Тунги Тошкент ёрқин экранлар, ранг-баранг реклама лавҳалари, кўча чироқлари ва гирляндалар билан кўзни қамаштиради. Шаҳарни ёритиш устидан назоратнинг йўқлиги, унинг бир маромда эмаслиги ва меъёридан ортиқлиги, айниқса, катта чорраҳаларда «ёруғлик хаоси»ни келтириб чиқармоқда.

Ёрқинроқ дегани — яхшироқ дегани эмас, дейди Санкт-Петербургдаги Zen.Light ёруғлик дизайни бьюроси раҳбари Олег Сметанко. Ҳар бир меъморий обида ёки ёдгорлик, хиёбон ёки майдон учун ўзига хос ёритиш сценарийси мавжуд. Бунда объект ёки маконнинг кайфияти, унинг вазифаси ва бадиий тузилиши ҳисобга олинади.

Тошкентни ёруғлик ифлосланишидан ягона ёритиш концепцияси халос қилиши мумкин. Олег Сметанко «Газета.uz» билан суҳбатда ягона ёритиш концепцияси нима экани, ёруғлик шаҳар ҳаётига қандай таъсир қилиши ва Тошкент учун ёритиш концепцияси қандай бўлиши мумкинлиги ҳақида сўз юритди.

Фото: Мадина Аъзам / «Газета.uz»Фото: Мадина Аъзам / «Газета.uz»

Ёруғлик муҳити нима ва нима учун шаҳарда ёруғликка эътибор қаратиш зарур?

Ёруғлик муҳити — тунги вақтларда шаҳардаги ҳаёт тарзимиз ва унда ўзимизни қандай ҳис қилишимиздир. Ёруғлик бизнинг ҳиссий ва жисмоний ҳолатимизга таъсир кўрсатади, диққатимизни бошқаради ва ҳаёт маромини белгилаб беради. Муҳит кўплаб унсурлардан ташкил топади: урбанистик ва шаҳарсозлик қиёфаси, иқтисодий ва ижтимоий жиҳатлар, минтақанинг ўзига хосликлари, об-ҳаво шароити, маданият ва анъаналар шулар жумласидан.

Ёритиш пойтахтнинг мақомини акс эттиради. Қуёш ботиши билан у мавжуд диққатга сазовор жойлардан кун давомида пайқамаслигимиз мумкин бўлган янгиларини яратади. Пухта ўйланган ёритиш тизими фуқароларни кўчага чиқиш ва пиёда сайр қилишга ундайди — Тошкентдаги масофалар ва об-ҳаво шароити бунга имкон беради. Шаҳарнинг тунги вақтлардаги жозибадорлиги сайёҳлар оқимини оширади. Бундан ташқари, бир маромда ёритиш одамларга кўчада ўзини янада қулайроқ ва хавфсизроқ ҳис қилиш имконини беради.

Марказий кўргазмалар зали учун ёритиш вариантлари.Марказий кўргазмалар зали учун ёритиш вариантлари.

Тошкентда тунги вақтларнинг маълум бир соатида давлат идораларининг биноларига ўрнатилган барча безак чироқлари ўчирилишини пайқадим. «Қўпол» ёқиш ва ўчиришдан қочиш учун нима қилиш керак? Кечки пайт ва тунги вақтлар учун; иш кунлари, дам олиш кунлари ва байрам кунлари учун ёритиш сценарийларини кўриб чиқиш мумкин. Бу ёруғликни тўлиқ ўчириш эмас, балки куннинг вақтига қараб созлаш имконини беради.

Меъморий обидаларни ёритиш ҳақида гап кетса, бинода айрим деталларни ёритилган ҳолда қолдиришингиз ёки фасаднинг ёрқинлик даражасини ўзгартиришингиз мумкин. Бу чироқларни тўлиқ ўчирмаган ҳолда электр энергиясини тежаш имконини беради. Ҳозирги вазият шундайки, соат 21:00 га қадар пиёда сайр қилиб, қандайдир меъморчилик намуналаридан баҳра олиш мумкин, бироқ шу вақтдан кейин имконсиз ва бу уйга қайтиш вақти келганини англатади, чунки атроф қоронғи ва хавфли. Ростдан ҳам — яқин-атрофдаги хиёбонга автомобилдагина хавфсиз етиб олиш мумкин бўлса, одам сайрга чиққиси келадими? Қоронғи кўчаларда сайр қилиш ким ҳам хоҳларди?!

Кўкалдош мадрасасини ёритиш варианти.Кўкалдош мадрасасини ёритиш варианти.

Шаҳарни ёритиш нимадан бошланади?

Шаҳарни ёритишнинг бир неча усули мавжуд. Биринчиси — ёритишни ҳар бир объект учун алоҳида лойиҳалаш: масалан, бино ёки паркнинг фасади. Бу усул тартибга солинмаган, хаотик лойиҳалашни ифодалайди. Натижада шу тарзда ёритилган барча объектлар қоронғи вақтда бир-бири билан услубий ёки бадиий жиҳатдан ҳамоҳанглик ҳосил қилмайди. Масалан, кўримсизгина янги қурилган бино, ўз ёритиш тизимини янада ёрқинроқ ва динамикроқ қилиш ваколатига эга бўлган тақдирда, асосий диққатга сазовор жойларни тўсиб қўйиши ва манзилнинг қиёфасини тубдан ўзгартириб юбориши мумкин.

Иккинчиси — кенг қамровли ёндашув. Бу биринчисига нисбатан самаралироқ, чунки бу ёндашувга кўра, дастлаб — шаҳарнинг марказий қисми ёки алоҳида ҳудуд учун — кенг қамровли концепция ишлаб чиқилади. Концепция ҳудуддаги йўллар, хиёбонлар ва биноларни ўз ичига олади.

Иш мавжуд ёритиш тизими, фуқароларнинг эҳтиёжлари ва маконнинг хусусиятларини таҳлил қилишдан бошланади. Шундан сўнг бош режа (ҳудуд ёки шаҳарни ривожлантиришнинг узоқ муддатлик лойиҳаси — таҳр.) тузилади. Кейинги босқич асосий кўчалар ва майдонлар учун ёруғлик панорамалари ва кўринишларини ишлаб чиқишдан иборат. Кейин ягона концепция форматида ҳудуд ичидаги ҳар бир объект устида алоҳида ишланади.

ёруғлик муҳити, одамлар учун шаҳар, олег сметанко, орзудаги тошкент, шаҳарни ёритиш

Концепция шаҳардаги барча ёритишни тартибга солиш учун асос вазифасини ўтайди. У, бошқа жиҳатлар билан бир қаторда, бадиий қисмни ҳам ҳисобга олиши билан фақат асосий компонентлар: ёрқинлик ва ёритилганлик даражаси, ёруғлик манбаларининг ўлчамлари ва бошқаларни стандартлаштирувчи давлат стандартлари (ГОСТ)лардан фарқ қилади. Ҳужжат ёрқинлик нисбати, ранг ҳарорати, ранг сценарийларидан фойдаланиш имконияти, режимлар ва бошқаларнинг аниқ меъёрларини белгилаб беради.

ёруғлик муҳити, одамлар учун шаҳар, олег сметанко, орзудаги тошкент, шаҳарни ёритиш

Ёруғликни созлашда маҳаллий объектлар миқёсида эмас, балки бутун шаҳар маконини ҳисобга олган ҳолда ўйлаш мақсадга мувофиқ. Ишни меъморий жиҳатдан устунликка эга, хусусан, услубий ёки баландлик нуқтаи назаридан устунликка эга бўлган элементлардан бошлаш тавсия этилади. Бизнинг вазифамиз — уларни ёруғлик ўқлари (турли объектлар орасидаги ёруғлик йўналиши) ёрдамида ўзаро боғлаш.

ёруғлик муҳити, одамлар учун шаҳар, олег сметанко, орзудаги тошкент, шаҳарни ёритиш

Биноларни тунги вақтда уларнинг гўзаллиги ва маданий қийматини сақлаб қолиш учун ёритиш керак. Биз ғор турмуш тарзини олиб бормаймиз ва кечки бўш вақтимизни уйдан ташқарида ўтказишни афзал кўрамиз. Бундан ташқари, ёритилган бинолар ва кўчалар ҳудуднинг диққатга сазовор жойлари сифатида хизмат қилиши мумкин. Ёритиш объект муаллифининг ғоясини сақлаб қолиши, бинонинг меъморий элементлари, пластикаси ва шаклига тўғри урғу бериши, ёрқинлик ва пардозлаш материалларининг ёруғлик билан ўзаро таъсирини боғлаши керак. Бинонинг вазифасини ҳисобга олиш ҳам муҳим. Масалан, бино турар жой бўлса, ёруғлик унда яшайдиган одамларга ноқулайлик туғдирмаслиги керак.

Мен Тошкентда кўплаб қизиқ ўйланган ғояларнинг гувоҳи бўлдим, лекин, афсуски, уларнинг аксарияти сифатсиз амалга оширилган. Масалан, Mirabad Avenue мажмуаси Миробод кўчаси бўйлаб гавжум жой ва ёруғликнинг ёрқин ўқини ифодалайди, бироқ чуқурроқ таҳлил қилинганда ялтироқ карнизда LED пикселлари акс этади ва бу умумий манзарани бузади. Бунга йўл қўймаслик учун лойиҳалаш босқичида лампалар намуналари билан тўла миқёсли синовлар ўтказиш ва ёритиш турли ёруғлик режимлари остида реал воқеликда қандай кўринишга эга бўлишини ўрганиш керак.

Ўзбекистон тарихи давлат музейини ёритиш варианти.Ўзбекистон тарихи давлат музейини ёритиш варианти.

Тошкент учун ёритиш концепцияси ғояси

Тошкентнинг модернистик меъморчилиги бизни «Ўзбекистон» меҳмонхонаси, Марказий кўргазмалар зали, Ўзбекистон тарихи давлат музейи, Кўкалдош мадрасаси ва Алишер Навоий номидаги кино саройи («Панорама») учун ёритиш режасини яратишга илҳомлантирди. Менга бу биноларнинг архитектураси ёқади ва ижодий амбицияларим мени улар учун ёритиш ечимларини ишлаб чиқишга ундади.

ёруғлик муҳити, одамлар учун шаҳар, олег сметанко, орзудаги тошкент, шаҳарни ёритиш

«Ўзбекистон»ни ёритиш лойиҳасини меҳмонхона маъмуриятининг ўзига таклиф қилдик, бироқ ижобий ёки салбий жавоб олмадик. Ҳозирча бошқа муассаса ва идораларга мурожаат қилганимиз йўқ.

Шунга ўхшаш меъморий ва ички ёритиш лойиҳаларини Санкт-Петербургдаги объектлар учун ишлаб чиққанмиз. Таклифларимиз аллақачон амалга оширилган.

Агар Тошкент унинг ёритиш тизимини ўзгартиришдан манфаатдор бўлса, биз шаҳар учун ёритиш концепциясини ишлаб чиқишга тайёрмиз. Бу фақатгина меъморий ёритиш билан кифояланиб қолмайди. У тротуарлар, йўллар ва уларни бир-бирига боғлашни ҳам ўз ичига олади.

Пиёдалар йўлаклари бўйлаб ўрнатилган чироқлар (масалан, шар шаклидаги лампалар) самарасиз. У нур таратади, лекин атрофни ёритмайди, йўллар қоронғилигича қолаверади. Масофадан туриб, паркда ушбу ёруғ нуқталардан бошқа яна нима борлигини кўриш даргумон. Ёритиш шунчаки ўз ҳолича мавжуд бўлиши эмас, балки макон учун ишлаши керак.

Концепция ҳозирги хаосни тартибга солади. Шаҳарни ёритиш бош режасининг лойиҳалаш қисмини ишлаб чиқиш уни босқичма-босқич амалга ошириш учун бюджет режасини шакллантириш имконини беради. Регламент Тошкент шаҳрида сифатли, қулай ва уйғун ёритишни лойиҳалаш бўйича кейинги техник шартларни ишлаб чиқиш воситаси бўлиб хизмат қилади.