Ўзбекистон БМТнинг Гэллап институти ва Оксфорд фаровонлик тадқиқот маркази билан биргаликда ҳар йили тузиладиган World Happiness Report — энг бахтли мамлакатлар рейтингида 47-ўринни эгаллади.

Ҳисобот бутун дунё бўйлаб Халқаро бахт куни нишонланадиган 20 март кунида эълон қилинди. Янги ҳисобот турли ёшдаги одамлар ўзларини қандай бахтли ҳис қилишига қаратилган. Мамлакатлар 2021−2023 йиллардаги ўртача баллар бўйича тартибланган. Баллар маълум бир мамлакат фуқаролари ўз ҳаётларини «Кантрил зинапояси» (ўзини ўзи баҳолаш бўйича 10 баллик шкала) бўйича қандай баҳолаганига қараб белгиланади. Тадқиқот жами 143 мамлакатда ўтказилди.

Ўзбекистондаги бахтиёрлик даражаси уч йил давомида 6,196 балл билан баҳоланган — бу МДҲ давлатларидаги энг юқори кўрсаткичдир. 2020−2022 йилларга мўлжалланган рейтингга нисбатан мамлакат ўз ўрнини 7 поғонага яхшилаган.

Ўзбекистонда ўзларини энг бахтли ҳис қилаётганлар кексалардир, ёши ўртачадан паст — 30−44 ёшдагилар эса ўзларини энг бахтсиз ҳис қилмоқда. Аксарият мамлакатларда тескари тенденция кузатилган — ёшлар кексаларга қараганда бахтлироқ.

МДҲ давлатлари орасидан Қозоғистон ҳам кучли 50 таликка кирди — 49-ўринда. Молдова ва Россия мос равишда 71 ва 72 ўринларни эгаллади. Қирғизистон 75, Тожикистон 88-ўринда.

Финляндия яна дунёнинг энг бахтли давлати деб тан олинди, барча бешта Шимолий Европа давлатлари кучли ўнталикка кирди.

Бахт даражаси Шарқий Европа мамлакатларида, хусусан, Чехия, Литва ва Словенияда ҳам ошди, АҚШ ва Германия эса кучли 20 таликдан тушиб кетиб, мос равишда 23 ва 24-ўринларга жойлашди.

Рейтингни Афғонистон якунлади. Энг сўнгги ўринларда, шунингдек, Ливан, Лесото, Сьерра-Леоне ва Конго ҳам бор.

Ҳисоботдан маълум бўлишича, бахт даражаси энг кўп Марказий ва Шарқий Европа мамлакатларида — барча ёш гуруҳлари бўйлаб — ўсиб бормоқда. Шарқий Осиёда кексалар бахтлилашмоқда. Жанубий Осиё, Яқин Шарқ ва Шимолий Африкада бахтлилик ҳиси барча ёшдаги одамларда тушиб кетди, айниқса, Шимолий Америкадаги ёшларда кўрсаткич кескин пасайган.

Собиқ СССР

Мамлакат

Рейтингда ўрни

Арманистон

82

Озарбайжон

101

Грузия

91

Қозоғистон

49

Қирғизистон

75

Молдова

71

Россия

72

Тожикистон

88

Ўзбекистон

47

Украина

105

*Ҳисоботда Беларусь ва Туркманистон бўйича маъумотлар кўрсатилмаган.