АҚШ Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш агентлиги (ЕРА) таъсири онкологик касалликлар ривожланишига олиб келадиган асбест минералидан фойдаланишни тўлиқ тақиқлашини эълон қилди, деб хабар беради CNN.

Тақиқ хризотил-асбестга — минералнинг АҚШда ишлатиладиган ёки импорт қилинадиган ягона турига нисбатан қўлланади. Бу дунёдаги энг кенг тарқалган асбест тури ҳисобланади. Бугунги кунда у яна 50 та давлатда тақиқланган.

Расмийлар саноат тармоқлари учун асбестни босқичма-босқич бекор қилишнинг олти ойдан беш йилгача бўлган турли муддатларини белгилаб қўйди. Мисол учун, автомобиль саноати учун тақиқ олти ой ичида кучга киради.

ЕРА маълумотларига кўра, ҳар йили 40 мингга яқин америкалик асбест билан боғлиқ касалликлардан вафот этади. «Илмий далиллар аниқ — асбест бу аҳоли саломатлигига жиддий таъсир кўрсатадиган канцероген. Президент Жо Байден кўплаб авлодларга таъсир қилган бу муаммо сон-саноқсиз одамларнинг ҳаётини зарарлаганини тушунади. Шунинг учун ЕРА асбестдан доимий фойдаланишга узоқ вақтдан бери зарур бўлган тақиқни ниҳоят маъқуллаганидан ғурурланади», — деди агентлик комиссари Майкл Реган.

  • Асбест — табиий равишда учрайдиган нозик толали минерал. У мослашувчан, коррозия ва иссиқликка чидамли. Шу сабабларга кўра ва арзонлиги туфайли асбест сигарет фильтрларида, фенларда ва биноларни изоляциялашда ишлатилади. Олимлар унинг канцерогенлигини исботлагандан сўнг, кўплаб мамлакатлар ушбу минералдан воз кечди. Асбест таъсирида ўпка, ҳалқум ва тухумдонлар саратони, шунингдек, мезотелиома (плевра саратони ва перитонеал саратон) келиб чиқади.
  • 2018 йилда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) барча мамлакатларни асбестнинг ҳамма турларини қазиб олиш, фойдаланиш, ишлаб чиқариш ва сотишни тўлиқ тақиқлашга чақирган. ЖССТ ҳисоб-китобларига кўра, асбест билан боғлиқ йиллик глобал соғлиқни сақлаш харажатлари 2,4−3,9 миллиард долларни ташкил қилади.
  • Асбестнинг асосий жаҳон ҳажми тўртта давлат — Бразилия, Хитой, Қозоғистон ва Россия томонидан ишлаб чиқарилади. 2013 йилда Ўзбекистон асбест истеъмолининг асосий қисмини ташкил этган етакчи ўнта давлат қаторидан жой олганди.