20 март куни Тошкент шаҳри ИИББ ЙҲХБ Сергели тумани Файзли кўчаси бўйлаб 170−180 км/соат тезликда ҳаракатланиб, бу ҳолат акс этган видеони интернетга жойлаштирган икки ҳайдовчи маъмурий жавобгарликка тортилганини маълум қилди.

Tahoe (01X080KB) ҳайдовчиси — 1998 йилда туғилган Ахрор ва BYD Song Plus (01U081DC) ҳайдовчиси — 1989 йилда туғилган Сирожиддин ўзи ва ўзгаларнинг ҳаётини хавф остига қўйган, — дейилади хабарда.

Уларга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 128-³-моддасига асосан маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисида баённомалар расмийлаштирилди. Ушбу моддага мувофиқ, белгиланган тезликни (60 км/соат) 40 км/соат дан ортиқ ошириб ҳайдаш базавий ҳисоблаш миқдорининг 9 баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади. Бу 3,06 миллион сўм ёки 245 доллардан камроққа тенг.

Шунингдек, ҳайдовчилар билан «профилактик суҳбат» ўтказилди, деб хабар қилди ЙҲХБ.