25 март куни Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов Россиянинг Тошкентдаги элчихонасига ташриф буюриб, элчи Олег Мальгинов орқали бутун Россия халқига ҳамдардлик билдирди. Бу ҳақда Ўзбекистон ҳукумати раҳбари матбуот хизмати хабар берди.

абдулла арипов, москва вилоятидаги теракт

Аввалроқ Абдулла Арипов Россия ҳукумати раиси Владимир Мишустинга Москва вилоятидаги «Крокус сити ҳолл» мажмуасида содир этилган теракт оқибатида кўплаб қурбонлар ва жароҳатланганлар муносабати билан ҳамдардлик билдирганди.

24 март Россияда теракт оқибатида ҳалок бўлганлар хотирасига мотам куни деб эълон қилинди. Шу куни Россия элчихонасига бош вазир ўринбосари Жамшид Ходжаев, ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов, ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов, фавқулодда вазиятлар вазири Абдулла Қўлдошев, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери Нурдинжон Исмоилов, Сенат раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев ва бошқа расмийлар ташриф буюрди.

Сўнгги маълумотларга кўра, теракт оқибатида 137 киши ҳалок бўлган, 150 га яқин киши жароҳатланган.