«Абдулла Орипов» фильмига ёзилган ушбу тақриз дастлаб «Жаҳон адабиёти» журналининг 2024 йил март ойи сонида қисқартирилган шаклда эълон қилинган. Тақриз муаллифи Иқбол Қўшшаева мақоланинг тўлиқ кўринишини «Газета.uz»га тақдим этди.

XX ва XXI аср бошидаги ўзбек адабиётида Абдулла Орипов кўрган шуҳрат, эътироф ва эҳтиром ҳали ҳеч бир ижодкорга насиб бўлмаган. Шунингдек, у кечинган руҳиятнинг чигал сўқмоқларини, маънавий ютқизиқларни ҳам ҳали ҳеч қайси ўзбек адиби кўрмаган бўлса керак. Абдулла Орипов истеъдодининг салмоғи қадар зиддиятли шахсият. Шоир ҳаётини яқиндан билган, унинг дунёсини холис идрок этган одам биладики, у умрининг сўнгги йилларида ўзини тинимсиз тафтиш этган, гоҳ ўзидан, гоҳ ўзгадан ёзғирган, ички «мен»и қаршисида кўзгу қўйиб, ўз ҳолидан ҳатто аччиқ, аммо самимий кула олган зот эди.

Унда гоҳ донишмандона вазминлик, гоҳ эҳтирос одамига хос алам, гоҳ закий қувлик, ҳаётсеварлик, мутойибага мойиллик кайфияти баҳор ҳавосидай алмашиб турган. Шоир хатоларга мойил ожиз одам эканидан тонмаган. Гарчи башар фарзандларидан бири бўлса-да, кўплар қатори ўз замонининг зиндонбанди, муҳитнинг маҳкуми эди. «Шу даврнинг бозорига чиқиш, шу жойнинг мозорига кўмилиш» қисмат битиги эканини бир зум ҳам унута олмади. Қайсидир маънода бу гап унинг ўзига берган таскин, тасаллиси эди. Шу боис ҳам бир қараганда бус-бутун, яна бир қараганда кемтик қисмат эгаси сифатида хаёлларда гавдаланади.

Бундай зиддиятли, мураккаб тарихий сиймонинг, турфа ранг адабий ҳодисанинг замондошлари, эгалари, яъни оила аъзолари ҳали ҳаёт бўла туриб у ҳақда бадиий фильм олишга жазм этиш киноижодкордан катта таваккални, маънавий жасоратни талаб қиларди. Чунки махсус расмий ташаббусни адо этиш мажбуриятининг юки ҳазилакам иш эмас. Шунинг учун фильмда ижодий-интеллектуал ҳалолликдан кўра, сиёсий жавобгарликнинг посангиси оғир келиши табиий ҳол. Бундай босим остида ижод эркинлиги, илҳом сурури, чин дард ҳақида фақат орзу этмоқ мумкин.

Музаффар Эркинов режиссёрлигидаги «Абдулла Орипов» бадиий фильмини (сценарий муаллифлари — Минҳожиддин Мирзо, Муқаддас Усмонова, Фурқат Усмонов ва Абдуқаюм Йўлдошев) шоир умрига бир қур разм солиш дейиш мумкин. Ҳаёт шомида «киприкдаги ёшдек» қалқиб турган шоир хотиралари орқали унинг болалиги, ёшлиги — муҳаббат фасли, адабиётда ўрнини топиши ва жамоат арбоби сифатида гавдаланиш даврига шунчаки кўз югуртирилади.

Ҳар қандай фильмда, у тарихий-биографик жанрда ишланган бўлса-да катта бадиий ният — ғоя яширинган бўлади. Қаҳрамон қисматининг қайсидир қирраси орқали айтилиш зарур бўлган муҳим ГАП гапирилади. Масалан, ўзбек даҳоси ҳақидаги фильм билан бир вақтда катта экранга чиққан «Оппенҳаймер» (режиссёр Кристофор Нолан) фильмида атом бомбасининг яралиши ғояси бошиданоқ хато бўлгани, бу кўпгина кулфатлар дебочаси экани уч соат давомида тушунтирилган. Ва Кристофор Нолан иқтидордаги сиёсатга даҳонинг фақат меҳнати керак, ўзи эмас, деган аччиқни ҳақиқатни кино тили воситасида айтади.

Абдулла Орипов ҳаёти намуна қилиб кўрсатилиши кўзланган фильмдаги муҳим ГАП нимада?

Шоирнинг олисларда қолиб кетган ўтмиши — болалиги акс этган тасвирлар болакай Абдуллажон (Жасурбек Абдуманнопов)нинг нигоҳи каби ёрқин, бурро тили каби тиниқ, иссиқ истараси каби самимий чиққан. Бўлар бола бошидан маълум дейсиз. Биз қумлоқ кўчаларда чопқиллаб кетаётган «қинғир», қитмир болакайда бўлажак шоирга хос қувликни, топқирликни, уддабуронликни, чечанликни, ёниқ нигоҳни кўрамиз. Бир қайнови ичида бўлган жонсарак. Боланинг биргина «киштей» дейишида ўзимизга қардон сиймонинг қадрдон шумлигини кўргандек бўламиз. Бироқ Шодмонқул Салом ижросидаги улғайган Абдуллада бу ўзига хослик, оҳанраболик қаёққадир ғойиб бўлади. У мудом жиддий, ўйчан, сипо, ўта тавозели, одоби жигарни эзадиган даражадаги силлиқ шахс сифатида гавдаланади.

абдулла орипов, иқбол қўшшаева, тақриз, ўзбек киноси, ўзбеккино

Болакай Абдуллалар уйига келган зиёлинамо меҳмон Абдулҳамид Чўлпоннинг «Кўнгил» шеърини дафтар ёки китобга қараб оҳанг тортиб ифодали ўқиши акс этган кадр самимий оқимда оқаётган таассуротга соя сола бошлайди. Кўриниб турибдики, Абдуллажон ҳали 10 ёшга тўлмаган. Чамалашимизча, воқеалар 1950 йилга тўғри келяпти. Сталин ўлимига яна уч йил бор. Мустабид вафот этганида қаҳрамонимиз энди ўспиринлик остонасида эди. Чўлпон ижодий мероси эса 1956 йилга келиб оқланади. Бироқ шунда ҳам ҳаливери юзага чиқмайди.

Тайинли недир дейилмаса-да жадидлар ҳақида гўё гапирилади. Бу саҳна шоир оддий муҳитдан чиқмаган дейиш учун ясалган. «Гап ҳам, шеър ҳам ташқарига чиқмасин» дейилади. Бадиий тамойил ҳар қандай тарихий тўқимани кўтаради дейишингиз мумкин, лекин у давр мантиғидан чекиниш, тарихий ҳақиқат тушунчасини инкор этиш эвазига бичиб ташланмаслиги керак. Ваҳоланки, шоирнинг отаси Орифбой Убайдулла ўғли жамоа хўжалиги раиси, яъни партия ишонган одамлардан бўлган. Раис сиёсий ҳушёрликни бой бериб қўйиши мумкин эмас. Яна воқеалар адабий муҳитдан анча олисда, чекка қишлоқда рўй беряпти. Бу йилларга келиб совет пропагандаси «халқ душмани» мафкураси ташвиқотида изчил қатъий ишлаган, бу ёт, машъум ғояни халққа анча-мунча сингдиришга улгурган ҳам. Сталин феномени чинакам доҳийга айланиб бўлган эди. Ўша чордона гурунгда Сталин, Москва, Кремль деворлари ҳақида шеърлар қоралаган Аблуллажоннинг ҳолати анча ишончли ва табиий чиққан.

Манас Левиевнинг юракни энтиктирувчи, ширин хотираларга чорловчи куйи остида олтмишинчи йиллар бошига, совет Тошкентига кириб борамиз. Машҳур мусиқа садоси некбин туйғуларга бой Абдулла юрагининг сасидан дарак беради.

Фильмдаги Ҳанифа ая ролини Ўзбекистон халқ артисти Гулчеҳра Жамилова ўйнаган. Актриса кўникмага айланиб бўлган, қолиплашган анъанавий ижро йўсини билан мунисгина, мушфиққина, маъсумгина мўътабар ўзбек аёлининг суратини кўрсатиб беради. Экрандаги шоир рафиқасининг садоқати, жонфидолиги ижтимоий кўламга кўтарила олмаган, у маиший босқич даражасида қолиб кетади. Гулчеҳра Жамилованинг Ҳанифа аяси гўё ҳалимлик жамолининг намунаси, чиройли ҳошияга жойланган портрет. Драматик юки, руҳий залвори йўқ образ. Ҳолбуки, киноижодкорлар астойдил изланса, бу қаҳрамонни бойитиш учун материаллар бисёр эди.

Шоирнинг қизи Рухсора Орипова ижтимоий тармоқдаги «Абдулла Орипов шеърияти» саҳифасида оммага номаълум қимматли маълумотларни эълон қилиб боради. Айниқса, 2022 йилнинг 21 мартида эълон қилинган ўттиз бир йиллик тарихга эга «Шарқий Туркистон» шеъри билан боғлиқ манбада Ҳанифа Орипова шахсиятининг фильм драматургиясида асқотиши мумкин бўлган бир қирраси кўринади. Унда Ҳанифа аянинг қуйидаги хотираси берилган:

«1991 йилнинг май ойида Абдулла ака билан Урумчи шаҳрига бориш насиб этди. Бизларни уйғур шоири Буғдо Абдулло ва уларнинг умр йўлдошлари Чаманой опа шахсий виза орқали меҳмонга таклиф этишган эди… Саёҳатимизнинг иккинчи куни ҳужжатларни расмийлаштириш учун бизни маҳкамага олиб боришди. Расмий ишлардан сўнг шаҳарни томоша қилгани отландик… Ўша кунларнинг бирида Абдулла акага илҳом келиб „Шарқий Туркистон“ шеърини қораладилар. Эрталаб ҳали шоир уйқудан уйғонмасидан, Буғдо Абдулло ташвишли ҳолатда кириб келдилар. Уларни тонг саҳардаёқ полицияга чақиришган экан. „Абдулла акага билдирмай шеърни тезлик билан йўқ қилиш керак“, дедилар ранглари оқариб. Шеърни олиб чиқдим. Ҳали оққа кўчирилмаган шеърни майдалаб йиртдик ва ҳожатхонага оқизиб юбордик… Тасодифни қарангки, шеърнинг бир нусхаси бошқа шеърлар орасида қолиб кетган экан. Ўзбекистонга келиб топиб олдим. Абдулла акага бўлган воқеаларни айтиб берсам, „хабарим бор, шеърни яшириб қўй“, дедилар».

Шеърда шундай сатрлар бор эди:

Шўргинанг қурсин сенинг,
Жоним Шарқий Туркистон,
Бегона эмас менинг
Қоним, Шарқий Туркистон.

Хуллас, Абдулла Ориповнинг ижодий бисотида бекитиб қўйилган хазиналар мўл. Яна қанчаси майдаланиб оқиб кетган ҳам бўлиши мумкин. Аёл эрини, оиласини бало-қазолардан гўё шу йўл билан ҳимоя қилади. Тушунаман, фильмда Шарқий Туркистон билан боғлиқ воқеани айнан, борича киритишга ҳали тайёр эмасмиз. Лекин шоирнинг ҳазиллашиб бўлмайдиган қалбини, инсоний драмасини ҳаққоний ифодаловчи воқеалар бадиий сайқалланиб, ишлов берилганда эди, Абдулла Орипов ва Ҳанифа ая сиймоси жонлироқ, таъсирлироқ чиқарди. Ва бу «махсус ташаббус»нинг асл мақсадига соя солмасди, аксинча, фильмга самимий тус берарди, санъат асарига айланишига ёрдам берарди.

Шоир ҳукумат томонидан ҳар тақдирланганда, хизмат пиллапояларидан мартабаси юксала борган сари бекитиб қўйилган шеърлар сақланадиган папканинг ҳам семириб, кўпайиб боравериши, Ҳанифанинг қўли фонида қулф ўрнатилган ғаладоннинг аҳён-аҳёнда очилиб ёпилиши кадрлари киритилганда эди, актриса Гулчеҳра Жамилованинг образ яратишига ҳам имкон яратилган бўларди. Аёнки, собиқ иттифоқ даврида шоирнинг хизматлари Давлат томонидан кўп бор эътироф этилган. Масалан, 1972 йили Ўзбекистон Ленин комсомоли мукофоти, 1983 йили Ўзбекистон ССРнинг Ҳамза мукофати билан тақдирланган. 1989 йили Ўзбекистон Халқ шоири унвонига эга бўлган. СССР халқ депутати эди ҳам. Баҳонада шу маълумотлар ҳам сиздириларди. Ўнлаб шеърлар йўққа чиқиши эвазига мансабу мақомда бир ўсиш юз беради.

Яна бир истиҳола шундаки, мабодо Эркин Воҳидов ёки Ўткир Ҳошимов ҳаётига бағишланган фильм олингудек бўлса, уларнинг ҳам аёллари худди шу мезонда, худди шу қолипда «ўзбегимнинг мунисгина, мушфиққина, маъсумгина дилбар аёллари» сериясида талқин этилиб қолмасмикан? Ваҳоланки, уларнинг ҳар бири бир-бирини такрорламаган, ўзгача феъл-атворга, ўзгача жозибага эга аёллардир.

абдулла орипов, иқбол қўшшаева, тақриз, ўзбек киноси, ўзбеккино

Кекса шоир хаёлан олисларда қолиб кетган ўтмишига сайр қилар экан, унинг хотироти маҳзун кузни эслатувчи сарғимтир тусда тасвирланади. Гўё яшаб бўлинган воқеаларнинг бари кузда кечгандек. Ўйлаб қаралса, чиндан ҳам хотираларнинг, ўтиб кетган умрнинг ранги сарғиш-да. Сарғайган умр, хазон бўлган замон, бир хилликлар ичра, қолиплар ичра кечган давр, сарғайган қоғозлару сарғайган китоблар ранг-рафторини эслатувчи таҳририятдаги ҳаёт — пуч ғоялар иллюзияси таассуротини уйғотади. Либослар бўйича рассом ишлари, тасвирчининг маҳорати давр кайфиятини борича кўрсата олган.

Бироқ айтиш жоизки, шоир образининг замонга зид қўйилиши ўзбек совет киносининг узоқ йиллик синашта усулларидан биридир. Мазкур фильмда ҳам кўплар обдон юрган шу йўлдан борилган. Ҳолбуки, асл ҳақиқат, асл драма ва асл жозиба шоирнинг ўзига зид келишидадир!

Даҳоликни, гўзалликни ва муҳаббатни кечириш мушкул. Чунки улар дунёга сиз қабул қилган, сиз меъёру мезон деб билган туйнукдан боқмайдилар. Мана шу энг равон йўл дея тақдим этилган йўлакдан юрмайди, улар қадамида издиҳом қабул қилган тартиботлар бузилади. Шу боис, ўзбек замонавий шеъриятида янги ҳаво олиб кирган, адабий инқилоб ясаган Абдулла Ориповга қаршиликлар кўп бўлган. У истеъдоди билан ўзидан катта авлод вакилларининг ёстиқдай-ёстиқдай китобларини, шуларни ёзишга сарфланган умрни беҳуда эканини ўзларига кўрсатиб берган эди. Улар тўғри деб билган йўлнинг нотўғрилигини исботлаганди. Бу албатта замонасоз истеъдодсизлар учун ёқимсиз кўзгу. Тенгқурлари учун ҳам адабий мезоннинг ўлчовини кўтариб беради, Шукур Холмирзаев ва Низом Комилов каби зиёлилар ўз вақтидаёқ бу ҳодисани очиқ тан оладидар, поэзия уларга буюрилмаганини очиқ эътироф этадилар.

абдулла орипов, иқбол қўшшаева, тақриз, ўзбек киноси, ўзбеккино

Майли эди, бир даҳога бир Дантес тўғри келса. Лекин бир даҳонинг биргина қаҳ-қаҳаси ўнлаб дантесларни туғдирса нима қилмоқ керак? Ўзбекистон халқ артисти Муҳаммадали Абдуқундузов Шотурсин Мирвалиев ролини ижро этар экан, актёр истеъдодидан имтиёзи баланд замонасоз, мансабпараст кимса образини ишонарли талқин этади. Қаҳрамонининг ички мантиғини топади. Бундайлар аслида ўз соясидан ҳам ҳуркийди. Мана шу соя билан бошқаларга ҳам дўқ уради. Унинг бошини хам қилганча биринчи котиб Шароф Рашидов хонасидан чиқиб келаётгандаги авзойини бир эсланг ҳамда минбарда Абдулла Орипов ижодини ур-калтак қилаётгандаги дағдағасига қаранг… Улар тақиб олган пушти кўзойнак воқеликни фақат партия, давлат, ватан, совет халқи манфаатлари ва кейинги ҳукуматнинг мафкурасига айланган мустақиллик сиёсати қобиғидан кўради ва тан олади. Ўзларининг тор тушунчалари билан истеъдодлиларга кун бермайди.

Яна бир савол туғиладики, фильмда шоир феномени Ўзбекистон ҳудудидан, миллий миқёсдан бир қадам ҳам ташқарига силжимайди. Ўзбек тилида ижод қиладиган жаҳон адабий тафаккури соҳиби эканини, абадият фарзанди эканини туймаймиз. Фақат юртини тараннум этган ошиғи олчи номдор адиб сифатида намоён бўлади. Унинг шеърларини рус тилига Евгений Евтушекно ўгирган, у «Илоҳий комедия»нинг уста таржимони сифатида Италия адабий жамоатчилигига кириб борган эди. Чингиз Айтматов, Расул Ҳамзатов, Ўлжас Сулаймонов ва Ботир Зокировлар билан даврадош, дилдош бўлган. Шоирнинг биргина «Бобо ва набира» шеърини эслайлик:

…Ота, набирангни озод қўй бир дам,
У ҳали узоққа кетмоғи даркор.
У ҳали номингни кўксига жойлаб,
Самолар қўйнида ургусидир барқ.
Уни қадамингга ташлама бойлаб,
Қўйвор набирангни, отажоним, Шарқ…

Улкан заминий оғриқни, миллий дардни кўксига қамаган дунёвий шоир эди у. Айтишингиз мумкин, ҳамма нарсани биргина фильмга сиғдириб бўлмайди-ку, деб. Лекин айнан кинонинг мўъжизавий тили, экран имкониятлари томчида қуёшни акс эттиришга қодир. Катта истеъдод қамровини маҳаллий чегаралар, миллий миқёслар билан чеклаб қўйиш умуминсоний ғояга хизмат этувчи санъатнинг маслагига зиддир.

«Мана-ман деган шоирларни ортда қолдириш» қисматини кўтариш бир кичкина вужудга оғирлик қилади. Энди бояқиш истеъдодга паноҳ керак, нажот девори керак. У қандай қилиб инсоний ҳислардан мосуво Клара Хаджаевна қиёфасидаги ҳукумат билан битимга келди? Қай йўллар уни зулм остонасига олиб келди? Нечун истеъдод — иблис эрмагига айланади? Нега шоир қора кучни «эзгулик қилувчи халоскор куч» дея олқайди? Абдулла Орипов феномени мана шу азалий саволларни, мангу изтиробни олиб чиқа оладиган улкан жумбоқ эди. Унинг адабий қисматида Мефистофелу Воланднинг салафлари қай даражда тантана қила олди? Ва бу жангда ким мағлуб бўлди… Ҳа, аслида Абулла Орипов бадиий қиёфаси Гёте ва Булгаков талқинидаги тимсоллар билан тенг. Лекин ҳадиклар ичра шунақа образни яратиш мумкинми?

абдулла орипов, иқбол қўшшаева, тақриз, ўзбек киноси, ўзбеккино

Гўё тугуннинг бир учи кўрсатилгандек бўлади. Аноним хатлару Дзержинский расми осиғлиқ КГБ биносидаги суҳбат шоир қандай синдирилишига ишора беради. Дзержинский мактабининг мевалари қанчадан-қанча истеъдодларимизни маҳв этгани, абдуллаларимизни ўсал қилгани ҳақида оғир кайфият уйғотади. КГБ ходими ролини ижро этган актёр Аброр Йўлдошев ўзига юклатилган вазифани уддалайди. У ёт унсурларни, халқ душманларини қанчалик кўп фош этса унинг хизмат мақоми ҳам шунчалик юксалади. Қайсидир маънода сиёсий хатолар бунақаларнинг манфаатига хизмат қилади ҳам. Актёр одамлик сиёқидан мосуво одам моҳиятини фош этиб, бўрттириб ташламайди. У жиндек вазминлик, жиндек шиддат билан асл хоинлар кимлар экани ҳақида томошабин шуурига хабар йўллайди. Бироқ бу бетаъсир нусха қаршисидаги шоирнинг ички кечинмалари қай даражада чиққан? КГБ ходими важоҳати уйғотган шоирнинг ўз-ўзи билан кураши, ўзининг олдидаги таслимияти-чи? Қўрқуви ва чекиниши-чи? Йўқ, биз ҳайкал сумбатидаги бир одамни кўрамиз. Ваҳоланки, тинимсиз руҳий тўлғоқлар, шуҳрату шаън курашлари шоирни Клара Хаджаевналар кемасига олиб келган эди.

Аслида самовий муждалар даракчиси қай тариқа ерлашиши, ҳаммалашиши, шоир қўрқуви, истеъдод мағлубияти нималигини Шодмонқул Салом жуда яхши билади. Фақат унда актёрона ифода, кечинма санъати етишмайди. У ўзига бегона бўлмаган кечинмаларни, ички кайфиятини юз-кўз ифодаларида кўрсата олмайди. Ҳолбуки, фильмда шу руҳий эврилишларни чиқариб берса бўладиган саҳналар йўқ эмас эди.

Юқорида ҳам айтдик, Абдулла Орипов ўз кўнгли авра-астарини ағдара олишга қодир жўмард шахсият эди. Унинг умр шомида ёзилган «Монологи»да шундай сатрлар бор:

Мен ёпиқ қўрғонда яшадим қўрқиб,
Нажот деворига тирмашдим узоқ.
Сен нега дунёга қарайсан ҳуркиб,
Нега сен бўлишинг керакдир қўрқоқ?

абдулла орипов, иқбол қўшшаева, тақриз, ўзбек киноси, ўзбеккино

Муҳит яратган қўрқув бора-бора шоир кўнглини маҳв этди, энди ўзи қўрқувлар ижодкорига айланади… Фильмда акс этган ҳаётий лавҳалардан бири: Халқ шоири энг керакли пайтда халқи ёнида туриб бера олмайди. Наврўзнинг Навбаҳорга айланиш воқеасида заҳматкаш халқнинг хўрланиши, момоларнинг — қадриятларнинг ўтар-кетар зўравонга иззиллаб зорланиши, чирқираши; қайнаб турган сумалакли дошқозоннинг тупроқ билан тўлдирилиши … лекин бу жаҳолатда на шоирнинг сўзи, на ўзи қарши чиқа олади. Иллат қаршисида тилини тишлаш фазилат учун одат тусига кира бошлаганди. Чунки яқинда ҳукумат унинг кўксига Халқ шоири унвонини тақиб қўйган. Бастакор Муинзоданинг мусиқаси фонида халқ мусибати янада фожеий, қайғули тус олади… Бу кадрни фильмдаги энг самимий, ҳаққоний тавсир деб айта оламиз.

Актриса Лола Элтоева талқинидаги Клара Хаджаевна иккинчи муқобил ҳақиқатга йўл қолдирмайдиган совет пропагандасининг манқуртлашган яловбардори. Уларга ўз сўзига эга шоир керак эмас, лаббайгўй ижрочи маддоҳ керак!

абдулла орипов, иқбол қўшшаева, тақриз, ўзбек киноси, ўзбеккино

Санъатшунос Шоҳрух Абдурасулов «Тафаккур» журналида чоп этилган мақоласида бир фикрни айтади: «Постколониал тафаккурдан халос бўлиш, яъни мустабид замон қолипларини синдириб, эркин фикр-қарашларни илгари суриш адабиёту санъатни ҳар жиҳатдан юксалтиради». Бироқ «Абдулла Орипов» бадиий фильми ҳали ҳам ўзбек киноси постколониал тафаккурдан озод бўлгиси келмаётганини, бундай истакнинг ўзи умуман йўқлигини яна бир бор кўрсатди. Илгари ўзбек совет тарихий биографик фильмлари фақат жонажон партия манфаатларини кўзлаб, совет мафкурачилари юрагини забт этишни мақсад қилган бўлса, бугун бу мезон сал ўзгарди. Эндиликда киноижодокорнинг мўлтираб турган кўзи мавҳум жозибадор ғояга эмас, фақат аниқ шахсга, олий мартабага қаратилди…

Юқорида «Оппенҳаймер» фильмининг ғояси ҳақида ёздим. «Абдулла Орипов» бадиий фильмида эса сен истеъдодингни ўзинг яшаган даврга, ҳукуматга қанчалик қурбон этсанг, сени бу қурбонлигингни ҳеч қайси ҳукумат унутмайди, қадрлайди, деган даъват сизиб чиқади. Буни бизга фильм финалидаги фикр айтиб турибди.

Фильм борасидаги ўйларимни киношунос олима Шоҳида Эшонбобоеванинг фикрлари билан якунламоқчиман:

«Ўзбек киносида тарихни тўлақонли ҳаққоний ёритган бирорта асар йўқ. Ва, бунга бирорта режиссёр ёки сценарийнавис айбдор ҳам эмас. Буни ёдда тутишимиз керак. „Шоҳ ва шоир“, „дин ва маърифат“ бир-бирига қарши қўйилган қолип — „социалистик реализм“ қуйган қолиплардан эди. Ўз даврида бундай қолипларга не-не тарихчи, адабиётшунослар қарши чиқмаган. Лекин бу қолип мустаҳкам экан, етмиш йил яшадигина эмас, ҳозиргача унинг таъсиридан чиқиш қийин бўлмоқда. Буни „Абдулла Орипов“ бадиий фильми мисолида кўришимиз мумкин».