Тошкент Фотосуратлар уйида 18 март куни Ўзбекистон Бадиий академияси, «Ўзархив» агентлиги, Кинофотофоно ҳужжатлари миллий архиви ҳамда Ўзбекистон миллий ахборот агентлиги (ЎзА) ҳамкорлигида Наврўзга бағишланган фотокўргазма очилди.

Фото: Мадина Аъзам / «Газета.uz»Фото: Мадина Аъзам / «Газета.uz»

Кўргазма очилишида сўзга чиққан «Ўзархив» агентлиги директори Улуғбек Юсуповнинг таъкидлашича, ушбу тадбирдан кўзланган мақсад — Наврўз тантаналари йиллар давомида қандай ўзгарганганини кўрсатишдир. Бундай кўргазмаларни келгуси йилларда ҳам ташкиллаштириш режалаштирилган.

Агентлик раҳбари тарихий лавҳалар келажак авлодларга ана шундай суратлар орқали етиб боришини таъкидлаб, фотосуратчиларни давлат архивларида ўз шахсий фондларини очишга чақирди.

«Тарихни ўрганган, архив ҳужжатларини тадқиқ қилганимиз сари янги фотоҳужжатларни топамиз. Биз изланишда давом этамиз. Бундан кейин ҳам фотосуратларнинг кўламини кенгайтириб, бир эмас, бир нечта залда эътиборингизга ҳавола этамиз», — дея таъкидлади Улуғбек Юсупов.

Кўргазма 28 мартгача давом этади.

«Олам нурга тўлсин сен билан, Наврўз» шиори остида ташкил этилган кўргазмада Наврўз байрамига оид Кинофотофоно ҳужжатлари миллий архивида сақланаётган 1978−2004 йилларга оид, шунингдек, ЎзА тақдим этган янги давр лавҳалари — 120 дан ортиқ фотосурат намойишга қўйилган. Қуйида «Олам нурга тўлсин сен билан, Наврўз» кўргазмасида намойишга қўйилган фақат 1990 йилдан кейинги даврни акс эттирувчи суратларнинг бир қисми муштарийлар эътиборига ҳавола этилади.

1990 йил

1991 йил

1993 йил

1994 йил

1995−1997 йиллар

1999−2004 йиллар

«Газета.uz» икки йил олдин Наврўз байрамининг 1970−1990 йилларда нишонланишига оид Кинофотофоно ҳужжатлари миллий архивидаги фотосуратларни тақдим этганди.