Исроиллик-америкалик психолог ва иқтисодчи, иқтисодиёт бўйича Нобел мукофоти совриндори, хулқ-атвор иқтисодиёти асосчиларидан бири Даниэль Канеман вафот этди. Бу ҳақда The Washington Post хабар берди.

Даниэль Канеман 90 ёшда эди. Ўлимига қадар олим АҚШдаги Принстон университетида фаолият юритди. Унинг ўлими ҳақида журналистларга асраб олинган қизи Дебора Трейсман хабар қилган.

Канеман ижтимоий, когнитив ва эмоциональ омиллар одамларнинг муайян иқтисодий қарорларни қабул қилишига қандай таъсир қилишини ўрганадиган фан йўналиши — хулқ-атвор иқтисодиётининг асосчиларидан бири ҳисобланади.

Даниэль Канеман 2002 йилда «психологик усулларни иқтисодиёт фанида қўллагани учун, хусусан, ноаниқлик шароитида ҳукм чиқариш ва қарор қабул қилишни ўрганишга қўшган ҳиссаси учун» иқтисодиёт бўйича Нобель мукофоти совриндори бўлган.

Олим, шунингдек, The New York Times версияси бўйича бестселлер деб эътироф этилган «Фикрлаш, тез ва секин» (Thinking, Fast and Slow) асари муаллифи саналади.