Наврўз муносабати билан Тошкентнинг бош бозорида байрам уюштирилди. Бозорнинг Сақичмон кўчасидаги асосий дарвозаси сунъий гуллардан қурилган арка, байрам табриклари ёзилган ранг-баранг плакатлар ва амалий санъат буюмлари билан безатилган. Адрас тўшалган расталар эса сумалак, кўзни қамаштирувчи нишолда, қовурилган чучвара, тилларанг қатлама ва чак-чаклар билан харидорларни ўзига ром этади.

Бозорнинг «ташриф қоғозчаси» — катта гумбаз олдида саҳна қурилган. Бозорга келганлар ўймакори ёғоч каравотда ташкил этилган фотозонада эсдалик учун суратга тушяпти. Каравот атрофида эса кўзни қувнатувчи сўзаналар, чиройли қовоқлар терилган арава, қувноқ мусиқа ва баҳорнинг ёқимли ифори.

Байрамни ИИВ академияси оркестри баҳорий куйлардан иборат мусиқий дастур билан очиб берди. Кўп ўтмай уларга санъаткорлар ва раққосалар жўр бўлди. Таниш мусиқа садолари остида халқ ҳам ўйинга туша кетди.

Бозор директори ўринбосари Насруллоҳ Мелиқуловнинг сўзларига кўра, байрам муносабати билан бозорда арзонлаштирилган маҳсулотлар ярмаркаси ташкил этилган ва у март охиригача давом этади.

«Одамлар бозорлик қилиб, дастурхонларини тўкин қилишларини хоҳлаймиз. Байрам кайфияти ҳар кимнинг қалбига кириб борсин, деймиз, — дейди директор ўринбосари. — Наврўз халқимиз учун ғоят муҳим аҳамиятга эга. Табиатнинг уйғониши ва янги давр бошланиши рамзи сифатида у бизни эски гина-кудуратларни унутишга, қалбни тозалаш ва келажакка умид билан қарашга ундайди. Наврўз одамларни бир-бирига яқинлаштиради, яхши қўшничилик анъаналарини кучайтиради ва одамни бутун келгуси йил учун руҳлантиради. Наврўз меҳр-оқибат, дўстлик рамзи ҳамда дунё фақат тинчлик ва хотиржамликда гуллаб-яшнаши мумкинлигининг бир далили ҳисобланади».

Дарвозадан ўнг тарафда одамлар тўпланган, гулханнинг аччиқ ҳиди димоққа урилади, кимдир ўтин ёриш билан овора.

«Агар сумалакни уч марта кавлаб, ният қилсанг, ниятинг албатта амалга ошади», — дея ўткинчиларни сумалак кавлашга чақиради Мастура опа.

Аёлнинг ўзи яқинлари учун бахт, соғлиқ ва саодат сўрайди. Сумалак унинг учун қон-қариндошлари билан тўпланиш ва ота-боболарини хотирлаш учун бир баҳона. Мастура опанинг эслашича, онаси ҳар йили апрелда уларнинг катта оиласи учун икки дошқозонда сумалак пиширар, кичкина қиз бўлишига қарамай, Мастура опага бу жараённи кузатиш завқ берарди. У тошлар йиғар, масаллиқни тайёрлашга ёрдам берар ва тунда онасининг ўрнига сумалак кавларди. Эртасига эса тайёр бўлган ширин таом барча қариндошлар ва қўни-қўшнига тарқатиларди. Мастура опа бу анъанани сақлаб қолишга ва келгусида фарзандлари ҳам буни давом эттиришига ҳаракат қиляпти.

наврўз, нишолда, сумалак, талқон, тошкент, чорсу

«Тайёрлаш жараёни қанчалик қувноқ бўлса, сумалак ҳам шунча ширин чиқади. Уйда ё маҳаллада сумалак пиширсак, эски дамларни эслаймиз, ҳаётимизда бўлган ҳар хил ишларни гаплашамиз, ниятлар қиламиз, ашулалар айтиб, ўйинларга тушамиз. Сумалакни бир ўзинг тайёрлай олмайсан, чунки у одамларни бирлаштиради, уларнинг қалбига яхшилик уруғларини сочади ва миллий қадриятларимиз ҳақида эслатиб туради. Сумалак узоқ пишириладиган, лекин тезда тарқатилиб, тезда еб қўйиладиган таом», — дея кулади тонгдан бери сумалак қайнатаётган аёл.

Расталарда тайёр сумалак ҳам сотиляпти. Сотувчилар қуюқлиги турлича бўлган сумалакларни таклиф қилади, сўраганингизни бонкаларга, контейнерларга ва стаканчаларга қуйиб беради.

Қашқадарёлик учинчи авлод сумалакчи ҳисобланган Акмал Иброҳимов мазкур баҳорий таомни пиширишни бошлаганига 20 йил бўлган. Унинг айтишича, бу ҳунарнинг сир-асрорларини яхши устознинг қўли остида эгаллаган мақсадга мувофиқ.

«Бошқа ҳар қандай касбни қандай ўргансангиз, сумалак пиширишни ҳам шундай ўрганиш керак. Мен беш йил амакимнинг қўлида шогирд бўлганман, — дейди сотувчи. — Менга энг биринчи ўргатилган нарса — ишга меҳр билан ёндашиб, завқ олиб ишлаш. Сумалак тайёрлашга эзгу ният билан киришмасангиз, мазаси ҳам, ранги ҳам яхши чиқмайди».

Акмал аканинг асл касби сартарош, лекин баҳор келиши билан у сартарошхонасини ташлаб, ўзини сулолавий ишга бағишлайди. Сумалак мавсуми январда бошланиб, майда тугайди. Иброҳимовлар оиласи ҳар куни, буюртмалар ҳажмига қараб, 300 литрдан 500 литргача сумалак тайёрлайди. Шундан фақат 150 литри Чорсуга олиб чиқилади, қолганини ресторанларга, озиқ-овқат дўконларига улгуржи сотишади, Қозоғистон, Туркия, БАА ва Америкага юборишади.

Акмал Иброҳимовнинг қўшниси эса нишолда билан савдо қилади. Зарина Нарзиева ҳар йили Рамазон арафаси оиласи ва оппоқ ширинлик сир-асрорлари билан бирга Бухородан Тошкентга келади; у нишолда тайёрлашни онаси ва бувисидан ўрганган.

наврўз, нишолда, сумалак, талқон, тошкент, чорсу

«Сумалакдан фарқли ўлароқ, нишолдани ҳамма ҳам тайёрлай олмайди, — дейди у. — Нишолда тайёрлаш бир неча ойлик қаттиқ меҳнат орқали орттириладиган билим ва кўникмани талаб қилади. Нишолда тўлиқ қўл меҳнати билан тайёрланади. Жараён осон эмас, кўп куч ва вақт олади, шу боис уни одатда эркаклар тайёрлайди. Оиламизда нишолдани эрим, акам ва ўғилларим тайёрлайди, биз аёллар эса уни бозорга олиб чиқиб, сотамиз».

Оила нишолда тайёрлашга анча барвақт киришади. Бунда энг асосий масаллиқ — халқ орасида «етмак» деб аталадиган ўсимликнинг кўпикланувчи илдизи ҳисобланади. Уни тоғлардан териб келиб, қуритишади. Сўнг яхшилаб қайнатиб, суви олинади.

наврўз, нишолда, сумалак, талқон, тошкент, чорсу

Биринчи бўлиб шакар қиёми тайёрланади. Ҳиди янада ёқимли бўлиши учун лимон кислотаси ва ванилин қўшилиши мумкин. Қиём совигунча тухумнинг сариғи ва етмак суви чилчуп ёрдамида яхшилаб аралаштирилади. Ўзи икки марта аралаштирилса қоришма бирдан кўпира бошлайди, аммо тўхтаб қолмаслик керак — камида ярим соатча аралаштириш лозим. Кейин оқ кремга қиём қўшилади ва бир хил кўринишга келгунича яна аралаштирилаверади, сўнг тўрт-беш соатга тиндириб қўйилади. Зарина опанинг айтишича, идеал нишолда қордай оппоқ, қушдай енгил ва маромида чўзилувчан бўлади, айни вақтда қиёми ажралиб чиқмаслиги, тагида қолиб кетмаслиги ҳам керак.

Нишолдани ёпган нон билан тановул қиладилар. Бу ширинлик анъанавий тарзда Рамазон ойида истеъмол қилинади. Муқаддас ой давомида Нарзиевлар оиласи бир тоннадан ортиқ нишолда тайёрлайди.

Талқон — рўзадорлар орасида машҳур ширинликлардан яна бири. Йирик тортилган ва қовурилган дон маҳсулотлари қадим-қадимдан жисмоний меҳнат билан шуғулланувчилар, хусусан, саёҳатчилар, жангчилар ва деҳқонлар егулиги ҳисобланган. Таркибида ишлатилган бошоқли ўсимликларнинг турига қараб, талқон саломатликни мустаҳкамлаб, организмни ёшартиради.

наврўз, нишолда, сумалак, талқон, тошкент, чорсу

«Талқоннинг чинакам сеҳрли таъсири бор, — дейди сотувчи Дониёр Қўзиев. — Ҳар куни мунтазам истеъмол қилинса, иммунитетни мустаҳкамлайди, моддалар алмашинувини бир маромга келтиради, вазнни, қон босимини ва юрак-қон томир касалликлари хавфини камайтиради. Агар наҳорда оч қоринга бир қошиқ талқон ейилса, у кун бўйи тўқ тутади. Бошоқли кукунни узоқ вақт сақлаш мумкин, шунда ҳам унинг даволавчи ва тўйинтирувчи хусусиятлари йўқолмайди».

наврўз, нишолда, сумалак, талқон, тошкент, чорсу

Олтмиш ёшли сотувчи 30 йилдан бери рафиқаси билан бирга талқон тайёрлайди. Унинг столида егуликнинг 10 дан ортиқ тури бор. Талқонни тайёрлашда қўлланиладиган ўзига хос ун рецепти эса авлоддан авлодга ўтиб келади. Таомни тайёрлаш тўрт соатча вақт олади. Аввалига дон яхшилаб ювилиб, матода қуритилади, сўнг чўян товада қовурилади. Совигач, ун билан аралаштирилади. Маҳсулотларнинг фойдали хусусиятлари йўқолмаслиги учун Қўзиевлар оиласи тошдан ясалган қўл тегирмонидан фойдаланади. Дониёр ака уй шароитида тайёрланган талқонни фақат баҳорда бозорга олиб чиқади, қолган вақт уйда экинлари билан банд, мева ва сабзавот савдоси билан шуғулланади.

Талқон нархи унинг масаллиғига боғлиқ: оддий буғдой уни, арпа, маккажўхори, сули ёки гуручдан тайёрланган талқоннинг бир килоси 30 минг сўм, шакар, ёнғоқ ва майиз қўшилгани — 35−40 минг сўм. Энг қиммати ва ширини эса ҳайит-талқон. Ун, сут ва асал қўшиб тайёрлангани учун унинг ранги тилларанг-жигарранг аралаш, мазаси жуда ёқимли. У байрам дастурхонига тортилади, қандолат маҳсулотларига қўшилади.