Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев пайшанба куни Тошкентдаги Humo Arena саройида Наврўз байрамига бағишланган тантанали тадбирда нутқ сўзлади. Тадбир «Янги Ўзбекистон» истироҳат боғида бўлиб ўтиши керак эди, бироқ об-ҳаво шароити туфайли ўтказиладиган жой ўзгартирилди.

«Бугун оби раҳмат ёмғирлари билан осмондан ризқу рўз, қут-барака ёғмоқда. Ҳаммамиз бу ҳолатни шукроналик билан қабул қиламиз», — деди давлат раҳбари.

«Бугун фасллар алмашиб, еру кўкда илоҳий мўъжизалар юз бермоқда. Янги кун, янги мавсум, янги ҳаёт нафаси бошланмоқда. Табиат уйғониши билан зимистон кечалардан зериккан кўнгиллар яшариб-яйрамоқда», — деди президент.

«Юртимиз қиёфаси кундан-кунга обод ва гўзал бўлиб бормоқда», — деган Шавкат Мирзиёев «замонавий корхоналар, шинам уй-жойлар, ижтимоий ва маданий объектлар, йўл ва кўприклар, боғ ва хиёбонлар» барпо этилаётганини санаб ўтди.

шавкат мирзиёев, наврўз

«Инсон қадрини улуғлаш, унинг ҳаётий манфаатлари ва ижтимоий ҳимоясини таъминлаш, эҳтиёжманд аҳоли қатламларини қўллаб-қувватлаш, миллати, тили ва динидан қатъи назар, ҳар бир юртдошимизга меҳр ва эътибор кўрсатиш фаолиятимиз мезонига айланмоқда», — дея таъкидлади президент.

Шавкат Мирзиёев Наврўзи олам бутун борлиқни, авваламбор, ер ва сув, ҳайвонот ва ўсимлик дунёсини, соф ҳавони асраб-авайлаб, она табиатга меҳрибон фарзанд бўлиб яшашга даъват этаётганини, Ўзбекистонда ҳам «шундай эзгу чорловга жавобан Наврўз айёмини муносиб кутиб олиш борасида улкан ишлар амалга оширилаётганини» таъкидлади.

Наврўз айёмини «инсон умрининг баҳори» билан қиёслаб, мамлакат ёшлари — «Янги Ўзбекистон фарзандлари»нинг турли соҳаларда, хусусан, спортда эришаётган муваффақиятларини таъкидлади.

шавкат мирзиёев, наврўз

Президент яқинда Прага халқаро турнирида муддатидан аввал ғолибликни қўлга киритиб, дунёнинг энг кучли тўрт нафар шахматчиси қаторидан жой олган гроссмейстер Нодирбек Абдусатторовга (расмда) алоҳида мурожаат қилди. Қизларнинг спорт соҳасида эришаётган ютуқларини ҳам алоҳида таъкидлади.

Чунки доимо изланиш, ташаббус ва янгиликка, ўзлигини намоён этишга интилиш ёшлик ва тадбиркорликка хос фазилатлар ҳисобланади, — деди президент. У бизнесни «нафақат иқтисодиётда, балки ижтимоий ҳаётда ҳам ҳал қилувчи куч» деб атар экан, мамлакатда «ишбилармонлик муҳитини ривожлантириш учун янада кенг имкониятлар» яратилишига ишонтирди.

«Янги Ўзбекистонни тадбиркорлик ва бизнес учун энг қулай ва жозибадор мамлакатлардан бирига айлантириш йўлида янги амалий қадам қўямиз», — деди давлат раҳбари.

Шавкат Мирзиёев асосий мақсадни «томорқа ерларидан унумли фойдаланиш, томорқа эгаларини зарур восита ва ресурслар билан таъминлаш, улар етиштирган маҳсулотга бозор топиб бериш учун кўмаклашиш, ҳар қайси оила ва маҳаллада кичик-кичик ишлаб чиқаришларни йўлга қўйиш, сервис ва хизмат турларини кўпайтириш», деб атади.

«Мамлакатимиз бўйича 5,5 миллионта хонадонда 510 минг гектар — эътибор беринг — 510 минг гектар томорқа ерлари бор. Бу ҳали тўла ишга солинмаган улкан имконият, катта бойликдир», — деди президент.

«Ўзбекистон шароитида ана шундай имкониятлардан фойдаланиб, астойдил меҳнат қилган одам ҳеч қачон кам бўлмайди», — дея қўшимча қилди у.

«Сўнгги икки йилда Ўзбекистонда камбағаллик даражасини 17 фоиздан 11 фоизга туширишга эришдик», — деди президент. У томорқа ерлари ва уй хўжаликлари имкониятларидан фойдаланган ҳолда бу кўрсаткични бир хонали рақамгача камайтириш мумкинлигини таъкидлади.

шавкат мирзиёев, наврўз

«Тадбиркорлик, жумладан, томорқадаги меҳнат, одамни, айниқса, ёшларни жисмоний ва маънавий тарбиялайди, уларни ўз кучи ва имкониятига ишониб яшашга ўргатади. Таъкидлаб айтмоқчиман: давлатимиз бундай фаол инсонларни доимо қўллаб-қувватлайди», — деди Шавкат Мирзиёев.

Бунда «фуқаролик жамиятининг ноёб намунаси бўлган маҳалла етакчи ўрин тутади». «Шу боис маҳаллани қўллаб-қувватлаш, уни янада ривожлантириш доимо эътиборимиз марказида бўлади. Чунки, маҳалла — бу меҳр ва аҳиллик қўрғонидир. Маҳалла — оқкўнгил, бунёдкор халқимиз қалбининг кўзгусидир», — деди президент.

«Дунёдаги вазият тобора мураккаб ва таҳликали тус олаётган ҳозирги кунда Наврўз Ер юзида турли халқлар ва миллатлар ўртасида тинчлик ва ҳамкорликни мустаҳкамлашдек эзгу мақсадга хизмат қилмоқда», — деди давлат раҳбари.