Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилнинг Қорақалпоғистондаги минтақавий вакили 27-сонли манзил колонияга мониторинг ташрифини амалга оширди. Унда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ва Қорақалпоғистон ССВ вакиллари ҳам иштирок этди, деб хабар бермоқда омбудсман матбуот хизмати.

Хабарда айтилишича, мониторинг давомида маҳкумларнинг яшаш шароитлари, жумладан, ётоқ жойлари, ювиниш хоналари, тиббиёт бўлими, ошхона ва озиқ-овқат маҳсулотлари сақланаётган жойлар, меҳнат шароитлари ҳамда узоқ муддатли учрашув хоналари кўздан кечирилган. Аниқланган камчиликлар бўйича тавсиялар берилган.

Бундан ташқари, минтақавий вакил маҳкумлар билан якка тартибда суҳбатлашиб, муассасадаги шароитлар бўйича фикрларини ўрганган ва мурожаатларини эшитган.

Колониядаги барча маҳкумлар 10 нафар тор доирадаги шифокорлар гуруҳи томонидан ультратовуш текшируви (УТТ), ЭКГ ва рентген ускуналари ёрдамида тиббий кўрикдан ўтказилган. Натижада уларнинг 47 нафарига «Остеомиелит», «Остеохондроз» ташҳислари қўйилиб, стационар даво муолажалари буюрилган.

«15 нафар маҳкум шифокорлар тавсиясига кўра дори-дармон воситалари билан таъминланди. Бундан ташқари, ҳудуддаги поликлиниканинг кардиология бўлимида 20 нафар шахсга амбулатор ва стационар даво муолажалари ўтказилиши белгиланди. Шунингдек, 4 нафар маҳкумга шифокор тавсияси билан кўзойнаклар берилди», — дейилади хабарда.