Шавкат Мирзиёев Марказий сайлов комиссияси раиси Зайниддин Низомхўжаевга 70 йиллик юбилейи муносабати билан «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси» фахрий унвонини бериш тўғрисидаги фармонни имзолади.

Сешанба куни давлат раҳбари Зайниддин Низомхўжаевга ушбу кўкрак нишонини топширди. Унга бу нишон «давлат ҳокимияти вакиллик органлари ҳамда мамлакат соғлиқни сақлаш тизимидаги кўп йиллик самарали меҳнати, миллий сайлов тизимини умумэътироф этилган халқаро стандартлар асосида такомиллаштириш, демократик ислоҳотларни муваффақиятли амалга ошириш, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларини рўёбга чиқариш борасидаги катта хизматлари, юксак салоҳиятли кадрларни тайёрлаш, ёш авлодни она ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялашга қўшган муносиб ҳиссаси» учун берилди.

Зайниддин Низомхўжаев (1954 йилда туғилган) — тиббиёт фанлари доктори, профессор. У МСКни 2021 йилнинг февралидан буён бошқариб келмоқда. Бунгача у 2020 йилнинг январидан Олий Мажлис Сенати раисининг ўринбосари лавозимида ишлаб келаётганди. У 2014 йилда «Ўзбекистон Қаҳрамони» унвони билан тақдирланган.