Шавкат Мирзиёев 27 март куни АҚШ сенатори Стивен Дэйнс ва Вакиллар палатаси қўмитаси раиси, конгрессмен Майк Рожерс бошчилигидаги делегацияни қабул қилди, деб хабар қилди давлат раҳбари матбуот хизмати.

Ўзбекистон-АҚШ стратегик шериклик муносабатларини мустаҳкамлаш, кўп қиррали ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

Давлат раҳбари парламентлараро алоқаларни, хусусан, АҚШ Конгрессида фаолият юритаётган Ўзбекистон билан ҳамкорлик бўйича кокус ишини юқори баҳолади.

Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 2023 йил якунига кўра 30 фоизга ошди. Томонлар Ўзбекистон бозорида фаолият юритаётган АҚШ компаниялари сони ортиб бораётганини қайд этди, жумладан, Air Products компанияси мамлакатда умумий қиймати 10 миллиард доллардан ортиқ инвестиция лойиҳаларини амалга оширмоқда.

Америкалик қонун чиқарувчилар вакиллик қилаётган Монтана, Алабама, Вашингтон, Калифорния ва Техас штатлари билан фаол амалий ҳамкорликни давом эттиришга алоҳида эътибор қаратилди. Таълим, қишлоқ хўжалиги, рақамли технологиялар, тоғ-кон саноати, «яшил» энергетика, фармацевтика, озиқ-овқат тармоғи ва бошқа соҳалар кооперация учун истиқболли йўналишлар сифатида қайд этилди.

АҚШ ҳудудлари бизнесининг Ўзбекистонга сафарларини ташкил этишга келишиб олинди.

Xалқаро ва минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар, шу жумладан, Афғонистондаги вазият юзасидан ҳам фикр алмашилди.