26 март куни Ўзбекистоннинг Саудия Арабистонига янги тайинланган фавқулодда ва мухтор элчиси Нодиржон Турғунов Ар-Риёдга борди, дея хабар бермоқда «Дунё» ахборот агентлиги.

Қайд этилишича, 49 ёшли дипломат Тошкент давлат шарқшунослик институтини (ҳозирги Тошкент давлат шарқшунослик университети) тамомлаган. Меҳнат фаолиятини мактабда ўқитувчиликдан бошлаган.

Хусусий тузилмаларда таржимон сифатида, шунингдек, Ўзбекистон хорижий мамлакатлар билан дўстлик ва маданий-маърифий алоқалар жамиятлари кенгашида ишлаган. 2016 йилдан бери Ташқи ишлар вазирлиги тизимида фаолият юритган.

Ўтган йиллар давомида ТИВнинг Консуллик-ҳуқуқий департаментида турли лавозимларда фаолият олиб борган. 2019−2021 йилларда Ўзбекистоннинг Оқтов шаҳрида (Қозоғистон), 2021−2024 йилларда эса Жидда шаҳрида (Саудия Арабистони) бош консул бўлиб ишлаган.

Нодиржон Турғунов 2018—2024 йилларда Ўзбекистоннинг Саудия Арабистонидаги элчиси ва Ислом ҳамкорлик ташкилотидаги доимий вакили лавозимларида ишлаган Улуғбек Мақсудов ўрнига тайинланди.