12 март куни соат тунги 1 да Тошкент вилояти Бўка туманида аёл қарамоғига топшириб кетилган жияни — акасининг қизини ўласи қилиб калтаклади. Бош прокуратура матбуот котибининг «Газета.uz»га маълум қилишича, 7 ёшли қиз туман марказий тиббий бирлашмасининг жонлантириш бўлимида вафот этди.

Ёзда етти ёшга тўладиган қиз декабрь ойида ота-онаси томонидан 35 ёшли аммаси Н.И. қарамоғида қолдирилган. Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги уларнинг Россияда экани ҳақида хабар берди.

Маълум бўлишича, амма қизни дарс тайёрламагани ва ёлғон гапирганини важ қилиб, уни жазолаган.

Аёл қизни ўта шафқатсизлик билан танасининг турли жойларидан қўллари билан чимчилаб, танасининг бошқа жойларига қўллари ва ёғоч бўлаги билан уриб, тан жароҳати етказган, дейилади хабарда.

Ўша куни кундузи Бўка тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлинмаси Жиноят кодексининг 104-моддаси (Қасддан баданга оғир шикаст етказиш) билан жиноят иши қўзғатди. 13 март куни аёлга қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланди.

Орадан уч кун ўтиб, туман марказий тиббий бирлашмасида вояга етмаган қиз кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамасдан, вафот этди.

Жиноят иши юзасидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.