АҚШнинг Пенсильвания штати Монтгомери округида асли ўзбекистонлик фуқаро собиқ хотинини, сўнгра эса ўзини отиб ўлдирди, деб хабар бермоқда АҚШ ОАВ. Воқеа 16 март куни содир бўлган.

Полиция ходимлари уйнинг ётоқхонасидан 43 ёшли Дурдона Султанова ва 44 ёшли Эл Аллабергнинг жасадларини топган (Al Allaberg, «Газета.uz» маълумотларига кўра, Аллабергенов). Экспертиза аёлнинг кўкрак қисмига бир неча марта ўқ узилганини аниқлаган. Унинг ўлими қотиллик деб топилди. Аллабергнинг бошида эса ўқ жароҳати борлиги маълум бўлган. Унинг ўлими ўз жонига қасд қилиш деб баҳоланди.

Маълум қилинишича, полицияни уйдаги икки нафар ёш болалар чақирган.

Стратегик ислоҳотлар агентлиги лойиҳа офиси раҳбари Азиза Умарованинг айтишича, Дурдона Султанова ва унинг собиқ турмуш ўртоғи Тошкентдаги Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети битирувчилари бўлган. Унинг сўзларига кўра, Султанова магистратурани Японияда тамомлаган, кейинроқ АҚШга кўчиб кетган.

Марҳумнинг дўстларидан бирининг айтишича, собиқ эр-хотиннинг ортида 10 ва 12 ёшли икки фарзанди қолган.

Султанованинг дўстлари GoFundMe платформасида дафн маросими учун маблағ тўпланишини маълум қилди.