Швейцариянинг IQAir технологик компанияси 2023 йилги ҳаво сифати бўйича Бутунжаҳон ҳисоботини эълон қилди. Унда 134 мамлакат ва ҳудуддаги 7812 та шаҳарда ҳавонинг PM2,5 майда заррачалари билан ифлосланганлик даражаси баҳоланади. Бунинг учун мутахассислар 30 мингдан ортиқ кузатув станциялари маълумотларини таҳлил қилади.

Ўзбекистон ҳавоси сифати фақат Тошкент шаҳри орқали ўрганилган. IQAir маълумотларига кўра, пойтахтда PM2,5`нинг ўртача йиллик концентрацияси 28,6 мкг/м3 ни ташкил этган — бу Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) тавсияларидан 5−7 баравар юқори.

Ҳавоси энг ифлос бўлган дунё пойтахтлари рейтингида Тошкент 22-ўринда. Ифлосланиш даражаси бўйича шаҳар «қизил» тоифага киритилган, бу зарарли ҳавони билдиради.

Энг ифлосланган пойтахтлар бешлигига Нью-Деҳли (Ҳиндистон) — 92 мкг/м3, Дакка (Бангладеш) — 80,2 мкг/м3, Уагадугу (Буркина-Фасо) — 46,6 мкг/м3, Душанбе (Тожикистон) — 46 мкг/м3 ва Бағдод (Ироқ) — 45,8 мкг/м3 киради

2023 йилда ҳаво фақат етти мамлакат — Пуэрто-Рико, Янги Зеландия, Австралия, Исландия, Бермуд ороллари, Эстония ва Финляндия пойтахтларида ЖССТ стандартларига (5 мкг/м3) жавоб берган.

РМ2,5 концентрацияси — диаметри 2,5 микронгача бўлган нозик аэрозол зарралари миқдори. Бу ҳаво сифатини таснифлашда ишлатиладиган асосий ифлослантирувчи моддалардан биридир. Бу заррачалар жуда кичик ўлчамлари туфайли ўпкага чуқур кириб, қон оқимига жойлашади, юрак хасталиги ва бошқа асоратларни келтириб чиқариши мумкин.

РМ2,5 зарралари кўпинча қазилма ёқилғиларнинг ёниши натижасида ҳосил бўлади ва автомобилдаги чиқинди газлари, саноат ва электр станциялари чиқиндилари ва шамол учириб келган чанг каби табиий манбаларда мавжуд бўлади.