Шавкат Мирзиёев 23 март куни Россия президенти Владимир Путин билан телефон орқали мулоқот қилди. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти матбуот хизмати хабар берди.

Шавкат Мирзиёев Москва вилоятидаги «Крокус Сити Ҳолл» концерт залида содир этилган теракт оқибатида кўплаб қурбонлар бўлгани муносабати билан Россия президенти ва халқига чуқур ҳамдардлик билдирди, дейилади хабарда.

Президент Ўзбекистон халқи номидан ҳалок бўлганларнинг оила аъзоларига бардамлик сўзларини етказди, жабрланганларнинг тезроқ соғайиб кетишини тилади. У бегуноҳ одамларга қарши содир этилган бу жиноятни кескин қоралашини таъкидлади.

Россия президенти Ўзбекистон президентига қўллаб-қувватлаган сўзлари ва зарур ёрдам кўрсатишга тайёрлиги учун миннатдорлик билдирди.

Давлат раҳбарлари икки давлат хавфсизлиги ва барқарор ривожланишига таҳдидга қарши курашиш бўйича икки томонлама ҳамкорликни фаоллаштириш бўйича келишиб олди, дейилади хабарда.