошқа фавқулодда вазиятларнинг олдини олишга қаратилган таъсирчан чораларни кўриш вазифаси қўйилди.

Аввалроқ Тошкент шаҳри ИИББ ва Миллий гвардия ходимлари савдо мажмуалари, кўнгилочар масканлар, бозорлар ва бошқа жамоат жойларида кучайтирилган тартибда хизмат олиб бораётгани маълум қилинганди.

Эслатиб ўтамиз, 22 март куни Москва вилоятидаги «Крокус сити ҳолл» концерт залига бир неча қуролланган шахс бостириб кириб, ўт очган. Улар, шунингдек, бинони бутунлай ёқиб юборди. Сўнгги маълумотларга кўра, теракт оқибатида 143 киши ҳалок бўлган, 360 дан ортиқ киши жароҳатланган. Ҳужумни содир этганликда гумон қилиниб, 11 киши қўлга олинган.