21−24 март кунлари Ягона интерактив давлат хизматлари портали (ЯИДХП, my.gov.uz) хизматлари фаолият кўрсатмайди. Портал матбуот хизматига кўра, бу сервер қурилмаларини Рақамли ҳукумат марказининг маълумотларни қайта ишлаш марказига кўчириш ишлари билан боғлиқ.

«My.gov.uz портали ва унинг хизматларини кўрсатишга ихтисослашган барча модуллар, хусусан, Давлат хизматлари марказлари томонидан хизмат кўрсатишда фойдаланиладиган dxa.gov.uz ахборот тизими фаолияти чекланади», — дейилади хабарда.

Сайт ишлашда давом этади, аммо бу кунларда аризаларни қайта ишлаш тўхтатиб турилади, бу аризалар маълумотлар базаси кўчиши пайтида йўқолиб қолишининг олдини олиш учун қилинмоқда, дея аниқлик киритди Рақамли ҳукумат лойиҳаларини бошқариш маркази «Газета.uz»га.

Яқинда Олий Мажлис Қонунчилик палатасида сўзга чиққан рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов порталнинг янги версияси ишлаб чиқилгани, бу фойдаланувчиларга қўшимча қулайлик яратиши ҳақида гапирганди.

Аввалроқ Адлия вазирлиги режалаштирилган иш муносабати билан 21 март соат 21:00 дан 23 март соат 09:00 гача давлат хизматлари тизимига қўшимча равишда, «Нотариус», «Лицензия» ва тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш тизимлари ҳам ишламаслигини маълум қилганди.