26−29 март кунлари Ўзбекистон ҳудудига Ўрта денгиздан нам ҳавонинг бир қисми кириб келиши кутилмоқда, деб хабар бермоқда Ўзгидромет хизмати агентлиги.

25 март куни Ўзбекистоннинг барча ҳудудлари бўйича ҳаво ҳарорати +23…+28 даража илиқ, жанубда ва чўл ҳудудларда 30 даражагача бўлган қуруқ ва жуда илиқ об-ҳаво сақланиб туради.

25 март куни республика бўйича вақти-вақти билан ёмғир ёғади, айрим жойларда кучли бўлади, момақалдироқ бўлиши мумкин.

26 мартда юқори ҳарорат фони сақланиб туради, сўнг ҳаво ҳарорати аста-секин пасаяди ва иш ҳафтасининг охирига келиб +13…+18 даража илиқни ташкил этади. 25−26 ва 28−29 март кунлари баъзи жойларда шамол тезлиги 17−22 м/с гача кучаяди, 28−29 мартда айрим жойларда баъзида 25−28 м/с гача кучайиши мумкин.

Тоғларда вақти-вақти билан ёғингарчилик (ёмғир, қор), баъзи жойларда кучли бўлади. Қор кўчиши хавфи сақланиб туради.

Пойтахтда 26 мартда ёғингарчилик кутилмайди, 27−29 мартда вақти-вақти билан ёмғир ёғади, момақалдироқ бўлиши мумкин.

Душанба ва сешанба кундузги ҳарорат +25…+27, 27 мартда +20…+22, 28 мартда +18…+20 даража илиқ, кечалари ҳарорат асосан +11…+14 даража илиқ бўлади.

Аввалроқ Ўзгидромет 26−31 март кунлари Ўзбекистоннинг тоғолди ва тоғли ҳудудларида сел-сув тошқин ҳодисалари юзага келишидан огоҳлантирганди. Ёмғир сувлари тўпланиши сув босишига олиб келиши мумкин.