Шавкат Мирзиёев 19 март куни Тошкент шаҳри Яккасарой туманидаги «Дилбулоқ» маҳалласида бўлди, деб хабар берди давлат раҳбари матбуот хизмати.

Жорий йилда «Дилбулоқ» маҳалласида давлат-хусусий шериклик асосида маҳалла идораси қурилиб, кўп қаватли уйларнинг кириш йўлаклари, ички кўчалар, ертўлалар таъмирдан чиқарилган. Анҳор бўйи тозаланиб, сайилгоҳга айлантирилган. Маҳалла ҳудудида ишкомлар ўрнатилиб, пиёдалар учун йўлаклар ётқизилган, дейилади хабарда. Ўтган йилнинг кузида республика миқёсида амалга оширилган «Яшил макон» лойиҳаси доирасида қарийб 4 минг туп дарахт ва бута кўчати экилган.

«Дилбулоқ» маҳалласида 6 минг 700 нафардан ортиқ аҳоли яшайди. Маҳалла хизмат кўрсатиш ва ишлаб чиқаришга ихтисослашган. Уч юзга яқин савдо, саноат ва хизмат кўрсатиш шохобчаларида маҳаллий ёшлар ва аёллар ишламоқда. Мактабгача таълим ташкилоти, оилавий поликлиника, ихтисослаштирилган спорт мактаби, педагогика институти филиали фаолият юритмоқда.

«Хавфсиз маҳалла» тамойили асосида ҳудудга 360 та видеокузатув мосламалари ўрнатилган, улар маҳалла профилактика инспектори хизмат хонасига уланган.

Ўтган йили 112 киши ишга жойлаштирилиб, 181 нафари ўзини-ўзи банд қилган. Аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш учун 23 та лойиҳага кредит ва ўнга яқин фуқарога субсидия ажратилган. Хусусан, бу ерда тикувчилик цехи, гўзаллик салони, полиграфия ва компьютер хизматлари, кутубхона, озиқ-овқат ва қандолат дўконлари ташкил этилган.

Давлат раҳбари маҳаллани кўздан кечирди, маҳалла аҳли билан суҳбатлашди.

«Аввало, сизларни улуғ айём кунлари билан, келаётган Наврўз билан табриклайман. Маҳаллангиздаги ободликни, иш жойларини, байрам нафасини кўриб, хурсанд бўлдим. Нима учун ҳудудларда кўп юраман? Чунки мен одамларга ишонаман. Ҳамма маҳаллаларни шундай ўзгартиришга ҳаракат қилишимиз керак. Мамлакатимизда 9 минг 450 та, Тошкентда 585 та маҳалла бор. Ҳозир уларга иқтисодий комплекс ташкилотларини бириктирадиган тизим қиляпмиз. Мақсадимиз — ҳар бир хонадонга, ҳар бир инсонга етиб бориш», — деди президент.

«Маҳалла еттилиги» ва мутасаддилар иштирокида ўтказилган мулоқотда манзилли чора-тадбирлар муҳокама қилинди.

«Хабарингиз бор, иқтисодий комплекс ташкилотларини маҳаллаларга бириктиряпмиз. Бунда банкларнинг ҳам ўрни бор. Улар орқали туманлардаги корхоналарга қўшимча шароит яратиб, енгил кредитлар бериб, яна иш ўринлари очишини қўллаб-қувватлаш керак. Энди маҳаллалар ҳам замонга муносиб, ҳаракатчан бўлиши лозим. Умуман, ишлайман деган одамга шароит яратиб беришимиз шарт», — деди давлат раҳбари.

Мутасаддилар иқтисодий комплекс фаолиятини маҳаллаларда ташкил этиш, шаҳар шароитида одамларни иш билан таъминлаш вазифалари тўғрисида ахборот берди.